Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов регулятор Тошкент кўчмас мулк бозоридаги пуфак оқибатларини юмшатиш учун ажратилаётган ипотека кредитлари миқдорига юқори чегара қўйилганини таъкидлади. Бу ҳақда Марказий банкда ўтказилган матбуот анжуманидан «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Марказий банк 2022 йил учун Молиявий барқарорлик шарҳида бир қатор омиллар натижасида Тошкент шаҳри уй-жой нархларининг бозор ва фундаментал қийматлари ўртасидаги фарқ 2022 йил IV чорагида 210 млн сўмга (кузатув даври давомидаги ўзининг энг юқори қийматига) етганини маълум қилганди. 2022 йилда уй-жойларнинг бозор va фундаментал нархлари ўртасидаги фарқ 2021 йилга нисбатан 1,6 баробарга ошган.

ипотека кредитлари, мамаризо нурмуратов, марказий банк, нарх пуфаги, уй-жой

Марказий банк раиси пуфак оқибатларини юмшатиш ҳақида гапириб, шундай деди:

«Эътибор берган бўлсангиз, биз ипотека кредитлари ажратишда, уйнинг қиймати қанча бўлишидан қатъий назар, кредитнинг максимал чегараларини белгилаб қўйганмиз. Бундай асосий мақсад ҳам, пуфаклар ёрилаётган вақтида банкларга бўладиган салбий таъсирнинг олдини олиш ҳисобланади. 1 млрд сўмлик уй бўладиган бўлса, Тошкент шаҳрида банк ажратадиган кредит 440 млн сўмдан ошмайди. Бу ўз-ўзидан бу пуфакни камайтириш имконини беради».

Шунингдек, регулятор раҳбари ҳозирги кунда вазият қандай эканига тўхталиб, бу борада ўрганишлар якунланаётганини, сентябр ойида нархларнинг шаклланиши бўйича маълумот берилишини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, уй-жой нархларининг фундаментал омилларга боғлиқ бўлмаган ҳолда доимий ортиб бориши нарх пуфаги шаклланишига сабаб бўлади. Бунда, фундаментал бўлмаган омиллар ҳисобига кўчмас мулк бозорида талабнинг кескин ортиши ва таклиф томонидан талабни қисқа муддатда қондирилмаслиги нарх пуфагини юзага келтиради.

Нарх пуфагининг кенгайиши жараёнида, аҳоли томонидан уй-жой нархларининг янада ортишининг кутилиши ҳисобига талаб ошади. Ўз навбатида, кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг доимий ортиб бориши келгусида уй-жой нархлари ортиши ҳисобига даромад олишни кўзлаган инвесторларни ҳам ўзига жалб қилади ва нархларнинг фундаментал омиллар ўзгаришига боғлиқ бўлмаган ҳолда янада юқори ўсишига сабаб бўлади.