«Zabarjad Media» нашриёти 2023 йил октябрида 1910−1920 йилларда — жадидлар даврида эски ўзбек алифбосида чоп этилган ва бир асрдан бери табдилини кутиб ётган саккиз тўпламни «Жадид куллиёти» туркумида лотин ёзувида чоп этди. Куллиётни «бошдан охир миллатга, халққа мурожаатдан, миллий огоҳлик даъватидан иборат» баёз — «Сабзазор» тўплами очиб беради. Тўплам Мунавварқори томонидан 1914 йилда нашрга тайёрланган ва чоп этилган бўлиб, унга Васлий, Сўфизода, Авлоний, Хислат, Тавалло, Ажзий, Холид Саид, Мискин, Ҳамза, Мирмулла, Аҳқарий, Афандихон, Лайлихоним каби ижодкорларнинг шеърлари киритилган.

«Газета.уз» таҳририяти «Zabarjad Media» нашриёти рухсати билан 2023 йилда чоп этилган тўпламга филология фанлари бўйича фалсафа доктори Нодира Эгамқулова ва тадқиқотчи Ҳусния Дўсалова томонидан «Сабзазор» ҳақида ёзилган сўнгсўзни қайта эълон қилади (Ўтган ҳафта куллиётнинг «Улуғ Туркистон» тўпламига киритилган Мустафо Чўқай хати эълон қилинган эди).

Маърифий руҳдаги миллий шеърлар баёзи

жадид куллиёти, жадидлар, жадидчилик, китоб, китоблар, китобхонлик

ХИХ аср охири — ХХ аср бошларида Туркистон ҳудудида жадидчилик сифатида намоён бўлган миллий уйғо­ниш ҳаракати ХХ асрнинг 20-йилларигача давом этди. Миллий адабиётимиз тарихининг шонли саҳифаларидан бири бўлган бу даврда мумтоз адабиёт ва жадид ада­биёти бир-бирига қориша бошлади. Жадидчилар ўз яратган асарларида: роман, драма, саҳна асарлари, шеърий тўпламларида мумтоз адабиётни ҳам четга сурмаган ҳолда, жамият ва халқ ҳаётини намо­ён эта бошлади. 1906 йилдан бошлаб нашрдан чиқа бошлаган «Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат» сингари миллий газеталарда маърифатпарварлик ғоя­лари илгари сурилган, ватанпарварлик руҳидаги миллий шеърлар ва қўшиқлар чоп этила бошланди.

Миллий матбуотимизнинг иккинчи даврига келиб, «Садойи Туркис­тон», «Садойи Фарғона», «Ойина» каби нашрлар ҳам юзага келди. Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Фитрат, Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Ҳамза, Тавалло, Сидқий, Чўлпон, Хислат, Ажзий, Васлий, Сўфизода каби кўплаб шоир ва ёзувчиларнинг ижодлари, миллий шеърлар ва қўшиқлари газета, журналларда босилиб, халқни маънавиятга етаклади. Жадид адабиё­тининг буюк ижодкорлари томонидан яратилган асарлар дунёвий илм-маърифатни тарғиб этиш, инсон камолоти билан боғлиқ идеалларни куйлаш орқали инсоният бадиий-эстетик тафаккури тараққиётига хизмат қилган.

Жадид шеъриятининг биринчи босқичи 1905−1917 йиллар оралиғи деб белгиланса, шу қисқа вақт ичида юз берган жараён кўп асрлик анъана қолипини парча­лаб юборди[1]. Бу босқич шеъриятда «тажриба босқичи» бўлди ва у ифода­нинг тўпориликдан жозибадорликка ўтишига замин ҳозирлади. «Куйдан даъватга»[2] айланган бу давр шеъриятини маърифий руҳдаги шеърлар баёзи, де­йиш мумкин. Унда «эркинлик», «тараққиёт», «маърифат» мавзулари асосий чизиқ бўлиб ўтганини кўрамиз.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Шеърий асарлар дастлаб матбуот воситасида кенг тарқал­ган бўлса, аста-секинлик билан Шарқ тазкирачилик, де­вон тузиш анъаналарини сақла­ган ҳолда шеърий тўпламлар, баёзлар тузиш ­оммалашди. Шеърий асарларнинг китоб ҳолида нашр этилишида девон анъанасига риоя қилинар экан, шунинг баробарида бу асрий тартиб-қоидаларда ўзгаришлар юз берди. Шунингдек, баёз адаби­ёти ҳам янги босқичда давом этдики, уларнинг мавзу йўналиши бутунлай янгича эди[3].

Шу ўринда адаби­ётшунос Ҳамидулла Болтабоев таъкидлаганидек, ХХ аср бошлари ўзбек адабиётшунослиги жаҳон адаби­ётшунослиги андозаларидан озиқлангунга қадар мумтоз адабиёт анъаналарининг вориси сифатида шаклланди. Тазкирачилик бу даврда мазмунан бойиб, таркиб жиҳатдан ранг-баранглашди ва нафақат адабий танқиднинг, балки умумий адабиётшуносликнинг фаол соҳасига айланди. Унинг тарихий тараққиёти натижасида поэтик антология (баёз) ва хрестоматия (мажмуа)­лар яратиш сари қадам қўйилди[4]. Айтиш мумкинки, ХХ аср бошлари ўзбек адабиётида тазкирачиликнинг бойиши, баёз-у маж­муаларнинг яратилиши ва айни пайтда уларнинг я­нгиланиши натижасида янги шакл ҳамда мазмунга эга шеърий тўпламлар пайдо бўлди[5]. Шундай шеърий тўпламларнинг бири «Сабзазор» тўпламидир. Мазкур тўплам «Садойи Туркистон» (1914−1915) газетасида эълон қилинган шеърлардан жамланган бўлиб, тузувчиси Мунавварқори Абдурашидхонов­дир.

«Сабзазор» миллий шеърлар тўплами ҳамда шу даврда жамланган шеърий тўпламлар ва баёзларнинг ғояси муштарак бўлиб, халқнинг миллий руҳини уйғотишдир. Бу тўпламлардан ўрин олган шеърлар ва қўшиқлар миллатнинг кейинги ривожида муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, бу шеърлар ва қўшиқларда халқнинг яшаш тарзини очиқ-ойдин намоён этади. Туркистон халқини бирдамликка чорлаш, тараққиёт сари олға қадам босишга ундайди. Иброҳим Ғафуров сўзлари билан айтганда, ХХ аср миллий адабиётимизни бошлаб берган бу китоблар узоқ замонлар йўққа чиқариб юборилди. Улар ўрганилмади. Уларнинг кейинги миллий адабиётнинг ҳаракатидаги ўрни ва аҳамияти аниқланмади. Қўрқитилган одамларда урф бўлиб кетган сиёсий ҳафсаласизлик бунга йўл бермади[6]. Ҳолбуки, бу тўпламлар янги миллат ҳаётини, ундаги ўзгаришларни ол­қишлаган ва миллий ҳафсаласизликнинг барча турларига қарши танқид ўтини ёққан илк нашрлар эди.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Баёзда, асосан, маърифатпарварлик руҳидаги шеър­лар ўрин олган. Баёзнинг унвон варағида тўпловчи ва ношир Мунавварқорининг: «„Садойи Тур­кистон“ жаридасина шеър ёзиб тургон ёш шоирлари­мизнинг даруни дилларидан чиқоруб, миллати исломиянинг аҳвол ҳозирасин гўзал суратда тасвир этган, миллий шеърларини миллат хотирида абад қолдурмак орзусинда аксарларининг масоидайи миллатпарвароналари ила бу рисола тартиб олунди», деган изоҳи бор. Бу ҳақда ада­биётшунос Иброҳим Ғафуров ҳам қайд этиб ўтади: «Китобча бор-йўғи 30 бетгина, у ҳам узуқ-юлуқ саҳифалардан тўпланиб, тўлдирилган, авайлаб ёпиштирилиб, бир бутун ҳолга келтирилган. Чамаси, бу хайрли ишни бошқа кўп улуғ хизматлари қатори домла Носи­руф адо этган. Титул варағида у кишининг қўллари билан сана ва мундарижа дарж этилган»[7].

Ушбу шеърий тўплам «Садойи Туркистон» саҳифаларида эълон қилинган материаллар асосида, баёз шаклида тартибланган бўлиб, тараққийпарвар жадидларнинг миллат руҳини янгилаш, маърифатли қилиш ғояларини акс эттириши билан янги ўзбек шеъриятига йўл очган. Баёздан Васлий, Сўфизода, Авлоний, Хислат, Тавалло, Ажзий, Холид Саид, Мискин, Ҳамза, Лайлихоним, Афандихон каби ижодкорларнинг ғазал, мухаммас ва мусаддаслари жой олган. Шеърларнинг барчаси газетага табриклар ва миллий мавзуга оид мавзуларда бўлиб, халқни ҳуш­ёрликка ундовчи руҳда ёзилган. «Сабзазор» бошдан охир миллатга, халққа мурожаатдан иборат. Миллатни тараққиётга етакловчи, илм-у фанга эътибор орқали Туркистон халқини дунёда ўз ўрнини топишга ундов­чи руҳда берилган. Тўпламдан 47 та шеър ўрин олган, баъзилари сарлавҳасиз киритилган. Асар одатий ҳамд ва наът билан бошланган:

Беадад ул худоя ҳамд-у сано,
Бандапарвар Карим ва биҳамто.
Холиқи инс-у жин-у лайл-у наҳор,
Ғофир ал-занби олам аласрор.

Авлонийнинг «Икки садо», «Биз нелар қиламиз?», «Жарида муҳибларина», «Шоир ила тўти», «Иффатли инсонлар», «Гапурманглар», «Садойи булбул», Ҳамзанинг «Аҳволимиз», «Жаҳлда қолганлармиз», Сўфизоданинг «Ўқунглар, она­лар!» каби шеърларида тараққийпарварлик даври шеъриятига хос шикоят, ҳасби ҳол, миллат ахлоқи масалалари акс этган.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Авлонийнинг шеърлари баёзда катта ўринни эгалла­ган. Ушбу шеърларнинг «Садойи Туркистон» услубига мослаб ёзилганини эътиборга олсак, уларда усмонли шевадаги сўзларнинг кўп қўллангани, хусусан «Таржимон» тилига яқинлашишга ҳаракат бўлганини кўришимиз мумкин. «Тазкирайи Қайюмий»да келтирилишича, Авлоний «15 ёшлариданоқ турли шевадаги адабиёт билан қизиқиб ва уларга ўхшатиб ўзи ҳам шеърлар сўзлай бошлади»[8]. Шеъриятни янгилаш масалалари қаламга олинган «Гапурманглар» шеърида буни аниқроқ кўрамиз:

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Зиёнлик, дилга ўрнашган ёмон ишларни тошлайлук,
Ота-бобом қилан деб, урф-у одатдан гапурманглар.
Сиза арзим будур, эй шоирон (!) ишқия назм этманг,
Қалам қош, зулфи сунбул, сарви қоматдан гапурманг­лар[9].

Газета халқни маърифатга бошловчи бир йўл деб қараган жадидлар бунинг учун Аллоҳга ҳамд-у санолар айтишади. Парвардигорнинг бандаларига қилган ҳиммати учун ашъорлар битишди. Бундан ташқари, ташаккурнома ва табриклар айтиб, шеърлар ёзишиб, газетада нашр қи­лишди.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Кўнглум айлар дуойи Туркистон,
Манга лозим санойи Туркистон.
Ватанимдур бу — маркази фузало,
Жон эрур ошинойи Туркистон.
Ерларинг шоҳи эрди ушбу замин,
Бошқалардур гадойи Туркистон[10].

Бир томондан, дин пешволари мактабларни «куфр» деб эълон қилган, иккинчи томондан, мустабид мустамлака­чилар қаршилик кўрсатган, учинчи томондан, халқ оммаси ҳали қўрқув ва эсанкираш исканжасида турган замонда «Садойи Туркистон» газетасида нашр қилинган халқни маърифатпарварликка чорловчи шеърлар «Сабзазор» тўпламида жамланиб баёз ҳолига келтирилгани жуда катта жасорат эди. Тўпламга киритилган шеърларда бошқа миллатлар ва ўз миллатимиз ҳол-аҳволи солиштирилади. Миллат зиёлилари бошқа миллатлар илм-фанга сармоя тикаётган бир пайтда бизнинг миллатимиз айш-ишратга берилиб қолга­нига ачинишди. Топган пулини тараққиётга, фарзандлари таълимига сарфламай, дабдабали тўй ва маъракаларга харажат қилаётганликларидан ўкинишди, миллатнинг келажаги илм-фан эканини шеърлари орқали халққа етказишга уринишди.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Икки жаҳон саодати илм-у фунундадир,
Жон ила дил фароғати илм-у фунундадир,
Миллатни шон-у шавкати илм-у фунундадир,
Ағёр элини диққати илм-у фунундадир,
Биз мундин эътироз ва фарор айламакдабиз[11].

Тараққиётга қадам қўйиш учун фақатгина ўғил болаларни эмас, қизларни ҳам ўқитиш кераклигини таъкидлашди. Фарзандларнинг тарбияли бўлиши учун оналар ҳам ўқиган ва тарбияли бўлишлари кераклиги ҳақида шеърларида такрор-такрор битишди:

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Илмға берди шаръимиз кенг йўл,
Қамаманг сиз тор уйлара чандон.
Фақат эрлар ўқуш ила бўлмас,
Қизларимиз ҳам бўлсалар ўқуган.
Ўқуган ёш йигитга, нодон қиз
Ёқмагай ҳеч бу сўзға борму гумон.
Болалар тарбиятлик ўлмак учун,
Оналар бўлсун тарбият кўрган[12].

«Сабзазор»да ўрин олган шеърларда қўлланган поэ­тик образлар янгиланаётган ўзбек шеърияти асосий хусусиятларини ҳам кўрсатиб туради. Анъанавий шеъриятдаги поэтик образлар (гул, булбул, ёр, ағёр) я­нги мазмун касб эта бошлади. «Мактаб», «илм-фан», «маърифат», «тараққи­ёт» тушунчалари асосий ўринга кўтарилди. Бу даврга келиб маҳбубага эмас, аксинча илмга, маърифатга муҳаббат эълон қилинди[13]. Жадид шоирлари ўзларининг муҳаббат ҳақида ёзилган шеърларидан воз кечди. Мисол учун, самарқандлик шоир «Сиддиқий-Ажзий ўзининг худди шундай «хуш­табъ»лик ила ёзилган ишқий шеъриятидан воз кечди, уларни куйдириб ташлади»[14]. Профессор Бегали Қосимов Авлонийнинг 1890 йиллардаги ишқий шеърларининг бизгача етиб келмаганлигига ҳам шу ҳолатни сабаб қилиб келтиради. Жадидлар миллатни озодликка олиб чиқувчи ягона йўл, ягона чорани илм-маърифатда кўришди.

«Сабзазор» тўпламига киритилган шеърларнинг катта қисми аруз вазнида яратилган. Мумтоз шеъриятнинг ғазал жанридан кенг фойдаланилган. Бундан ташқари шеъриятнинг бармоқ вазнидан ҳам фойдаланилган ўринлар мавжуд.

Юқоридаги мулоҳазалар шу кунга қадар алоҳида тадқиқ этилмаган «Сабзазор» тўплами хусусида бошланғич фикрлар, таҳлиллардир, деб айта оламиз. ХХ аср бошлари ада­бий жараёнига мансуб яна «Миллий ашъори Таржимон» (1910), «Миллий шеърлар мажмуаси ёхуд адаби дин» (1912), «Янги адабиёт» (1915) деб номланган кўплаб баёз ва тўпламлар борки, улар ҳанузгача ўз тадқиқотчисини кутиб турибди.

Бу каби манбаларни табдил ва изоҳи билан нашрга тайёрлаш, илмий муомалага олиб кириш, албатта, жадид адабиёти ва адабиётшунослигини янги маълумотлар билан бо­йитади.

Нодира Эгамқулова,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори

Ҳусния Дўсалова,
тадқиқотчи


  1. Қосимов Б. Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик. — Тошкент: Маънавият, 2002. — Б. 128.
  2. Йўлдошев Қ. Ёниқ сўз. — Тошкент: Маънавият, 2006. — Б. 184.
  3. Назарова Ш. ХХ аср бошлари ўзбек шеъриятининг янгиланиш тамойиллари (янги ўзбек шеърияти контекстида) Филол. фан. док. дисс… — Тошкент, 2023. — B.34.
  4. Болтабоев Ҳ. ХХ аср бошлари ўзбек адабиётшунослиги ва Фит­ратнинг илмий мероси: fil.fan.dok… дисс. — Тошкент, 1996. — Б. 30.
  5. Назарова Ш. ХХ аср бошлари… — Тошкент, 2023. — Б. 34.
  6. Ғафуров И. Мангу латофат. — Тошкент: Шарқ НМАК, 2008. — Б. 12.
  7. Ғафуров И. Мангу латофат. — Тошкент: Шарқ НМАК, 2008. — Б. 12.
  8. Пўлатжон Домла Қайюмов. Тазкирайи Қайюмий. 3-жилд. — Тошкент: ЎзРФА Қўлёзмалар институти таҳририй нашриёт бўлими, 1999. — Б. 582.
  9. Абдулла Авлоний. Гапурманглар. Сабзазор. Биринчи таб' (ношир ва тўпловчи Мунавварқори). — Тошкент: Илин типо-литографияси, 1914. // Садойи Туркистон. 1914. №11
  10. Саййид Аҳмад Васлий. Ташаккур. Сабзазор. Биринчи таб' (ношир ва тўпловчи Мунавварқори). — Тошкент: Илин типо-литографияси, 1914. — Б. 3.
  11. Сидқий. Қандай аҳволдабиз. Сабзазор. 1914. — Б. 14.
  12. Аҳқарий. Янги ғозетамизга хитоб. Сабзазор. — Самарқанд, 1914. — Б. 13.
  13. Эгамқулова Н. ХХ аср бошлари адабий жараёни муаммолари (1906−1917 йиллар ўзбек вақтли матбуоти мисолида). Филол. фан. бўйича фалсафа док. дисс… — Тошкент, 2021. — Б. 82.
  14. Авлоний Абдулла. Танланган асарлар. 1-жилд. — Тошкент: Маънавият, 1998. — Б. 50.