Ўзбекистонда болаларнинг қобилиятлари, қизиқишлари ва истеъдодларини ривожлантириш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат бўлган Болалар ташкилотини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда жума куни Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган учрашувда сўз борди.

Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевнинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, мазкур ташкилот «Камалак» болалар ташкилоти негизида ташкил қилиниши режалаштирилган. У кенгроқ қамров ва янги хусусиятларга эга бўлади.

Йиғилиш жорий йилда ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги вазифаларга бағишланди.

Президентга давлат томонидан алоҳида эътиборга муҳтож 396 минг нафар ёшлар мутасадди раҳбарларга бириктирилгани маълум қилинди. Улар билан индивидуал ишлаш орқали 331 мингининг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашилди. Жумладан, 94 минг нафарининг бандлиги таъминланди, 56 минги касб-ҳунарларга ўқитилди.

«Ёшлар дафтари» орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етди, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати эса 30 кундан 5 кунгача қисқарди.

ёшлар, шавкат мирзиёев, ўзбекистон болалар ташкилоти

Ёшлар етакчилари тавсияси билан 338 минг нафар йигит-қизга 444 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди. Хусусан, талабаларнинг шартнома маблағлари тўланди, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш харажатлари қоплаб берилди. Ишсиз ёшларга меҳнат қуроллари ажратилди.

Ҳар бир маҳаллада «Ёшлар бандлиги дастури» амалга оширилиб, 2023 йилда 236 минг нафар ишсиз йигит-қиз ва 189 минг нафар мактаб битирувчисининг бандлиги таъминланди, дейилади хабарда.

Жорий йилдан «Беш ташаббус олимпиадаси» 4 та йўналишда -маҳалла, мактаб, профессионал таълим ва олийгоҳлар тизимида ўтказилиб, жами 12 миллион нафар ёшлар қамраб олинди. Унда ғолиб бўлган ёшларнинг маҳаллаларида жами 623 та спорт майдончаси барпо этилди.

Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида кечаю кундуз фаолият юритадиган илк «Креатив парк» фойдаланишга топширилди. «Заковат» ва бошқа интеллектуал ўйинларга 2 миллион нафар ёшлар жалб қилинди.

Президентга Навоий вилоятидаги «Тўдакул» халқаро шахмат мактаби ташкил этилгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Мактаб йилига 1700 нафар болани ўқитиш, 7500 нафар ёшларни турли тадбирлар билан таъминлаш имкониятига эга. Давлат раҳбари мазкур мактабга халқаро гроссмейстерларни таклиф этиш, чекка туманлардан иқтидорли болаларни жалб қилиш, улар учун қисқа муддатли шахмат оромгоҳлари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

2024 йилда ҳар бир вилоят, вазирлик ва идораларда ёшлар билан ишлашга янгича ёндашувни жорий этиш режалаштирилган. Ёшлар етакчиси тавсиясига кўра кўрсатиладиган ёрдам турлари ўзгартирилади, асосий эътибор замонавий касб-ҳунарларни ўқитишга қаратилади.

Ёшлар муаммоларини ўрганиш, истиқболли кадрлар тайёрлаш бўйича илмий-таҳлилий ишларни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси доирасида чет тилларини ўрганаётган ёшлар сонини 1 миллион нафарга, «Мутолаа» дастури бўйича ёш китобхонлар сонини эса 1,5 миллион нафарга етказиш режалаштирилган.