2023 йил 12−13 декабрь кунлари Интернет тармоғида «Чегара билмас дарёлар» халқаро экологик коалициясининг экспетларига ҳавола қилган ҳолда Афғонистонда қурилаётган Қўштепа суғориш каналида биринчи жиддий «авария» юз берганлиги тўғрисида маълумот тарқатилган. Ушбу хабар юзасидан «Ўзбеккосмос» агентлиги тушунтириш берди.

Баъзи манбаларда келтирилишича, Қўштепа Амударёдан сув билан тўла бошланганидан кейин биринчи ойда гидротехник иншоот деворлари сув оқимининг босимига бардош бера олмаган ва каналдан чиққан катта ҳажмдаги сув яқин атрофдаги ҳудудга тарқалган.

Таъкидланишича, «Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан Қўштепа каналидан сув сизиб чиқишга оид хабарлар турли фазовий ўлчам аниқликдаги мультиспектрал космик суратларнинг ретроспектив таҳлили асосида ўрганиб чиқилди.

«Ўзбеккосмос» агентлиги Қўштепа канали қурилиши динамикасини космик мониторинг орқали мунтазам равишда кузатиш натижасида қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда 2022 йил май ойидан бошлаб ер ости сизот сувларининг кўтарилишини аниқлаган.

Қурилиш давомида каналнинг тўртта қисмида сунъий тўсиқлар қолдирилган бўлиб, улар биринчи босқич ишлари якунида 2023-йил 10 октябрда тўлиқ олиб ташланган ва сув оқими ҳосил бўлган.

Қўштепа каналидан сизиб чиққан сувнинг тарқалиш ҳудуди ва майдонининг космик суратлариҚўштепа каналидан сизиб чиққан сувнинг тарқалиш ҳудуди ва майдонининг космик суратлари

Космик мониторинг натижасида 2023-йил 4 ноябрь куни Қўштепа каналининг 75,6-километрида ўнг қирғоқнинг 30 метрга яқин қисмидан сув сизиб чиқиши аниқланган. 5 ноябрь куни сув тарқалган ҳудуднинг майдони 19,5 километр квадрат, 25 ноябрда — 23,8 км кв., 13 декабрь ҳолатига эса 30,3 км кв.ни ташкил этиб, сувни тўхтатиш чоралари кўрилмаган.

«Чегара билмас дарёлар» халқаро экологик коалицияси экспертлари фикрига кўра, ушбу ҳолат канал деворлари Амударёдан келаётган сув оқимининг босимига бардош бера олмаганлиги натижасида юзага келган.

Ўз навбатида, канал қурилишига масъул афғон муҳандислари ер ости сизот сувларининг меъёрини назорат қилиш мақсадида каналнинг 75,6-километрида сув мақсадли равишда очиқ ҳудудга йўналтирилганлигини таъкидламоқда.

Қўштепа канали қурилиши динамикасининг космик мониторинги иншоотнинг Амударёдан сув олиш қисмида қазиш ишлари якунланмаганлиги, дарёга уланиш жойида ҳозирда 20 метрга яқин қазилмаган ҳудуднинг мавжудлигини кўрсатмоқда.

Қўштепа каналининг Амударёдан сув олиш қисмида қазилмаган ҳудуд ва дарёдан сув олиш жойининг космик суратлариҚўштепа каналининг Амударёдан сув олиш қисмида қазилмаган ҳудуд ва дарёдан сув олиш жойининг космик суратлари

Шу билан бирга, ўта юқори аниқликдаги космик суратларнинг таҳлили натижасида сизот сувларини ташқарига йўналтириш учун канал қирғоғида мақсадли равишда қазиш ишлари олиб борилганининг (махсус техниканинг ишлатилиши, қазиб олинган тупроқ ҳажмининг пайдо бўлиши ва ҳоказолар) визуал белгилари аниқланмади.

Бундан ташқари, мавжуд материаллар сув сизиб чиқиш жойи атрофида ҳозирда сизот сувлари камайиб, канал туби аста-секин қуриб бораётганини кўрсатмоқда.

«Шундай қилиб, ўтказилган таҳлиллар интернет тармоғида тарқатилаётган „Чегара билмас дарёлар“ халқаро экологик коалицияси экспертларининг Қўштепа канали қирғоғи Амударёдан олинаётган сув оқими натижасида ювиб кетилгани тўғрисидаги маълумотлари ҳақиқатга мос келмаслигини, сизиб чиққан сув — сизот сувлари эканини тасдиқлайди» — дейилади агентлик хулосасида.