Фарғона ва Андижон вилоятларида қўшни давлатлардан олиб келинган гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди, дея хабар қилди ДХХ.

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида, Тошлоқ туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилди.

Оқибатда ушбу манзилда келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 27 кг 573 гр «гашиш» ва 3 кг 967 гр «опий» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Аниқланишича, ушбу наркотик моддалар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Шунингдек, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1986 йилда туғилган фуқаро Қирғизистоннинг Ўш вилоятида истиқомат қилувчи, 1984 йилда туғилган шахс билан ўзаро тил бириктириб, 1 кг 806 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситасини харидорга 80 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Қўрғонтепа туманида яшовчи фуқаронинг уйидан ҳам 2 кг 698 гр «Мефедрон» моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Таъкидланишича, ушбу синтетик наркотик моддалар ҳам Қирғизистондан олиб келинган.

Бошқа ҳолатда эса Андижон туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Damas русумли автомашина тўхтатилди. Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига кирувчи 2800 дона «Регапен» ва 957 дона флаконда «Тропикамид» дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳам сотиш мақсадида айланма йўллар орқали Қирғизистондан олиб келинган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.