Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев хизмат машинасида туман раҳбарлари билан «махсус» видеоселектор йиғилиши ўтказди. Ундан видеолавҳа ҳокимлик матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Ҳокимлик раҳбари газ таъминоти билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиб, босим пасайиб кетган ҳар бир туман бўйича маълумотларни тақдим этишни сўради.

«Газнинг (газ таъминоти корхонаси — таҳр.) бошлиғи эшитяптими? Менга кечаги босим қандай бўлгани ва бугун қанчага тушганини туманбай ёзиб бер. Ярим соат вақт сенга, оғайни. Эрталаб [босим] пасаймайди, деб айтдинг. Жавоб берасан, нега пасайтирдинг?» — деди у.

»газ,

Маҳаллий раҳбарлардан бири авариявий ҳолат содир бўлганда чиқадиган машиналар етишмаётганини айтди. Туманларда, хусусан, Бўкада фақат битта «ГАЗель» борлигини, унга қўшимча равишда Damas автомашиналарини бириктиришни таклиф қилинди. 20 та туманда бригадалар ёнига етиб бориши учун қўшимча машиналар кераклиги таъкидланди.

«Тўппа-тўғри. Кеча ҳокимларга айтганман, кеча топшириқ олгансизлар. Қўшимча автокран, Damas, яна 5 тоннали енгил Isuzu машиналарини бириктириш керак, хусусийлардан олиб. Қаерда бор? Туман, шаҳар ҳудудидаги ташкилотларда бордир, балки сув хўжалигида бордир. Мен кеча авария бригадаларини икки ҳиссага кўпайтиришни айтгандим, лекин одам кўпайгани билан машина кўпаймаса, бригада ишламайди», — деди ҳоким.

Бошқа бир раҳбарнинг айтишича, барча метан «заправка»ларга ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари бириктирилмоқда. Бундан ташқари, электр таъминоти корхоналарига ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ажратилган.

Маълум қилинишича, вилоятнинг 22 та маҳалласида газ босими пасайган, шундан 10 тасида бир-икки кундан бери электр таъминоти йўқ.

«Ҳокимлар, билиб қўйинглар, ўтган йили электросет идорасига одамлар келиб, тўполон қилган ҳолатлар бўлган. Шарманда бўлмайлик. Электросетда авария кўпайса, ўша ерга ҳокимнинг ўзи бориб ўтирсин. Маҳаллада трансформатор портласа, ўринбосарларинг бориб ўтирсин. Агар гаплашиш учун ҳеч ким бўлмаса, одамлар йиғилади-да, электросетга боради, газ идорасига боради. Маҳаллаларнинг рўйхати бор-ку, бориб ўтиринглар», — деди Зойир Мирзаев.

»газ,

Ҳоким муаммоларни «бугун-эрта» ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди. «Агар шуни қилмасанглар, бир йил айланади шу, Тошкент вилоятида мана шунақа бўлганди дейди. Лекин ҳеч кимни кечирмайман, билиб қўй… Шунча тайёргарлик кўриб, бир-икки кечага чидолмасак, ҳаммамиз хиёнат қилган бўламиз», — деди у.

Зойир Мирзаевнинг фикрича, кўпинча раҳбарларнинг ўзи аҳвол жиддий, аҳвол оғирлашибди, дея кўп ваҳима қилади. «Иккита-учтанг кабинетда ўтирволиб, аҳвол жиддий деб ўтириш кетмайди. Шундай деганларнинг тилини кесиб олиш керак. Аҳвол Ғазо сектори ва Украинада жиддий. Шуни билиб ол баринг. Қолган жойда бартараф қилса бўлади. Пашшадан фил ясама баринг. Ўша ўзларинг билган халқ, борсанг, еб қўймайди. Хомлигича емайди, еса ҳам, пиширгунча етиб борамиз биз», — деди у.

Вилоят ҳокимлиги раҳбари, шунингдек, масъулларни «шахсан ўзим боряпман» деган гаплардан воз кечиш ҳақида огоҳлантирди. «Хўп, 6−8 та мактабга борасиз, туманингизда эса 50−60 та мактаб бор. Бунақа гапларнинг нима кераги бор, тушунмайман. Қолганларнинг ишини кўрсатиш керак, қолганларга ҳам шароит бериш керак», — деди ҳоким.