Корейс матбуотида тил ўрганиш курсида таҳсил олаётган 20 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба 27 ноябрь куни алдов йўли билан автобусга миндирилиб, ватанига қайтариб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси олийгоҳ раҳбарияти билан боғланиб, муносабат билдирди.

Ўзбекистонлик талабалар мазкур олийгоҳда 2023 йил сентябрь ойидан тил курсида ўқишни бошлаган. Уларга ўқишни бошлаш арафасида университет раҳбарияти томонидан мазкур муассасада ўқиш ва ётоқхонада истиқомат қилиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар тушунтирилган, мамлакатда бўлиш қонун-қоидаларига қатъий амал қилишга чақирилган.

Ваколатхонанинг қайд этишича, шунга қарамай, ўқиш бошланиши билан ўзбекистонлик талабалар орасида университет ички тартиб-қоидаларига амал қилмаслик, Корея иммиграция қоидаларига мувофиқ университет томонидан сўралган ҳужжатларни тақдим этмаслик, рухсатсиз ва ноқонуний меҳнат фаолиятини юритиш ва бунинг оқибатида дарсларга қатнашмаслик ҳоллари кескин кўпайган.

Ушбу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида барча талабалардан 8 ноябрь куни қоидаларга амал қилиш бўйича мажбурият хати олинган. Бундай ҳолат яна такрорланса, уларга нисбатан қатъий чора кўрилиши билдирилган.

«Лекин талабалар қоидаларни бузишда давом этаверган. Хусусан, университетда таҳсил олаётган 8 нафар талаба 14 ноябрь куни ноқонуний равишда ишлаб қайтаётган вақтда автомашинада автоҳалокатга учраган. Оқибатда ушбу ҳодиса Корея матбуоти ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган», — дейилади хабарда.

Автоҳалокат оқибатида жабр кўрган талабаларнинг тиббий суғуртаси йўқлигига қарамасдан, уларнинг тиббий кўриги ва муолажалари учун керак бўлган барча харажатлар университет ҳисобидан қопланган.

Кореяда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (ID-карта) олишга улгурмасдан бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Пёнгтек шаҳри иммиграция хизмати тақдимномасига кўра талабаларни университетдан четлатиш бўйича қарор қабул қилинган. 27 ноябрь куни 22 нафар ўзбекистонлик талаба Корея ҳудудидан чиқариб юборилган.

Ваколатхона бундай ҳаракатлар Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон фуқароларига виза бериш тартибини мураккаблаштириши, талабаларнинг Кореяга ўқишга қабул қилиш жараёнини қийинлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Айни пайтда талабаларнинг Ҳаншин университети томонидан мажбуран чиқариб юборилган ҳолатининг қонунийлигини аниқлаш борасида мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари билан музокаралар олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Шу ўринда, ваколатхона Кореяда ўқиётган, ишлаётган, вақтинча яшаётган фуқароларга мурожаат қилиб, у ерда бўлиш қонун-қоидаларига қатъий риоя қилишга, ноқонуний фаолият билан шуғулланмасликка, автомобиль воситаларини ҳужжатсиз бошқаришдан сақланишга чақирди.