Шавкат Мирзиёев раислигида 12 декабрь куни қиш мавсумини беталафот ўтказиш борасидаги вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокамаси бўйича видеоселектор ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда бош вазир Абдулла Арипов, унинг ўринбосарлари Ачилбай Раматов ва Жамшид Қўчқоров, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, ҳудудлар ҳокимлари ва бошқалар иштирок этди.

Ҳисоб-китобларга кўра, қўшимча энергетика қувватларини яратиш мақсадида 675 мегаватт ишга туширилган, йил якунига қадар 2,2 минг мегаваттли 7 та станция ишга туширилади. Шунингдек, 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланган.

Тошкент шаҳрида аҳоли кўплиги ва талаб юқорилиги боис бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, пойтахтда жами қуввати 286 мегаваттга тенг 2 та янги подстанция қурилди. 228 та трансформатор, 1 минг 130 километр тармоқлар янгиланди. 260 километр юқори кучланишли кабель тармоқлари тортилди.

шавкат мирзиёев, қишга тайёргарлик

Йиғилишда айрим ҳудудларда энергетика тизимида кузатилаётган муаммолар муҳокама қилинди. Президент ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга алоҳида эътибор қаратди.

Масалан, Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида газ камайган. Андижон вилоятининг Балиқчи, Пахтаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳаво совиши билан электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Қашқадарё вилояти Ғузор ва Касби туманларида чироқ кўп ўчаётгани маълум қилинган.

Давлат раҳбари бундай камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш лозимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди. Электр тармоқлари ва газ таъминоти мутасаддиларига авария бригадаларини шай ҳолатга келтириб, туну кун ишлашини таъминлаш, зарур восита ва материаллар захирасини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.

2023 йил кўмир таъминотини яхшилаш мақсадида 5 миллион 900 минг тонна кўмир қазиб чиқарилди. Аҳолига 930 минг тонна, ижтимоий соҳа учун қўшимча 93 минг тонна кўмир етказилди.

Ҳудудлардаги омборларда турган кўмирни аҳолига ва ижтимоий соҳага етказилишини кундалик назоратга олиш, иситиш тизими давлат-хусусий шерикка ўтказилган объектларда зарур кўмир захирасини яратиш кераклиги айтилди.

шавкат мирзиёев, қишга тайёргарлик

Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қонунга хилоф ҳолатларни чеклаш муҳимлиги ҳам кўрсатиб ўтилди. Барча ҳуқуқ-тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатли иш тартибига ўтиши белгиланди.

Ноябрь сўнгида президент билан учрашувдан сўнг «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарларининг қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисоботлари тингланганди. Улар энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилган.