Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда Янги йил байрамини нишонлаш учун қулай шароитлар яратиш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бунда «маданий тадбирлар юқори даражада ўтказилиши, кўнгилочар дастурлар ва хизматларни кўпайтирилиши» қайд этилди.

Бозорларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилади. Нарх-наволарни асоссиз оширишга уриниш Бош прокуратура томонидан назоратга олинади, дейилади баёнотда.

Президент жамоат транспорти барқарор ишлаши, метро ва автобусларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шунингдек, бекатлардаги шароитларни яхшилаш, йўлларни тозалаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳри туманлари прокурорлари томонидан деҳқон бозорларида нархларнинг асоссиз оширилгани, санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этилиши ҳолатлари мунтазам текширилмоқда.