Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга қишки таътил мобайнида маҳаллий йўналишдаги қатновлар учун чегирмалар берилади, дея хабар қилди «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 50 фоизли чегирма 25 декабрдан 7 январга қадар барча маҳаллий йўналишдаги йўловчи поездлар учун амал қилади. Бироқ у СV/VIP класс вагонлари ва юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоезди билетлари учун қўлланмайди.

Чипталарни сотиб олиш учун паспорт билан темирйўл кассаларига бориш ёки электрон тарзда eticket.railway.uz сайтидан фойдаланиш мумкин, дейилади хабарда.

Компания, шунингдек, ижтимоий тармоқларда чипталар сотилиб бўлгач, талабаларга поезд учун чегирма эълон қилингани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ASU Express тизимида йўловчи поездларга чипталар 45 кун олдиндан сотувга чиқади. Янги йил байрами олдидан йўловчилар оқими ортиб, талабалар, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар ўз манзилларига етиб бориш ва байрамни оила даврасида нишонлаш учун темир йўл транспортидан фойдаланади.

«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, электрон тарзда 1 сутка мобайнида талабалар томонидан 1000 га яқин чипталар расмийлаштирилди. Чегирмали чипталарни талабалар ҳозир ҳам электрон тарзда харид қилишлари мумкин. Қўшимча йўловчи поездларга қўшимча вагонлар ҳам уланади», — дейилади хабарда.

Ҳозирги кунда Тошкент — Урганч, Тошкент — Нукус, Тошкент — Самарқанд, Тошкент — Қарши йўналишида қўшимча йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Қўшимча маълумотлар учун:

  • алоқа маркази: 1005;
  • ишонч телефони: +998 71 299 94 50.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Uzbekistan Airways томонидан қишки таътил муносабати билан ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ўқувчи талабаларга 23 декабрдан 7 январгача 50 фоизли чегирма берилиши хабар қилинганди.