11 декабрь куни тушдан кейин Фарғона вилояти Қувасой шаҳри тиббиёт бирлашмасида муассаса бош шифокори вазифасини вақтинча бажарувчи Н.Х. пичоқланди. Бу ҳақда тиббиёт бирлашмаси ходими «Газета.uz»га маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бош шифокор соат 15:25 атрофида туғуруқ бўлими олдида турган вақтда беморнинг турмуш ўртоғи — шу шаҳарда яшовчи эркак машинасини шифохона ҳудудида катта тезликда ҳайдаб, туғуруқ бўлими олдида тўхтаган.

Бош шифокор эркакка тиббий муассаса ҳудудида тезликни оширгани учун эътироз билдирган. «Улар ўзаро гап талашиб кетди. Бош шифокор эркакнинг юз қисмига боши билан зарба берди, оқибатда эркакнинг қош соҳаси йиртилди. Эркак эса чўнтагидан пичоқни олиб, шифокорнинг кўкрак қафасига икки марта зарба берди», — дейди ходим.

Пичоқланган бош шифокор тез ёрдам бўлими томон югурган, беморнинг эри эса яна зарба беришга уриниб, уни қувлаган. Эркакни тиббиёт муассасаси хўжалик мудири тўхтатиб қолган.

Ҳозирда бош шифокорнинг аҳволи стабиль оғир, унда жарроҳлик амалиёти олиб борилган ва реанимацияда даволанмоқда. Беморнинг турмуш ўртоғига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.