11 декабрь куни Фарғона халқаро аэропортида қўниш тизимини янгилаш бўйича ишлар якунланди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати.

«Ўзаэронавигация» мутахассислари томонидан амалга оширилган модернизация ишлари якунлангач, маҳсус ҳаво кемаси томонидан тизимнинг Ўзбекистон ва ICAO халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти талабларига мувофиқлигини аниқлаш учун синов парвози ўтказилди.

«Янги ILS/DME (cамолётни қўнишдан олдин, қўниш вақтида горизонталь ва вертикал йўналиш билан таъминлайдиган, шунингдек, қўниш нуқтасигача бўлган масофани кўрсатадиган маълум стационар нуқталардаги радио навигация тизими — таҳр.) қўниш тизими мураккаб метеорологик шароитларда ҳаво кемаларининг қўнишини ва аэродром ҳудудида парвозлар хавфсизлигини таъминлайди ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширади», — дейилади хабарда.

Фарғона аэропорти одатий режимда ишламоқда.

Аввалроқ Uzbekistan Airways Фарғона халқаро аэропортида реконструкция ишлари олиб борилиши муносабати билан 7 декабрдан 31 январга қадар ушбу шаҳарга келиб-кетувчи барча рейсларни бекор қилганди.

Uzbekistan Airports компанияси эса ушбу аэропортида узоқ масофали DME/NL2700 радиомаёқ ва SP-200 радионавигация ускунаси ўрнатилаётгани, бу ишлар аэропорт фаолиятини тўхтатиш ва уни вақтинча ёпиш учун асос бўлмаслигини маълум қилган.

Вилоятга миллий авиаташувчидан ташқари парвозларни амалга оширувчи бошқа авиакомпаниялар — Turkish Airlines, «Аэрофлот», «Азимут», Qanot Sharq, Centrum Air, Utair, Ural Airlines, S7, Silk Avia кабилар рейсларни кўчириш ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.