Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 12 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистоннинг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кун тартибидан чиқариб, қайта кўриб чиқиш учун Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига юборди. «Газета.uz» бунга эътибор қаратди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Фарруҳ Қорабоев «Рақобат тўғрисида»ги янги қонун қабул қилингандан кейин айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати пайдо бўлганини таъкидлади.

Хусусан, айрим ўзгаришлар давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш билан боғлиқ (қонуннинг 23-моддаси). Йил бошидан буён қўмита томонидан 377 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси кўриб чиқилиб, уларнинг 38 фоизида рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи умумий ёки индивидуал нормалар аниқланган. Шу боис, давлат ёрдамининг рақобатга таъсирини баҳолаш механизмини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Фарруҳ ҚорабоевФарруҳ Қорабоев

Ҳозирда давлат тадбиркорларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари, имтиёзли кредитлар, мутлақ ҳуқуқлар, давлат мулкини имтиёзли нархларда сотиш ва ижарага бериш, ер ресурслари ҳамда ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш шаклида ёрдам кўрсатиши мумкин.

Рақобатни ривожлантириш қўмитаси қўмита билан нафақат товар ва молия бозорларидаги рақобат масалалари бўйича лойиҳалар, балки давлат ёрдамини назарда тутувчи лойиҳаларни ҳам мувофиқлаштиришни мажбурий қилишни таклиф қилди.

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бу нормага қарши чиқди. Унга кўра, эндиликда президент фармонида қўмита давлат ёрдамининг таъсирини баҳолаб, хулоса бериши белгилаб қўйилган. «Сизлар мажбурий келишасизлар. Йўқ десангиз, йўқмиш. Бор десанглар, бормиш… Буни бу жойга қўшишинглар керак эмас», — деди у.

Бундан ташқари, қонуннинг 13 моддасига (Устун мавқе) ўзгартириш киритиш таклиф этилди, унга кўра, асосий фаолияти табиий монополия шароитида товар ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўлмаган хўжалик юритувчи субъект бундай фаолиятни амалга оширса яъни товар ёки монополия бозорида устун мавқе деб эътироф этилади (ушбу банд президентнинг 2023 йил 7 июлдаги қарорига ҳам киритилган).

Шу билан бирга, нархлар асоссиз оширилган ёки тарифлар нотўғри қўлланган, тадбиркорлар ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари поймол қилинган тақдирда мазкур тадбиркорлик субъектларига нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари қўлланилади, деди Фарруҳ Қорабоев.

1 декабрь ҳолатига 135 та корхона табиий монополиялар реестрига киритилган бўлиб, улардан 46 таси табиий монополия шароитида маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган асосий фаолият турига эга.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров президент қарорида табиий монополияларни устун мавқега эга бўлган корхоналар мақомига ўтказиш тўғрисидаги банд мавжуд эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу тартиб «ҳеч нарсани ўзгартирмайди».

Спикер Нурдинжон Исмоилов мазкур қонун лойиҳасини кун тартибидан олиб ташлашни, ҳужжатни якунлаш ва биринчи ўқишда қайта кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига қайтаришни таклиф қилди.

Бундан ташқари, қонуннинг 42 моддасига (Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар) ўзгартириш киритиш кўзда тутилган эди. Унга кўра, энди кичик иқтисодий оқибатларга олиб келадиган қонунбузарликлар (масалан, қўмитага маълумотларни тақдим этишдаги техник хатолар) учун тадбиркорга катта миқдордаги жарималар қўлланилади. Жазонинг мутаносиблиги тамойилидан келиб чиқиб, бундай ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорга нисбатан молиявий санкцияни қўлламаслик таклиф этилмоқда — у билан фақат профилактик тушунтириш ишлари олиб борилади.