10 декабрь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 50-сонли автобус ҳали йўловчилар унга чиқиб улгурмасидан ҳаракатланишни бошлади. «Тошшаҳартрансхизмат» ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

MAN русумли автобус «Юнусобод мавзеси 9 даҳаси — Чингелди маҳалласи» йўналишида ҳаракатланаётган бўлган. Ҳайдовчи Ш. Б. Қорасув мавзесидаги «Универсам бекати»да йўловчиларни тўлиқ тушириб-чиқариб бўлмасдан, ҳаракатланишни бошлаб юборган.

Шу пайтда ҳали автобусга чиқиб улгурмаган йўловчи Т.М. йиқилиб тушиб, жароҳат олган.

«ЙТҲ содир бўлган жойга тез тиббий ёрдам ходимлари чақирилиб, РШТТЁМга олиб борилган ва биринчи тез-тиббий ёрдам кўрсатилиб, ташхис қилинган. Йўловчи юз қисми пешанасидан енгил жароҳат олгани ҳамда ўнг қўли сингани аниқланди», — дейилади хабарда.

Ҳолат шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, дастлабки тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.