Ўзбекистонда ҳафтанинг иккинчи ярмидан совуқ ҳаво массаси кучсизланиб, чекина бошлайди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Якшанба кечаси Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудлари бўйича қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилди, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг шимолида эрталабга келиб, ҳаво ҳарорати −6…−11 даражагача, Устюртда -14 даражагача пасайди.

Душанба куни кундузи совуқ ва нам ҳаво массаси аста-секин республиканинг барча ҳудудларига тарқалади. Барча жойларда ёмғир, қор ёғади. Фарғона водийси ҳудудларида эса ёғингарчилик кечга яқин бошланади.

Сешанба куни қор кўринишидаги ёғингарчилик Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларида сақланиб туради. Тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларда қор кучли ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

Чоршанбадан жумагача эса барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.

11−13 декабрь кунлари совуқ кучаяди ва ҳаво ҳарорати кечалари −8…−13 даражагача, кундуз кунлари −3…−8 даражагача, шимолда кечалари −15…−20 даражагача, кундуз кунлари −7…−12 даражагача пасаяди. Республика жанубида кучли совуқлар кутилмайди, кечалари ҳарорат фақат −2…−7 даражагача пасаяди.

11−13 декабрда йўлларда баъзи жойларда яхмалак юзага келади. Иш ҳафтасининг охирида ҳаво ҳарорати кечаси 0…−5 даража, кундузи +2…+7 даража, шимолда кечаси −7…−12 даража, кундузи 0…−5 даража атрофида бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. Айрим жойларда шамол 17−22 м/с гача кучайиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 11−12 декабрь кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир қорга айланади) бўлади, 13−15 декабрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. 11−12 декабрда шамол тезлиги вақти-вақти билан 12−15 м/с гача кучаяди. 12−15 декабрда йўлларда яхмалак юзага келади.

Ҳарорат 11 декабрда +3…+5 даража, 12 декабрда кечаси ва кундузи −5…−7 даража, 13 декабрда кечаси −11…−13 даража, кундузи −5…−7 даража бўлади. 14−15 декабрда ҳарорат кечаси −2…−5 даражагача, кундузи +2…+5 даражагача аста-секин кўтарилади.