Шавкат Мирзиёев 11−12 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилаётган «Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари жадидчиликни «ноёб ижтимоий-сиёсий феномен» деб атаб, унинг фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолаётганини таъкидлади.

«Барчамизга аёнки, „Тилда, фикрда, ишда бирлик“ деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли — билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар», — деди президент.

У ўз нутқида ҳар йили 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида нишонланаётгани, «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ва жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳудудий бўлимлари фаолият олиб бораётганини қайд этди.

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги тарихий масканда Жадидчилик тарихи музейи ташкил этилаётганини қўшимча қилди.

Президент ҳар йили август ойини «Қатағон қурбонларини ёд этиш ойи» сифатида ўтказиш, фидойи ватандошлар ва уларнинг авлодлари яшаган ва яшаётган хонадонларга ёдгорлик лавҳалари ўрнатиш, уларнинг ворислари ҳамда яқин кишиларига ҳурмат-эътибор кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланаётганини маълум қилди.

Маҳалла идораларида «Қатағон қурбонлари хотираси бурчаклари» ва «Маҳалла хотира китоблари»ни ташкил этиш, ҳар йили камида 100 нафар қатағон қурбони ҳамда жадидлар ҳаёти ва фаолиятини акс эттирадиган тўплам тайёрлаш режалаштирилгани айтиб ўтилди.

«Ушбу муҳим мавзуда архив ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш учун мақсадли грантлар эълон қилиш, янги бадиий ва публицистик асарлар яратиш, хорижий илм-фан марказлари, фондлар ва музейлар, кутубхоналар билан ҳамкорликни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда», — дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Президент тарихчи олим, АҚШдаги Мичиган университети профессори, ўзбекистонлик Темур Хўжа ўғлига мамлакат тарихи, жумладан, жадидлар мероси билан боғлиқ ҳужжатларни Ўзбекистонга тақдим этаётгани учун миннатдорлик билдирди.