Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан Бухоро шаҳридаги «Ҳовли поён» уйида жадидчилик тарихига бағишланган илк музей ташкил этилмоқда, дея хабар қилди жамғарма матбуот хизмати.

1860−70-йилларда қурилган ва «Ғозиён» маҳалласида Гавкушон мадрасаси ёнидаги уй машҳур зиёли, маърифатпарвар, Ўрта Осиё жадидчилиги етакчиларидан бири Усмонхўжа Пўлатхўжаевга тегишли бўлган.

«Айнан шу уйда илк бор янги усулдаги мактаблардан бири очилиб, ўқувчиларга замонавий таълим тизимига мос равишда она тили, математика, тарих, география ва бошқа фанлар бепул ўқитилган», — дейилади хабарда.

жадидлар, маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Уйнинг яхши сақланиб қолган эски қисмида зарур реставрация ишларини олиб бориш, шунингдек, янги биноларни реконструкция қилиш режалаштирилган.

Музейда жадидчилик намояндаларининг қўлёзмалари ва шахсий буюмларидан иборат янги экспозиция ҳамда жадидчилик тарихини очиб берувчи махсус яратилган мультимедия тизими ўрин олади.

Музей қошида жадидлар меросини ўрганиш бўйича илмий марказ ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Олимлар илмий фаолият учун барча шароитларни таъминловчи материаллар ва архивлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Музейни ташкил этиш ташаббускорларидан бири — Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг ўғли Тимурхўжа бўлажак музей фондига қадимий қимматли қўлёзмаларни ўз ичига олган бой кутубхонасини ҳамда замонавий адабиётларнинг кенг тўпламини совға қилади.

жадидлар, маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Президент администрацияси коммуникациялар шуъбаси мудири Саида Мирзиёева жамғарма «ноёб тарихий бинони давлатга қайтарганини» таъкидлади.