Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи 11 декабрдан бошлаб Ai-80 ва Ai-92 бензинларининг умумий ишлаб чиқариш ҳажмини кунига 1000 тоннагача оширади. Бу ҳақда заводнинг ахборот хизмати хабар қилди.

«Автомобиль двигателлари юқори сифатли ва совуққа чидамли ёқилғи талаб қиладиган палла — қиш мавсумида ёқилғига тобора ортиб бораётган талабга жавобан ана шундай стратегик қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда. Таъкидланишича, бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши ёқилғи бозорида барқарор таклифни таъминлаб, заводга қиш мавсумида истеъмолчилар талабини самарали қондириш имконини беради.

Saneg компанияси бош директорининг нефтни қайта ишлаш бўйича ўринбосари Ҳабиб Латипов бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши заводда амалга оширилаётган модернизация доирасидаги янги технологик ечимлар самараси бўлиб, аҳолини арзон ёқилғи билан таъминлашга қаратилганини таъкидлади.

«Бугунги кунда завод технологик жараёнларнинг янги босқичига чиқмоқда, ускуналарнинг оптимал иш параметрларини белгиламоқда. Бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ҳам эркин бозор нархини шакллантиришга хизмат қилади», — деди Латипов.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ва ноябрь ойининг бошларида Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Тошкентда Аи-92 ва Аи-95 сотиладиган ёқилғи қуйиш шохобчаларини топишдаги муаммолар туфайли аҳоли Қозоғистонга кетаётгани ҳақида хабар беришди. Шу фонда Россиянинг «Лукойл» ёқилғи қуйиш шохобчасида Аи-95 нархи 14,5 минг сўмдан 18,5 минг сўмга кўтарилди. Баъзи ёқилғи қуйиш шохобчаларида Беларуснинг Аи-95 бензини пайдо бўлди.

Шунингдек, октябрь ойи бошида имзоланган келишувларга кўра, Россиядан жами 371 минг тонна бензин импорт қилиниши режалаштирилган.