1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туман суди гумонланувчининг ўлимига сабаб бўлган Бўка тумани ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Аввалроқ, 4 июнь куни бир қатор ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб терговга жалб этилган, Юқори Чирчиқ туманида яшовчи 36 ёшли У.С. процессуал тартибда ушланган. У туман ИИБдаги фуқароларни вақтинча сақлаш хонасига жойлаштирилган.

Гумонланувчи жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлим юз берган.

Шундан сўнг ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисми (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш оғир оқибатларга сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим Ж.Д. ва Ғ.Ш. ҳибсга олинган ва ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.

Иш материалларига кўра, айбланувчилар сони 2 тадан 4 тага кўпайган, терговда ҳам янги айбловлар қўйилган.

30 август куни ўтказилган суд-тиббий экспертизасида марҳумда кўкрак қафаси чап томонлама 5-қовурғанинг тўш соҳасига бирикиб, ёпиқ синиши, атроф тўқималарига қон қуйилиши, қорин парда ости, ингичка ичак ва ичак тутқичларига кўп миқдорда қон қуйилишлари, бўйиннинг қалқонсимон тоғай ва тил ости суяги соҳалари тўқималарига қон қуйилиши каби жароҳатлар аниқланган.

Суд қарорида қайд этилишича, терговчилар У.С.нинг айбига далил топа олмаган ва ундан айбига иқрор бўлиш учун қийноқлар қўллаган.

Суд ҳукмига кўра, мазкур ўлимда Бўка тумани ИИБ ЖҚБ бошлиғи бўлган 37 ёшли Ж.С., бўлимнинг тезкор вакиллари — 38 ёшли Д.Ж. ҳамда 31 ёшли Ш.Ғ., шунингдек, Бўка тумани ИИБ профилактика инспектори, 31 ёшли С.Т. айбдор деб топилди.

Суд мажлисида айбланувчилар ўз айбларига иқрор бўлмаган, бироқ уларнинг айби суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳларнинг кўрсатмалари, шунингдек, эксперт хулосалари билан тасдиқланган, дейилади суд қарорида.

Суд судланувчи, туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Ж.С.ни Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» банди, 234-моддаси (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми, 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми «а, в» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деп топди. У тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Профилактика инспектори С.Т.га Жиноят кодексининг 235-моддаси 2-қисми «а, в» бандлари билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тезкор ходимлар Д.Ж. ва Ш. Г.лар Жиноят кодексининг 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Улар 3 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд қарори 1 декабрь куни қабул қилинган ва ҳали кучга кирмаган. Томонлар 20 кун ичида Тошкент вилоят судига апелляция шикояти бериши ёки протест келтириши мумкин.