Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади. Байрам табриги давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.

Президент жорий йилда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу байрам 30 апрель куни бўлиб ўтган референдум якунлари бўйича Конституциянинг янги таҳрири қабул қилинганини инобатга олган ҳолда «алоҳида маъно-мазмунга эгалигини» таъкидлади.

Уйғунлаштириш доирасида 30 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари янгиланган Конституцияга мувофиқлаштирилди, дейилади табрикда.

Унинг сўзларига кўра, кейинги йилларда барча ислоҳотлар Конституция ва қонунлар устунлиги тамойили асосида амалга оширилди.

Кейинги олти йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 1,5 баробар, тадбиркорлар сони икки баробар, саноат ўсиши 40 фоиздан ошди. Жорий йилда ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар 2016 йилга нисбатан 5,6 баробар кўпайиб, 134 триллион сўмни ташкил этди.

Президент сўнгги йилларда Ўзбекистон Коррупцияга муросасиз муносабат бўйича халқаро индексда 32 поғонага, Матбуот эркинлиги индексида 28 поғонага, Ҳуқуқ устуворлиги индексида 13 поғонага кўтарилганини таъкидлади.

Биз инсон қадр-қиммати ва манфаатларини таъминлаш бўйича бошлаган ислоҳотларимизни янги конституциявий маконда янада қатъий давом эттирамиз. Халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқаришимиз ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантиришимиз лозим, — деди у.

Шавкат Мирзиёев устувор вазифалар ҳақида гапирар экан, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.

Иккинчидан, Конституцияни жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўғридан-тўғри ва бевосита қўллаш амалиётига ўтиш зарур. Шундагина халқимиз Асосий қонунимизнинг ҳаётбахш кучи ва таъсирини теран ҳис этади, — деди у.

Конституциявий нормаларни барча давлат органлари, шу жумладан, судлар фаолиятига бевосита татбиқ этиш чораларини кўриш кўзда тутилган.

Учинчидан, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги конституциявий маконга уйғунлаштирилади. Бу жараёнда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтириш устувор вазифа бўлиб ҳисобланади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Тўртинчидан, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносибликни таъминлаш бўйича конституциявий принципни рўёбга чиқариш мақсадида қонун ҳужжатларидаги 150 дан ортиқ ана шундай чоралар тўлиқ қайта кўриб чиқилади. Жумладан, айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва жазо турларини ўзгартириш, фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий жавобгарликни бекор қилиш борасида ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилади.

Бешинчидан, Конституцияда қатъий белгилаб қўйилганидек, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид келадиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши курашиш, ҳеч шубҳасиз, энг долзарб вазифаларимиздан биридир. Ушбу йўналишда асосий эътибор бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни жорий этишга, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Болалар омбудсмани ва бошқа инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилади.

Олтинчидан, барча ислоҳотларимизда инсон ва унинг манфаатлари марказий ўринда туриши ва халқимиз фаровонлиги ҳамда қулай ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат органлари учун бош мақсад бўлиши лозим, деди президент.

Еттинчидан, биз «Янги Ўзбекистон — маърифий жамият» концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури қабул қилинди. Асосий қонунимизни ўрганишни болалар боғчасидан бошлаш, барча даражадаги таълим муассасалари, аҳолининг турли қатламлари, айниқса, давлат хизматчилари ушбу жараёнга тўлиқ жалб этилиши лозим. Шунинг учун давлат хизматига ишга киришда Конституция асослари бўйича имтиҳонлар ўтказиш тизимини амалда татбиқ этишимиз зарур, — деди у.

Саккизинчидан, Конституция ва қонун устунлигини таъминлашда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бу масалада фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бериш кераклиги қайд этилди. Хусусан, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг сони қарийб 40 фоизга ошди ва уларни қўллаб-қувватлашга 700 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, дунёнинг турли минтақаларида қарама-қаршиликлар, можаролар, қуролли тўқнашувлар кучайиб бораётганига эътибор қаратди. Унинг фикрича, ҳозирги ўта оғир ва хавотирли вазиятда Ўзбекистон халқи янада кўпроқ бирлашиши зарур. — Ишончим комилки, бу йўлда янгиланган Ўзбекистон Конституцияси биз учун қудратли куч, куч ва илҳом манбаи бўлади, — деди президент.