29−30 ноябрь кунлари Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид ОʼСалливан «Ўзбекистон расмийлари билан Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузига жавобан ЕИ санкциялари юзасидан конструктив мулоқотни давом эттириш» мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди. «Газета.uz» учун берган эксклюзив интервьюсида ЕИ махсус вакили жорий этилган санкцияларнинг мақсадлари ва уларнинг Россия иқтисодиёти учун оқибатлари, Ўзбекистон санкциялар режимига риоя қилишнинг қандай уддасидан чиқаётгани ва мамлакат учун иқтисодиётни диверсификация қилишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Видео (инглиз тилида)

— Ўзбекистонга ташрифингиз дастури ҳақида гапириб берсангиз, қандай учрашувлар режалаштирилган эди ва қандай натижалар кутмоқдасиз?

— Ҳозир Ўзбекистонга илк ташрифим — апрель ойида бўлиб ўтган учрашувнинг — давоми сифатида, Ўзбекистон ҳукумати билан Россиянинг Украинадаги асоссиз тажовузкорлиги ва кенг кўламли босқинчилигига жавобан ЕИ ва халқаро коалиция томонидан Россияга қарши жорий этилган санкциялар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташриф буюрдим.

дэвид оʼсалливан, еи махсус вакили, санкциялар

Биз Ўзбекистоннинг суверенитетини, Ўзбекистон бу можарода тарафкашлик қилишни, кимнингдир тарафида бўлишни ёки халқаро коалиция томонидан қабул қилинган санкцияларни қабул қилишни истамаслигини тўлиқ тушунамиз ва ҳурмат қиламиз. Бироқ, Ўзбекистондан санкцияларимизни четлаб ўтиш ёки улардан қочиш мақсадида платформа сифатида фойдаланилиши мумкинлигидан хавотирдамиз. Ўзбекистон расмийлари буни истамаслигини очиқ-ойдин маълум қилган. Мунозараларимизнинг мазмуни шундан иборат.

Апрель ойида яхши музокаралар олиб бордик. Бугун АҚШ ва Буюк Британиядан ташриф буюрган ҳамкасбларим билан ушбу мунозараларни давом эттириш ва юзага келган айрим масалаларни ҳал этиш юзасидан Ўзбекистон расмийлари билан муҳокамаларимизни илгари суриш мақсадида шу ердаман. Марказий банк, Божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва саноат вазирлигининг кенг доирадаги мутасаддилари билан учрашув ўтказмоқдамиз. Ва санкциялар билан боғлиқ юзага келган бир қатор масалаларни муҳокама қилмоқдамиз.

— Биламан, бу саволни кўп беришади, лекин яна бир бор кўтаришни истардим. Санкцияларни жорий этишдан асосий мақсад нима ва улар қай даражада самарали? Уруш ҳали ҳам давом этаётганини ҳисобга олганда.

— Россия томонидан ўтган йилнинг февралида Украинада бошланган кенг кўламли босқинчилик Европа қитъасида кутилмаган воқеа бўлганини тушуниш жуда муҳим. Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта Европа ҳудудида йирик кучлар тўқнашувига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ва бу нафақат БМТ Низомини, балки Хельсинки келишувларини ҳам қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бу халқаро ҳамжамиятнинг, айниқса европаликларнинг жуда кучли реакциясига сабаб бўлди. Айнан шунинг учун биз Россиянинг асоссиз тажовузкорлигига жавоб тариқасида унга қарши мисли кўрилмаган санкциялар тўпламини қабул қилдик.

Ушбу санкцияларнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат. Биринчидан, Россияни, Россия ҳарбий-саноат мажмуасини янада такомиллашган қуролларни яратиш учун зарур бўлган технологиялардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилиш. Иккинчидан, Россия ҳукуматини урушни молиялаштириш учун зарур бўлган даромаддан маҳрум қилиш. Ва учинчидан, Россиянинг урушни олиб боришдаги асоссиз тажовузкорлиги ва ўта шафқатсиз хатти-ҳаракатларига жавоб тариқасида унинг саноат инфратузилмасини қимматга тушириш.

Ўйлайманки, ушбу учта мақсад бўйича сезиларли муваффақиятларни намойиш этишимиз мумкин. Россия зарур технологияларни сотиб олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. У Эрон, Шимолий Кореяга тобора кўпроқ мурожаат қилмоқда ёки эски ҳарбий техникадан фойдаланмоқда. Бу эса украиналикларга жанг майдонида муайян устунлик беради. Россия даромадлари пасайиб бормоқда ва Россия иқтисодиёти эндиликда, анъанавий профицитдан фарқли ўлароқ, дефицитни бошдан кечирмоқда. Улар уруш иқтисодиётини юритишга мажбур. Улар иқтисодининг қолган қисмини «еб битириш»га — ижтимоий таъминот, таълим, инвестициялар, тадқиқотлар соҳасидан маблағларни тортиб олиб, уруш эҳтиёжлари учун сарфлашга мажбур.

Россия иқтисодиётининг ўрта муддатли истиқболлари ҳам ниҳоятда ёмон. Буни автомобил ғилдирагининг портлашидан кўра аста-секинлик билан тешилиши, деган бўлардим. Бироқ, ҳамма гап шундаки, ғилдирак дами аста-секин чиқиб кетаверади, машинани бошқариш тобора қийинлашади, қайсидир нуқтада эса у беқарор бўлиб қолади. Албатта, иқтисодни уруш ҳолатига қўйиб, Россия сунъий равишда уни исталган биримиз хоҳлаганимиздан кўра узоқроқ вақт ушлаб туриши мумкин. Бироқ, бу ҳатто ўрта муддатли истиқболда ҳам барқарор эмас.

— Апрель ойида, Ўзбекистонга аввалги ташрифингиз чоғида сўнгги пайтларда ЕИ томонидан ЕИда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали реэкспорти 126 фоизга ошгани кузатилганини қайд этган эдингиз. Бу кўрсаткичнинг динамикаси қандай — у камайдими ёки ошдими?

— Менинг назаримда, ташрифимиз фақатгина Ўзбекистон билан кифояланмаганлигини таъкидлаб ўтиш муҳим. Санкциялардан мақсад Европа компанияларининг Россияда бизнес юритиши ва маҳсулот экспорт қилишига ҳалал беришдан иборат эди. Россиядан импортимиз аввалги таркибининг 60 фоизи санкцияга учраган ёки тақиқланган. Бундан ташқари, экспортимиз аввалги таркибининг 55 фоизи ҳам энди санкциялар остида. Шу сабабли, ушбу экспортнинг кўплаб қўшни мамлакатларга ёки ҳатто БАА каби узоқ мамлакатларга табиий кўчиши содир бўлди.

Шундай қилиб, илгари Россияга қараб ҳаракатланган, ҳозирда эса Қозоғистон, Ўзбекистон, Арманистон, Сербия, Туркия ва БААга йўл олаётган савдонинг кўчиши тенденциясига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ва [маҳсулотларимиз] бу мамлакатлардан Россияга етиб боришидан, албатта, хавотирдамиз. Айнан шунинг учун апрель ойидаги ташрифим вақтида бу мамлакатларнинг барчаси билан музаокаралар бошланган. Ҳақиқатан ҳам, биз хавотир уйғотадиган айрим рақамларни кўрдик, айниқса Россия ҳарбий техникасида ишлатиладиган маҳсулотлар бўйича.

дэвид оʼсалливан, еи махсус вакили, санкциялар

Биз Ўзбекистондан барча санкцияларга риоя қилишни талаб қилмаймиз, бу жуда қийин бўларди. Бироқ, Россия ҳарбий ҳаракатлари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган 45 га яқин маҳсулотлардан жуда оз миқдорини аниқладик. Ва бу товарларнинг Ўзбекистон каби учинчи давлатлардан реэкспорт қилинишига йўл қўймаслик тарафдоримиз.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳукумати бизни Ўзбекистондан [санкцияларни] четлаб ўтиш учун платформа сифатида фойдаланилишини истамаслигига ишонтирди, хусусан, ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган товарлар учун. Биз ушбу товарларнинг реэкспорти қисқарганлиги бўйича дастлабки ижобий реакцияларга гувоҳ бўлдик.

Бироқ, айтишим керакки, ҳозирда статистик маълумотлар етарли эмас. Ва бугунги муҳокамалар доирасида Ўзбекистон томони бу маълумотларни яқин бир неча кунларда тақдим этиш мажбуриятини олди. Умид қиламанки, бу биринчи ташрифимиздан кейин биз кўрган тенденция бугунги кунгача давом этаётганидан далолат беради.

— Параллел экспорт ҳақида гап кетганда, санкциялар давлатларга эмас, балки компанияларга нисбатан қўлланилади. Бироқ, узоқ истиқболда ушбу мамлакатлардан параллел экспорт тўхтамаган тақдирда, уларга нисбатан чоралар кўриладими?

— Санкциялар, аслини олганда, мамлакатларга нисбатан қўлланилади. Ҳозирги вазиятда — Россияга. Учинчи мамлакатлардаги компаниялар учун бу санкцияларнинг оқибатлари эса фақат улар санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этган тақдирда юзага келади. Биз уларнинг ўзларига нисбатан санкциялар қўлламаймиз. Бундан мақсад — бу компаниялар бизнинг санкцияларимизни четлаб ўтишда давом эта олмаслигини таъминлаш. Шунинг учун биз баъзи ҳолларда муайян компанияларни рўйхатга киритамиз ва ўз компанияларимиз учун ушбу компаниялар билан ҳамкорликда бизнес юритишни қийинлаштирамиз.

Биз, Европа Иттифоқи, иккинчи даражали санкцияларни қўлламаймиз ва санкцияларимизни улар қарши қаратилган давлатдан — ҳозирги вазиятда Россиядан — бошқа давлатларга нисбатан қўлламаймиз.

— Ўзбекистон ушбу санкцияларга риоя қилишда қандайдир қийинчиликларга дуч келмоқдами? Ўзбекистон расмийлари ғарблик ҳамкорларга қайси асосий масалаларда маслаҳат ёки тавсиялар учун мурожаат қилади?

— Очиғини айтишни истардим. [Суҳбат] бошида айтиб ўтганимдек, биз Ўзбекистондан санкцияларимизга риоя қилишни сўрамаймиз. Санкцияларимизни қабул қилиш ёки уларга мувофиқ ҳаракат қилишни сўрамаймиз, лекин санкцияларимизни четлаб ўтиш учун платформа бўлмасликни сўраймиз. Апрель ойидаги ташрифим чоғида, одамлар Европа ёки бошқа Ғарб товарларини реэкспорт қилишда бизнинг санкцияларимизни тасодифан бузиш хавфи нима эканлигини яхшироқ тушунишлари учун нима бўлаётгани ва санкцияларимиз қандай ишлашини тушунтириш мақсадида техник ёрдам миссиясини ташкил қилдик.

Ва биз Ўзбекистон расмийлари билан уларда юзага келиши мумкин бўлган масалалар юзасидан доимий мулоқотдамиз — рухсат этилган чегара қандай, нима қонунан мумкин, нима мумкин эмас. Ва мен Ўзбекистонда бу борада бошқа давлатларга қараганда муаммо кўпроқ, деб ўйламайман. Марказий банк жуда яхши иш олиб бормоқда. Божхона органлари Ўзбекистондан бизнинг санкцияларимизни четлаб ўтишда платформа сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф билан яхши курашмоқда.

— Маълумки, Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Санкцияларни четлаб ўтиш платформасига айланиб қолмаслик учун Ғарб давлатлари мамлакат ташқи савдосини диверсификация қилишда муқобил вариантларни таклиф қилишлари муҳим. Бу борада қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

— Иккита нарсани қайд этиб ўтишни истардим. Биринчидан, шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистондан сўралаётган саъй-ҳаракатлар унинг умумий савдо ҳажмининг 1 фоизидан камроғини ташкил этувчи 45 та маҳсулотга қаратилган. Биз Ўзбекистоннинг Россия билан анъанавий савдосига ёки Россия билан қонуний савдосига — сиз Россия билан доимо савдо қилиб келган товарларга зарар етказиш истагида эмасмиз. Бу, албатта, давом этаверади. Биз савдонинг санкцияларимизни четлаб ўтишга уринишлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган янги кўринишларидан хавотирдамиз. Биз ҳеч қандай тарзда Ўзбекистоннинг анъанавий савдо йўлларига путур етказмоқчи эмасмиз, агар улар санкция остидаги товарлар билан боғлиқ бўлмаса.

Умуман олганда, иқтисодий фаолиятни диверсификация қилишдан Ўзбекистоннинг ўзи манфаатдор. Биз Ўзбекистон ҳукуматининг жаҳон иқтисодий ҳамжамиятининг тўлақонли аъзосига айланиш ва Европа, АҚШ, Жанубий Америка, Осиё мамлакатлари билан савдо қилиш, ЖСТга аъзо бўлиш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва янги экспорт имкониятларини очиш орқали ўз иқтисодий фаолиятини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қатъий қўллаб-қувватлаймиз.

дэвид оʼсалливан, еи махсус вакили, санкциялар

Масалан, ЕИ билан муносабатларда Ўзбекистон GSP+ — кўплаб ўзбек товарларини божхона тўловларисиз ЕИ мамлакатларига экспорт қилиш имконини берувчи махсус тариф режимидаги иштирокидан фойда кўради. Ўзбекистон ҳукумати билан айнан мана шу йўналишларда ҳамкорлик қилиб, иқтисодиётингиз ўсиши ва жаҳон иқтисодиётининг янада каттароқ қисмига айланишига ёрдам бериш истагидамиз. Ва бизнинг ягона вазифамиз — санкциялар масаласи ушбу ижобий ўзгаришларга тўсқинлик қилмаслиги ёки путур етказмаслигига ишонч ҳосил қилиш.

— Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакети тез орада жорий этилишини эълон қилди. Ушбу санкциялар пакетига Ўзбекистондан қайси компаниялар киритилган ва бу борада расмийлар қандай чора кўришлари лозим?

— Санкцияларнинг 12-пакети батамом қабул қилинмагунча изоҳ беришни истамасдим, сабаби ҳозирда у тайёргарлик босқичида. Фақат шуни айтишим мумкинки, аввалгиларида иккита Ўзбекистон компанияси рўйхатга киритилган ҳолатлар бўлди.

Шуни таъкидлашни истардимки, бу жуда оғир санкция эмас. Бу шунчаки Европа компанияларининг ушбу компаниялар билан савдо қилишига йўл қўймаслик воситаси, чунки, минг афсуски, бу компаниялар бизнинг санкцияларимизни четлаб ўтишлари ёки санкция остидаги маҳсулотларни Россияга сотишда ҳамкорлик қилишлари мумкин, деб ҳисоблаш учун асос бор. Бу биз фойдаланадиган усуллар орасида энг чекланганларидан. Ундан эҳтиёткорлик билан фойдаланамиз. Биз санкциялар қўллаш ёки юридик шахслар ва компанияларни рўйхатга киритиш заруратидан қочиш учун Ўзбекистон каби ҳамкор давлатлар билан шериклик ва ҳамкорлик руҳида ишлашни маъқул кўрамиз.

— Санкцияларни четлаб ўтиш платформасига айланиб қолмаслик учун қандай йўл тутиш юзасидан мамлакат расмийларига асосий мессежингиз нимадан иборат?

— Назаримда, бизнинг асосий мессежимиз — Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида жуда ижобий ҳамкорлик йўлга қўйилганида. Хоҳ савдода бўлсин, хоҳ ривожланишга ёрдам, хоҳ бу ерга иш ўринлари ва заводлар ташкил этиш учун кириб келаётган Европа компаниялари инвестициялари бўлсин. Ва санкция масаласи [бунга] тўсиқ бўлиб қолмаслиги — муҳим.

Шунинг учун биз Ўзбекистон расмийларидан ўз мажбуриятларини бажаришларини сўраймиз, хусусан: Ўзбекистон санкцияларни четлаб ўтиш платформасига, санкция остидаги товарлар Россияга ноқонуний равишда кириб боришини таъминловчи ҳудудга айланиб қолмаслигини таъминлаш. Биз бу нимани англатишини жуда аниқ тушунтирдик. Айтиб ўтганимдек, бутун бошли иқтисодиётга нисбатан олганда, бу товарларнинг нисбатан кичик сонини ташкил этади, бироқ улар жуда муҳим ва ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкинлиги нуқтаи назаридан жуда хавфли.

Биз етказмоқчи бўлган асосий хабар — Ўзбекистон ҳукумати бу савдога жиддий эътибор қаратишда давом этсин ва Ўзбекистондан санкцияларни четлаб ўтиш платформаси сифатида фойдаланишларига йўл қўйилмасин.

Давлат Умаров суҳбатлашди.