6 декабрь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун 100 миллион доллар миқдорида сиёсат чораларига асосланган қарз ажратилишини маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz»га банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, банкнинг Кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш дастури хусусий секторни ривожлантиришга асосланган иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ҳамда кичик ва ўрта корхоналарнинг COVID-19 пандемияси оқибатида бўлгани каби иқтисодий зарбаларга чидамлилигини ошириш учун уларнинг фаолият муҳитини яхшилашга қартилган. Бу дастур доирасидаги иккинчи кичик дастур бўлиб, биринчиси ҳукумат томонидан амалга оширилган сиёсат, тартибга солиш ва институционал ислоҳотларга асосланади.

«Дастур ОТБнинг Ўзбекистондаги кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли навбатдаги қадамидир. Мамлакат давлат иқтисодиётидан оқилона умумий макроиқтисодий ёндашувга асосланган бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича асосий таркибий ислоҳотларни амалга оширишни давом этар экан, кичик ва ўрта корхоналар диверсификацияланган иқтисодий ўсишни, самарадорликни ва қўшимча қийматга эга расмий бандликни жадаллаштиришда муҳим рол ўйнайди», — деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.

ОТБ дастури Ўзбекистон ҳукуматини юқори фоиз ставкалари ва юқори гаров талабларига эга банклар ҳукмронлик қиладиган молия секторида кичик ва ўрта корхоналар ўз ривожланишининг турли босқичлари учун зарур бўлган молия шаклларидан фойдаланишда улар дуч келадиган муаммоларни ҳар томонлама ҳал этишда қўллаб-қувватлайди, дейилади банн хабарида.

Дастур бизнес юритиш харажатларини оширадиган ва аёллар бизнесига номутаносиб таъсир кўрсатадиган тартибга солиш ва маъмурий юкларни енгиллаштиришга ёрдам бериши кўзланган. Бу экспорт маҳсулотлари ва бозорларни диверсификация қилиш, шунингдек, рақамлаштириш орқали самарадорликни, кичик ва ўрта корхоналарнинг савдо рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради. Шунингдек, бозор талабларига жавоб берадиган кўникмаларни, айниқса, аёллар ва ёшларнинг бундай кўникмаларини иш билан таъминланиши имконияларини ошириш учун ривожлантиришга кўмаклашади.

«Дастур доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар кичик ва ўрта корхоналарнинг ўсиши ва расмийлаштирилишини рағбатлантиради ва ўз навбатида солиққа тортиш базасини кенгайтириш ва ички ресурсларни сафарбар қилишга ёрдам беради», — деди ОТБнинг Хусусий секторни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси Приянка Соуд.

Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери банк мамлакатга 10,8 млрд доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.