Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегацияси 3 декабрь куни Дубайда бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси 28-сессияси доирасида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан қиймати 9 млн евролик (гранд маблағи) келишув имзолади. Келишув Ўзбекистонда «яшил» саноатлаштириш бўйича хусусий сектор салоҳиятини ошириш ҳамда иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатлашув лойиҳасини амалга оширишни назарда тутади, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги номидан вазирнинг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятидан эса Марказий Осиё минтақавий дастурлар кластери координатори Торстен Брезина иштирок этган.

Учрашувда Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантириш лойиҳаси ва иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатлашув жараёнлари муҳокама қилинган.

«Унинг доирасида саноат тармоқлари ҳамда уларни кейинчалик «яшил»га ўтказиш учун объектларни аниқлаш таклиф этилмоқда. Ушбу лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлигига иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланиш учун шарт-шароитларни таъминлашда, айниқса, «яшил» саноатлаштириш ва «яшил» иқтисодиёт бўйича давлат ва хусусий сектор салоҳиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишда кўмак беради», — дейилади вазирлик хабарида.

Таклиф этилаётган лойиҳа интенсив салоҳиятни ошириш, иш жойида ўқитиш, халқаро алоқалар ва билимларни узатиш орқали барқарор «яшил» иқтисодиёт ва саноат сиёсатини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.

Лойиҳа иссиқхона газларини ўлчаш ва сертификатлаш бўйича эксперт билимларини тақдим этади, Ўзбекистоннинг СО2 сертификатлари билан халқаро савдода иштирок этишини ва Европа иттифоқининг Трансчегаравий тартибга солиш механизмига мослашишини қўллаб-қувватлайди. Хусусий сектор ресурсларни тежайдиган, барқарор ишлаб чиқариш учун «яшил» технологияларни мослаштиришда, масалан, айланма (циркулар) иқтисодиёт ва «яшил» саноат парклари моделлари доирасида қўллаб-қувватланади.

Лойиҳа доирасида иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига жуда мойил бўлган ҳудудлар ҳамда тармоқларни танлаш кутилмоқда.