Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда қарғиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига (Ҳақорат қилиш) қарғиш банди киритилгани, унга кўра 7 миллион сўм жарима ва 15 суткагача қамоқ жазоси назарда тутилгани таъкидланди.

Баъзилар эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталига учун ишламайдиган ҳаволани эълон қилди.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлади — бундай ҳужжат regulation.gov.uz порталида эълон қилинмаган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган лойиҳаларга тизим томонидан автоматик равишда тегишли идентификация рақами берилади ва ушбу рақам ҳаволада акс этади.

«Ижтимоий тармоқ каналлари юритувчиларидан ёлғон ва нохолис, текширилмаган ахборотларни жамоатчиликка тарқатиш орқали фуқароларимизда турли хил тушунмовчиликларни келтириб чиқаришга йўл қўймасликларини сўраб қоламиз», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.