Олий таълим муассасаларининг 1-курс ва ўқишини кўчиришга тавсия этилган талабалари учун тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 25 декабрга қадар узайтирилди, дея хабар бермоқда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2023/2024-ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриати ва магистратурасига тўлов-контракт, жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) ва қайта тикланган талабалар ўқиши учун тўлов ҳақини ўтказиш ҳамда талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг сўнгги муддати 25 декабрь (шу куни ҳам) этиб белгиланди.

«Амалдаги тартибга кўра, иккинчи ва ундан юқори босқич талабалар контрактини тўлаш муддати ОТМ раҳбари томонидан узайтирилиши мумкин», — дейилади хабарда.

Қарор кўпчилик абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарларининг мурожаатларини инобатга олинган ҳолда давлат комиссиясининг тегишли баёни билан чиқарилди.