Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Aтабеков Ўзбекистонда ўткир респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳозирда аксарият мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам мавсумий касалликлар тарқалиши кўпайган. Айниқса, болаларда бу жараён бироз оғир кечмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» тез тиббий ёрдам маркази ва шифохоналарда бўлиб репортаж тайёрлаганди.

Нурмат Атабековнинг сўзларига кўра, касалликлар тарқалишини олдини олиш учун ўткир респиратор инфекциялар тарқалиши занжирини узишга ҳаракат қилиш зарур.

«Касаллик тарқалишида уч муҳим бўғин бор: касаллик манбаи, юқиш йўли, юқтиришга мойил организм. Агар касалланган болаларни мактабга, боғчага, жамоат жойларига юбораверсак, улар бошқаларга инфекция юқтиришда давом этади. Ҳар биримиз ўткир респиратор касалликлар, хусусан, гриппни юқтиришга мойилмиз», — деди у.

Шунинг учун мутахассис ота-оналарга касаллик белгилари бўлган фарзандларини боғча ва мактабларга, олий таълим муассасаларига юбормасликни маслаҳат берди. Бундай пайтда шифокор кўрсатмасига асосан, уй шароитида зарур муолажаларни олиб боришни тавсия қилди.

«Бундан ташқари, юртимиздаги барча юқумли касалликлар шифохоналарида беморлар учун ўрин-жой ва зарур дори-дармонлар захираси яратилган. Аҳоли орасида грипп мавсуми ҳақида „бу — янги пандемия“ деган миш-мишлар учрамоқда. Бу гаплар мутлақо асоссиз. Айтиш керакки, бу ҳатто эпидемия ҳам эмас», — деди қўмита раиси ўринбосари.

Ижтимоий тармоқларда эпидемик вазиятни барқарорлаштириш, юқумли касалликни енгиш учун таълим муассасаларини вақтинчалик ёпиш таклифи илгари сурилганди.

Нурмат Aтабеков эса ўткир респиратор касалликлар тарқалиши пойтахтда ва айрим ҳудудларда кўпроқ қайд этилаётгани касаллик тарқалиши эпидемик бўсағага етганига асос бўла олмаслигини билдирди.

«Шу сабабдан ҳам ўқув муассасаларида таълим жараёнини тўхтатишга етарли асос кўрмаяпмиз. Ҳозирги вазиятда бизнинг вазифамиз: беморларни алоҳидалаш, уларни жамоат жойларидан узоқда тутиш. Беморлар мулоқот чоғида доим тиббий ниқобда бўлишлари, ижтимоий масофа сақлашлари, шахсий гигиенага қатъий амал қилишлари шарт», — дея қўшимча қилди СЭС вакили.

Шунингдек, касалликка қарши эмланиш унга қарши курашишнинг самарали усули эканини эслатиб, гриппга қарши вакциналарнинг етарли миқдори шакллантирилгани ва айни пайтда хусусий эмлаш пунктларида ҳам 3 хил гриппга қарши вакцина мавжудлигини қайд этди.