Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида қора рангдаги Gentra автомашиналари ҳайдовчилари билан профилактик суҳбат ўтказилди, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Бошқарма айни кунларда Фарғона ва Марғилон шаҳарларида айнан қора рангдаги Gentra автомашиналари ҳайдовчилари томонидан давлат рақам белгисини ечиб олиб ҳаракатланиш ҳолатлари кўп учраётганини таъкидлади. Хабарга илова қилинган суратларда қора рангдаги ўнлаб Gentra машиналари турганини кўриш мумкин.

«Ўтказилган профилактик тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамов шахсан иштирок этиб, Gentra автомашиналари ҳайдовчилари билан суҳбат ўтказди. Унда юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўймаслик, акс ҳолда, ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилиши, автомашина эса жарима майдонига олиб кирилиши тушунтирилди», — дейилади хабарда

Мазкур жараён тармоқларда муҳокама қилиниб, ҳолат Айбсизлик презумпциясига зид ёки йўқлиги бўйича саволлар пайдо бўлди.

Вилоят ИИБ матбуот хизматининг «Газета.uz»га билдиришича, бу ҳолатда Айбсизлик презумпцияси бузилмаган.

«Биз ҳеч кимни айбдор қилиб кўрсатганимиз йўқ. Бу профилактик ишларнинг бир қисми ҳисобланади», — дея жавоб қайтарди вилоят ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Исмоилжон Шарипов.