Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида 130 нафардан ортиқ дунё етакчилари (СОР28) ўз баёнотлари билан иштирок этди. Улар орасида Марказий Осиё давлатлари президентлари ҳам бор. «Газета.uz» уларнинг нутқларидан парчаларни тақдим этади.

Ўзбекистон

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизматиФото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

«Орол фожиаси туфайли иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари, айниқса, Марказий Осиёда кескин сезилмоқда. Минтақамизда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши жаҳон миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар юқори. Ўта иссиқ кунлар сони икки баравар кўпайди, музликларнинг учдан бир қисми эриди», — деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

«Яшил иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш Ўзбекистоннинг устувор стратегик мақсадларидандир».

«Глобал паст углеродли иқтисодиётга ўтиш адолатли, шаффоф ва инклюзив бўлиши керак. Шу билан бирга, бу жараёнда ривожланаётган мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш шарт. Ушбу долзарб муаммони „катта еттилик“ ва „катта йигирматалик“ форматларида доимий равишда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади».

Ўзбекистон раҳбарининг нутқини бу ерда тўлиқ ўқиш мумкин.

Қозоғистон

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизматиФото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

«Энг кўп хавф остида кичик ороллар шаклида ривожланаётган давлатлар, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар ва кам ривожланган давлатлар қолмоқда. Доимий геосиёсий беқарорлик ва энергия хавфсизлигининг йўқлиги ҳам кун тартибидаги иқлим масаласига эътибор қаратиш вазифасини мураккаблаштиради», — деди Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев.

«Қозоғистон Париж келишувини ратификация қилган ва 2060 йилгача углерод нейтраллиги стратегиясини қабул қилган минтақадаги биринчи давлат бўлди».

«Мамлакатимиз шамол ва қуёш энергетикасини ривожлантириш, шунингдек, „яшил“ водород ишлаб чиқариш бўйича улкан салоҳиятга эга. Биз бу салоҳиятни юзага чиқариш учун ҳамкорларимиз билан яқиндан ишлашда давом этамиз».

«Иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатлардан иқлимни муҳофаза қилиш йўлида миллий тараққиёт ва модернизацияни қурбон қилишларини талаб қилмаслик принципиал ва адолатли деб ҳисоблайман. Аксинча, бу мақсадлар ёнма-ён бориши ва бир-бирини мустаҳкамлаши керак. Дадил қадамлар лозим».

«Метан чиқиндиларини камайтириш глобал исиш тезлигини секинлаштиришнинг энг тезкор усули ҳисобланади. Шу боис Қозоғистон метанни камайтириш бўйича глобал мажбуриятга қўшилишга қарор қилганини мамнуният билан эълон қиламан».

«2050 йилга бориб, глобал ҳароратнинг кўтарилишини 1,5 даражагача чеклашга муваффақ бўлсак ҳам, Марказий Осиё мамлакатлари барибир ҳаво ҳароратининг 2,5 даражагача кўтарилиши билан юзлашади. Бу сув танқислиги, кучли иссиқ, чўлланиш ва экстремал гидрологик ҳодисаларга олиб келади. Шунинг учун адаптация муқаррар ва зарурдир».

«Бизда сайёрамизни асраб-авайлаш ва ҳар бир инсон учун барқарор келажакни таъминлаш йўлида умумий масъулият мавжуд. Қозоғистон фақат жамоавий ҳаракат ва ҳамкорлик иқлим инқирозини ҳал қилишга ёрдам беришига қатъий ишонади».

Қирғизистон

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизматиФото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

«Иқлим ўзгариши аллақачон музликларнинг жадал эриши ва музликлар майдонининг қисқаришига, қурғоқчилик ва сув тақчил бўлган даврларнинг кескин узайишига, одамлар саломатлигининг ёмонлашишига, шунингдек, табиий офатлар сонининг кўпайишига олиб келди», — деди Қирғизистон президенти Садир Жапаров.

«Бу иқтисодиётнинг асосий тармоқларига, биринчи навбатда, энергетика ва қишлоқ хўжалигига жуда салбий таъсир кўрсатди ва кўрсатишда давом этмоқда. Тўғридан-тўғри ва билвосита йўқотишлардан зарар йил сайин ортиб бормоқда».

«Қирғизистон иссиқхона газлари чиқиндилари даражаси паст мамлакат ҳисобланади, мамлакат Париж келишуви мақсадларига содиқ қолади ва 2030 йилга бориб эмиссияларни „одатий бизнес“ сценарийсига нисбатан 16 фоизга, халқаро кўмак берилган шароитда эса 44 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда».

«Мен жаҳон ҳамжамиятини, биринчи навбатда, ривожланган мамлакатларни ривожланаётган, [иқлим ўзгаришига кўпроқ] сезувчан тоғли мамлакатларни, жумладан, йўқотишлар ва зарарлар бўйича жамғармани эрта ишга тушириш, тўғридан-тўғри молиявий кўмак, энг янги технологияларни бепул тақдим этиш ҳамда иқлим лойиҳалари учун ташқи қарз алмашиш механизмларини яратиш орқали янада фаолроқ қўллаб-қувватлашга чақираман».

Тожикистон

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизматиФото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

«Ҳудудининг 93 фоизини тоғлар эгаллаган Тожикистон ҳам тез-тез содир бўладиган табиий офатлар сабабли иқлим ўзгаришига сезувчанроқ ҳисобланади. Ҳар йили табиий офатлар Тожикистон иқтисодига юзлаб миллион доллар зарар етказади, айрим ҳолларда одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келади», — деди президент Эмомали Раҳмон.

Иқлим ўзгариши музликларнинг тезда эришига, дарёлардаги сув ҳажмининг камайишига олиб келмоқда ва миллий иқтисодиётнинг энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби муҳим тармоқларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

«Ҳозирги кунгача Тожикистондаги 13 минг музликдан мингдан ортиғи бутунлай эриб кетган. Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 60 фоизи эса Тожикистон музликларида ҳосил бўлади».

«Биз Париж келишуви мақсадларига эришиш йўлларидан бири «яшил иқтисодиёт»ни шакллантириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан самарали фойдаланиш деб ҳисоблаймиз».

«Албатта, Тожикистонга ҳам бошқа ривожланаётган давлатлар сингари, фақат бюджет маблағларидан фойдаланган ҳолда «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантиришга қаратилган ҳукумат сиёсатини амалга ошириш қийин. Шу сабабли биз мамлакатнинг ушбу йўналишдаги салоҳиятни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ривожланган мамлакатларнинг қўшадиган ҳиссасидан манфаатдормиз».

Туркманистон

Фото: Видеодан кадрФото: Видеодан кадр

«Туркманистон иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши курашда кейинги тараққиётни таъминлаш учун халқаро ва миллий даражадаги мақсадли ишларни давом эттириш зарур эканини тушунади», — деди Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов.

«Бугун Туркманистон мана шу юқори минбардан туриб метан бўйича глобал мажбуриятга қўшилганини расман эълон қилади».

«Шу билан бирга, мамлакатимиз метан бўйича глобал мажбуриятдан келиб чиқадиган шартларни бажаришга қаратилган мавжуд лойиҳа ва дастурлар доирасида халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар билан доимий ҳамкорликни давом эттиради».