Жаҳон банки Ижрочи директорлари кенгаши «Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик» лойиҳасини амалга ошириш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Лойиҳа ҳукуматнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги минглаб ёшларни рақамли кўникмаларга ўқитиш ва ахборот технологияларига асосланган хизматлар (ITES) соҳасида ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистонда ITES хизматлари экспорти 2022 йилга келиб 2017 йилдаги 600 минг доллардан 140 млн долларгача, яъни сезиларли даражада ошди, айни вақтда эса ахборот технологиялари (IT) соҳасида компаниялар сони ва юқори маошли иш ўринларининг ошиши кузатилди. Бу ижобий ўсишга қарамай, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) савдоси секторининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшган ҳиссаси 2022 йилда 1,9 фоизни ташкил этди.

Мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида («Ўзбекистон — 2030» стратегияси) ушбу ўн йиллик якунигача Ўзбекистон Марказий Осиё ахборот технологиялари марказига (IT-HUB) айланиши, IT хизматларининг йиллик экспорти ҳажмини 5 млрд долларга етказиши, IT компанияларнинг мамлакатдаги ваколатхоналари сонини 1000 тагача ошириши ва 300 минг нафар ёшларни IT соҳасида иш билан таъминлаши кераклиги айтилади.

«Бу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон рақамли технологиялар соҳасидаги зарур кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш, керакли IT ва офис инфратузилмасини ривожлантириш, IT соҳасини ривожлантириш учун қонунчилик нормаларини ва сиёсатни ишлаб чиқиш, шунингдек, хорижий ва маҳаллий инвесторларни бу соҳага жалб қилиш учун рағбатлар яратишга эътибор қаратиши керак бўлади», — дейилади Жаҳон банки хабарида.

Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётига киритилаётган сармоялар айни пайтда таълим олмаётган, профессионал тайёргарликдан ўтмаган ва меҳнат фаолиятида бўлмаган ёшлар, жумладан, аёллар сонини қисқартиришга ҳам ёрдам бериши мумкин.

«Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланаётган янги лойиҳа Ўзбекистонга ITES хизматлари соҳасидан иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадларида фойдаланишга ёрдам беради. Мамлакатнинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган минглаб ёшларни ўқитиш мақсадини кўзлаган ушбу лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT-Park томонидан амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ушбу тайёрлов курсларидан ўтган шахсларни ишга оладиган ITES компаниялари учун турли хил рағбатлар тақдим этилади», — дея таъкидлаган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Қайд этилишича, 2029 йилда, яъни лойиҳа якунига келиб Ўзбекистон ITES хизматлари соҳасида 25 минг киши иш билан таъминланиши ва 15 минг киши турдош соҳаларда иш топиш имкониятига эга бўлиши прогноз қилинмоқда. Лойиҳа ушбу мақсадларга эришиш учун турли хил чора-тадбирларни мақсад қилган, жумладан:

  • Бутун мамлакат бўйлаб замонавий офис майдонларини таклиф қилувчи 11 тагача ҳудудий ITES марказлари ишга туширилади. Ушбу чора-тадбирлар ITES компанияларини Ўзбекистон ҳудудларида ўз ваколатхоналарини очишга рағбатлантиради.
  • 6200 нафарга яқин ёшлар, шу жумладан 3100 нафар аёллар ва 250 нафар ногиронлиги бўлган шахслар коммуникация, компьютер ва тил кўникмаларини (ITES компанияларида талаб қилинадиган инглиз ва бошқа чет тиллари) ўз ичига олган асосий профессионал кўникмаларни ривожлантириш дастурлари бўйича таълим олади.
  • 9000 нафарга яқин ёшлар, шу жумладан 4500 нафар аёллар ва 360 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ITES компанияларида иш билан таъминланади. Компанияларга ўз навбатида лойиҳа доирасидаги иштирокчиларни ишга олиши учун моддий рағбатлар берилади.
  • Ўзбекистонда хорижий ва маҳаллий ITES компаниялари фаолияти учун қулай шарт-шароитларни таъминлашда муҳим ўрин тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.
  • Юқорида қайд этилган лойиҳа чора-тадбирлари натижасида 240 га яқин янги ITES компаниялари IT-Park резидентларига айланади ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлайди.