Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудларда фуқароларни Америка Қўшма Штатларига юбориш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларига чек қўйди, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида яшовчи 44 ёшли шахс фуқарога уни Мексика орқали АҚШга юборишни ваъда қилган ва 25 минг доллар талаб қилган. У ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига олдиндан 15 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Пастдарғом туманида яшовчи 32 ёшли шахс Каттақўрғон туманидаги таниши билан келишган ҳолда бир фуқарога уни Туркия-Арманистон-Никарагуа-Мексика йўналиши орқали Қўшма Штатларга юборишини айтган. Эвазига 23 минг доллари талаб қилган. Бироқ улар олдиндан 12 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Андижон туманида яшовчи 24 ёшли шахс Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Америкага юборишни ваъда қилиб, эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилдан 2023 йилгача АҚШ ҳукумати томонидан «алоҳида қизиқиш уйғотувчи шахслар» сифатида таснифланган ўн минглаб муҳожирлар Мексика орқали АҚШга ноқонуний киришга ҳаракат қилишган. Қўлга олинганларнинг 13 мингдан ортиғи Ўзбекистон фуқаролари бўлган.