Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни «Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, сўнгги пайтларда банк карталаридан фойдаланган ҳолда ўғирлик ва фирибгарлик ҳолатларининг кўпайиши аҳолининг рақамли молиявий саводхонлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакаси етарли эмаслиги, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг замонавий тизимлари мавжуд эмаслигидан далолат бермоқда (Humo ва Uzcard тизимлари назарда тутилган бўлиши мумкин — таҳр.).

Ўғирлик, фирибгарлик ва бошқа ҳуқуқбузарликларга ўз вақтида чек қўйиш мақсадида Марказий банк тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операциялар содир этилганда, банк карталари, банк ҳисобварақлари ва мобил иловалардаги ҳисобварақлардан фойдаланишни уч кунгача муддатга вақтинча чеклаш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар бериш ваколатини олади.

Марказий банкка бир ой муддатда қуйидагилар назарда тутилган чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди:

  • тижроат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан фуқароларга онлайн хизматлар кўрсатишда техник ҳимоя усулларини такомиллаштириш, антифрод тизимларини жорий этиш, кетма-кет уч ёки ундан ортиқ ўтказмалар назоратини автоматлаштириш, банк карталаридан фойдаланишни ҳамда жисмоний шахслар ўртасида катта миқдордаги пул ўтказмаларини (p2p-ўтказмалар) биометрик ва бошқа ҳимоя чораларини қўллаган ҳолда назорат қилиш меҳанзимларини жорий этиш;
  • замонавий таҳдидлар, банк карталари (карта реквизитлари) билан, шу жумладан электрон тўлов тизимлари орқали ноқонуний операцияларнинг олдини олиш учун аҳолининг рақамли молиявий саводхонлигини ошириш.

Бундан ташқари, маблағларни олувчи томонидан қимор ўйинлари ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти ҳамда капитал ҳаракати операциялари амалга оширилаётгани тўғрисидаги тўлов тизимининг операция коди ёки бошқа идентификаторлар белгиланмани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлганда, тижорат банкларининг банк картаси ёрдамида Ўзбекистондан ташқарида жойлашган маблағ қабул қилувчига трансчегаравий ўтказиш тақиқланади.

Бош прокуратура Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига рақамли технологиялар воситасида жиноят содир этилган жой ва усулини аниқлашнинг жиноий ва жиноят-процессуал асосларини, электрон (рақамли) далилларни аниқлаш, тўплаш, текшириш, экспертиза қилиш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритади.

Ички ишлар вазирлигига бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда уч ой муддатда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида содир этилган жиноятларни тергов қилиш методикасини тасдиқлаш топширилди.