Тожикистон парламенти мамлакат Жиноят кодексига вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ хатти-ҳаракатлар содир этганлик учун жазони кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритишни маъқуллади, дея хабар берди ASIA-Plus.

Президент Имомали Раҳмон ўзгартиришлар киритиш бўйича қонунни 13 ноябрь куни имзолади.

Нашрнинг қайд этишича, ўзгартиришлар Жиноят кодексининг 142-моддаси (уятсиз-бузуқ ҳаракатлар)га тегишли бўлиб, у учинчи қисм билан тўлдирилган. Унда, хусусан, ўн тўрт ёшга тўлмаган икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан уятсиз зўравонлик ҳаракатларини содир этганлик учун жазо назарда тутилган. Бу муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиб, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

ASIA-Plus`нинг қўшимча қилишича, Тожикистонда вояга етмаганларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар ёки зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар «жуда кам» фош этилади. Бунинг сабаби, жабрланувчиларнинг яқинлари анъанавий тожик жамиятида жабрланувчи ва унинг ота-онаси «ижтимоий изоляция»га тушиб қолишидан қочиш учун бундай фактларни яширади, дея таъкидлайди нашр.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатда вояга етмаганларга нисбатан жинсий характердаги 49 та зўравонлик ҳаракати содир этилгани қайд этилган. 2021 йилда 57 та ҳолат қайд этилган.