29 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Исроилни босиб олинган Голан тепаликларини озод қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди, дея хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Ҳужжат учун 91 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, шунингдек, Россия, Бразилия, Ҳиндистон ҳамда Хитой овоз берди. Саккиз давлат, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Канада бунга қарши чиқди. Яна 62 давлат бетараф қолди.

бмт ассамблеяси, голан тепаликлари, исроил, сурия

Резолюция ҳаммуаллифлари Миср, Иордания, Ироқ, БАА, Сурия ва бошқа давлатлар эди.

Ҳужжат саккиз банддан иборат бўлиб, биринчиси, Исроил БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1981 йилдаги 497-сонли резолюциясига ҳали ҳам амал қилмагани ҳақидаги баёнот бўлиб, у мамлакатдан Голан тепаликлари устидан Исроил юрисдикциясини ўрнатувчи қонунни бекор қилишни талаб қилади.

Бундан ташқари, резолюцияда «Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига мувофиқ Исроил босиб олган Суриянинг Голан тепаликларидан 1967 йил 4 июнда мавжуд бўлган чизиққа чекиниши» талаб қилинади. Резолюцияда, шунингдек, «Суриянинг Голанини ишғол қилишнинг давом этиши ва унинг амалда қўшиб олиниши минтақада адолатли, кенг қамровли ва мустаҳкам тинчликка эришиш йўлида тўсиқ бўлиши» таъкидланади.

Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан резолюция қабул қилингандан сўнг, унинг мамлакати ушбу ҳужжат талабларини бажаради деб ҳисобламаслигини айтди. «Биз унинг матни билан тубдан рози эмасмиз ва бу резолюцияни принципиал равишда амалга оширмоқчи эмасмиз. Бу БМТ ҳозирда Исроил билан боғлиқ адекват қарорлар қабул қила олмаслигининг яна бир тасдиғи бўлди», — дея унинг сўзларини келтиради «Коммерсант».

Голан тепаликлари 1967 йилгача Сурия ҳудудининг бир қисми бўлиб, олти кунлик уруш пайтида Исроил томонидан босиб олинган ва кейинчалик яҳудий давлати таркибига киритилган. 1981 йилда Исроил парламенти бу ҳудудда яҳудий давлатининг суверенитетини бир томонлама эълон қилган қонунни қабул қилди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1981 йил 17 декабрдаги 497-резолюцияси аннексияни ҳақиқий эмас деб топди.

1973 йилда Араб-Исроил уруши пайтида Сурия Голан тепаликларини қайтариб олишга ҳаракат қилди, аммо мағлубиятга учради. Исроил ва Сурия қўшинлари ўртасида БМТ кучлари томонидан назорат қилинадиган нейтрал демилитаризация зонаси яратилди.

Сурия ҳамон Голан тепаликларини ўз ҳудуди деб билади ва уларнинг қайтарилиши Исроил билан тинчлик шартномасини имзолашнинг энг муҳим шартидир.