Тошкент шаҳар судида 17 ноябрь куни «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда жабрланувчилар, гувоҳ ва экспертлар иштирок сўзга чиқди.

15 ноябрь куни бўлган суд мажлисида раислик қилувчи судья Мусо Юсупов 17 ноябрдаги мажлис жабрланувчилар таклиф этиладиган охирги кун бўлишини эълон қилган эди.

«Жума куни жабрланувчиларимизнинг келгани келади. Биз таклиф қиляпмиз. Кўпчилик эътироз билдиряпти. „Эндигина ўзимизга келдик, ярамизни янгиламанглар“ деган масалалар ҳам бўляпти. Агар вазият шундай бўлса, улардан ўз фикрларини ариза шаклида тақдим этишларини сўрадик. Олган [аризаларимизни] сизга маълум қиламиз», — деганди судья.

Судья Юсупов 17 ноябрдаги мажлис аввалида суд залига келган жабрланувчилар шошиб тургани учун аввал уларнинг кўрсатмалари тингланиши, бунга томонларнинг эътирози бор-йўқлигини сўради.

Адвокатлардан бири: Ҳурматли раислик этувчи, бир таклиф бор эди. Агар жабрланувчилар шошаётган бўлса, уларнинг кўрсатмасини ўқиб эшиттириб, юборсангиз ҳам бўлади. Ҳеч кимга монелигим йўқ. Лекин келинг, гувоҳлардан бошлайлик. Бизга асосан гувоҳлар керак. Жабрланувчилар унчалик эмас. Шунақа таклиф бўлди. Эътиборга олишингизни хоҳлаймиз.

Судья: Энди, тўғри қабул қиласизлар. Фарзандини йўқотиб, вилоятдан келиб турибди, Навоийдан келган. Ҳозир «Кўрсатувингизни ўқиб эшиттирамиз, кетаверинг», дейиш қанчалик тўғри бўлади? Шунинг учун ҳозир иш бўйича жабрланувчиларнинг қонуний вакилларини, кейин Андижонни, сўнгра судланувчи Н.Ш.нинг илтимосига кўра [чақирилган] гувоҳларни сўраймиз.

Томонлар бунга розилигини билдирди.

Жабрланувчи Достон Сатторов кўрсатмаси

Достон Сатторов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Достон Сатторов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Жабрланувчи Достон Сатторов 1993 йил Навоий вилояти Нурота туманида туғилган. Ҳозирда Зарафшон шаҳар Қизилқум фосфорит комплексида комбайн машинисти бўлиб ишлайди. Унинг 2021 йил 22 июнда туғилган фарзанди Дамир Шокиров 2022 йил октябри охирида шамоллашдан тузалиш учун дори қабул қилгач, аҳволи оғирлашиб, вафот этган.

Кўрсатмадан олдинги шахсга оид қисқа савол-жавобдан:

Судья: Оилангиз борми?

Жабрланувчи: Бор.

Судья: Нечта фарзандингиз бор?

Жабрланувчи: Ҳозир йўқ энди.

Фарзандимизнинг ҳеч нарсадан шикояти йўқ, қолган тенгдошларига нисбатан ўсиши [ҳам] яхши эди. Кейин қандайдир шамоллагандек бўлиб, кечқурун «температура» қилди. «Док-1 Макс»ни бундан олдин ҳам, кичкиналик пайтида, бир флаконлар чамаси берган эдик. «Температураси» жуда баланд бўлмагани учун шифохонага бормасдан, онаси айтгани, атрофдан [ҳам] сўралгани учун ўзимиз уй шароитида ["Док-1 Макс"]дан бердик.

Аёлим дориларнинг ичидаги кичик қошиқча билан икки маҳалдан, икки ярим кун берган. У қошиқча неча граммлигини билмайман. Кейин болада қайт қилиш, ҳолсизланиш, бошқа аломатлар сезилаверганди, Зарафшон шаҳар шифохонасига олиб бордик. Дўхтирлар бронх йўлларида қандайдир шамоллаши бор, шунинг учун қайт қиляпти [деди].

Таъкидлаб ўтишим керакки, Зарафшон шаҳридаги барча тиббиёт марказларида — хоҳ катталар, хоҳ болалар учун бўлсин — барча дўхтирларнинг тиббий савияси паст, деб ўйлайман. Неча марта борган бўлсак ҳам ҳеч қандай аниқ ташхис бўлмаган.

Мана шу ҳолатида шамоллаш деб, боламни уч кун даволашган. Нима керак бўлса, ҳамма нарсани олиб келиб бердик. Шундан кейин ҳам УЗИ қилиб, «Буйрагида ҳеч қандай муаммо йўқ», дейишди. Жуда мазаси бўлмай, ўрнидан туролмай, ҳолсизланиб, сиймай қўйгач, яна УЗИ қилишди-да, «Сийдик йўлидами, каналидами торайиш бор», деб такрор хато ташхис қўйишди.

Кейин Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб бордик. У ерда УЗИ қилган заҳоти «Буйрак „отказ“ берган, ишламаяпти, қонда заҳарланиш бошланган» дейишди. Шундан кейин бир сутка Навоий шаҳрида қолди.

Улар Самарқандга диагноз қилишга юборди. Ўзим олиб келдим, жойлаштирдик. Тўрт марта диализ олди. Икки марта қон, икки марта сувини тозалаб олишди, лекин ҳеч қандай фойда қилмади. Ўша вақтда ҳам, Самарқандда ҳам аниқ ташхис йўқ. Шамоллаш, овқатдан [заҳарланиш] вариантлари бор, лекин аниқ ҳеч нарса йўқ. Улар ҳам ўша ўша пайт ["Док-1 Макс"]дан эканини билишмаган. Дўхтирлар қандай дорилар берганимизни сўрашганда айтиб ўтганмиз.

24 — 25-октябрлар мазаси бўлмай қолганида [дори] бериб бошлаган бўлсак, 3 ноябрда бўлмади, комага тушди. Икки-уч кун давомида бошида сув тўпланиб, кўзларидан сув чиқар ҳолатга келди (йиғламсираб гапирди — таҳр.). Билмадим энди, бунга қандай изоҳ бериш мумкин?

Бутун Самарқанд вилояти, 50−60 та дорихонадан оддий бир катетер топилмади. Тошкентдан олиб келтирсак, унинг ҳам ўлчами тўғри келмади. Эртасига Тошкентдан яна почта қилдириб, бошқа олиб келдик. Бола деярли икки кун ўша аҳволда ётиб, баттар орқага кетаверди. Мана шу нарсалар қандай қилиб танқис бўлиши мумкин, билмадим энди.

Диализ қилди, биринчи кун яхшилангандек бўлди, иккинчи кун орқага кета бошлади. Юракни сув қисяпти дейишди. Мана шу ҳолатда ўғлим оламдан ўтди.

Судья: Ака, фарзандингизга дорини ким тавсия қилган?

Жабрланувчи: Аввалроқ бир шамоллаган пайти шифохонага борганимизда дўхтир «Ибуфен Д» деган доридан тавсия қилганди. Шу дори бир қанча вақт чиқмай қолди шекилли, кўпчилик ўрнига шу ["Док-1 Макс"]дан ишлатаётган экан деб, уй шароитда ўзимиз бера бошладик. Ўзимизнинг «дом»имиз пастидаги дорихонадан олинган.

Судья: Фарзандингизга неча кун ичирилган?

Жабрланувчи: Икки ярим кун давомида, икки маҳалдан кичкина қошиқчада берилган.

Судья: Грамми қанча бўлган?

Жабрланувчи: Икки-уч граммдан ошмайди. Аниғини билмадим энди. Сиропларнинг ичида қошиғи бўлади-ку, беш граммгача бордир. Аёлим ичирган.

Судья: Тушунарли. Дорининг қолгани нима бўлди?

Жабрланувчи: [Болам вафот этгандан кейин] ҳамма дориларни йиғиштириб ташладик. Ҳалиям шундай қилган эканмиз. Бошқа бирор жиянларга берилмаган экан. Дориданлиги аниқ бўлгач, уйда бўлса лабораторияга берамиз, деб ўзимиз ҳам излаб юрдик. Йўқ, чиқариб ташланган экан, топилмади.

Судья: [Терговчиларга] дорихонани кўрсатдингизми?

Жабрланувчи: Ҳа, кўрсатгандим.

Судья: Тушунарли. Прокурор, саволлар борми?

Прокурор: Судланувчиларга нисбатан даъвойингиз борми? Бўлса, қанақа даъво? Жазо масаласида-чи?

док-1 макс, суд

Жабрланувчи: Жазо хоҳлайман. Ҳеч нарса билан [боламни] қайтариб бўлмайди. Мана шундан кейин хотиним қанча депрессия ҳолатини [бошидан кечирди]. Неча ойдан бери даволанамиз — ўзига келмайди. Бу нарса [боласидан айрилган] 66 оиланинг барини ҳар тарафлама барбод қилди деб ўйлайман. Ҳозиргача ҳам [бошқа] фарзандимиз бўлмаслиги шунинг стрессиданми [деб қоламан]. Умуман, ҳаётимизни бошқа томонга ўзгартириб, юборди.

Буларга ҳеч қандай амнистиясиз, умрининг охиригача қамоқ жазоси берилишини хоҳлайман. Қолган моддий томонларини [эса] ҳамма жабрланувчилар учун [қандай] компенсация ажратилса, шундай ажратилишини сўраб қоламан.

Судья: Адвокатларимизда саволлар борми?

Адвокатлардан бири: Дорихонадан дорини ўзингиз олдингизми?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Ўшанда дорихоначига фарзандингизнинг ёшини айтганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа, айтганмиз.

Адвокат: Ёшини айтган бўлсангиз ҳам тавсия қилганми?

Жабрланувчи: Тавсия эмас, ўзимиз «Док-1 Макс» борми, деб сўраганмиз. Шундан олиб, кейин берганмиз.

Адвокат: Берилаётган пайтда йўриқномасини ўқиганмисиз?

Жабрланувчи: Охирги беришимиздан олдин ҳам бир флакон ишлатганимизда ўқиганмиз. Бир ёшу беш ойлик бўлаётганди, онаси тугаб қолган дегандан кейин бориб олиб келгандим.

Адвокат: Неча ой олдин берилган?

Жабрланувчи: Билмадим, неча ой олдин берилган. [Ўшандан қолгани] анча вақт қолиб кетганда, қандайдир ўзгаргандир деб уни бермай, бошқа олиб келдик. Ўзи [болам] кўп шамолламасди. Ўша пайт ҳам кундуз кунлари яхши юрди. Икки кун кечқурун кўпроқ оғрингани учун кучайиб кетмасин деб, олдини олиш мақсадида берганмиз.

Адвокат: Дори идишда қанча қолганлигидан хабарингиз борми?

Жабрланувчи: Олиб келингандан кейин кичкина қошиқчада 2 грамданми, 3−4 граммданми, беш маҳал берилган. Аниқ қанчадан берилганини билмайман. Фойда қилмаганидан кейин шифохонага олиб бордик.

Адвокат: Уйдаги қошиқда берилганми?

Жабрланувчи: Ҳа. Шу уйдаги болаларга бериладиган кичкина қошиқчада, чой қошиқ дейиладими, ўша.

Адвокат: Идишнинг тагида қанча қолгани эсингизда йўға?

Жабрланувчи: Йўқ. Энди берилган граммини ҳисобласангиз, келиб чиқади.

Адвокат: Агар чойқошиқда бериладиган бўлса, бир чойқошиқ беш миллиграммга тенг. Беш маҳал берилган бўлса, бу 25 миллиграмм бўлади. «Док-1 Макс»нинг йўриқномасида сиропни икки ёшдан ўтган болаларга бериш белгиланганлигидан хабарингиз бормиди?

Жабрланувчи: Йўқ, лекин ундан хабарим йўқ.

Бошқа адвокат: Ҳозир берган дастлабки кўрсатмангизда [сиропнинг] ичидан чиққан қошиқчада бердим дедингиз. Ҳозир адвокат савол берганда овқат берадиган кичкина темир қошиқда деяпсиз. Ўзи нимада бергансиз? Темир қошиқдами ёки ичидан чиққан қошиқчадами?

Жабрланувчи: Энди мен мисол қилиб айтдимда. Айрим сироплардан кичкина қошиқча чиқади-ку. Ўша ўлчамдаги ўзимизнинг кичкина қошиқачада [берганмиз].

Адвокат: Ўзининг ичида қошиқ борми?

Жабрланувчи: Энди аёлим ичирган. Борми-йўқми билмайман.

Адвокат: Нима бор [эди]? Ўзингиз очиб кўрганмисиз?

Жабрланувчи: Шу рецепт қоғози, сироп идиши бор [эди].

Адвокат: Уколга ўхшаган нарсаси борми?

Жабрланувчи: Йўқ. «Ибуфен Д»да шунақа шпритсга ўхшаган нарсаси бор. Ўзимиз берганимиз ҳам шунақа [эди].

Адвокат: «Док-1 Макс»да қанақа эди? Идишчаси бормиди, йўқмиди?

Жабрланувчи: Йўқ, менимча, йўқ эди. Ўша уй шароитидаги қошиқча билан берганмиз.

Адвокат: Ҳозир сиз «Йўриқномасини ўқимадим, 2 ёшгача бермаслик кераклигини билмадим», дедингиз. Чой қошиқда қандай миқдорда? Нега унда чой қошиқда бердингиз?

Жабрланувчи: Бундан олдин ҳам ўшандан бергандик.

Адвокат: Бундан олдин деяпсиз-да. У қанча олдин? Бир ҳафта, бир ой ёки бир йилми?

Жабрланувчи: 2−3 ойча олдин. Мана шунақа миқдорда берганимизда, 2−3 кунда яхши бўлиб қоларди. Ўша вақтда таъсири бўларди-да.

Адвокат: Охирги берганингиз ноябрь ойи бўляпти, тўғрими?

Жабрланувчи: Октябр ойи. 21−22 саналарда берганман. 24-санада шифохонада ётқиздик.

Адвокат: Бу икки ой олдин бўлган деяётганингиз август ойида, ёз фаслига тўғри келяпти. Ёзда ҳам шамоллаган бўляптими шунда?

Жабрланувчи: Ҳозир унинг қайси ой ёки саналигини аниқ билмайман. Лекин энди бола бўлгандан кейин шамоллайди-да. Ўзи унақа тез-тез касал бўлмасди. Бўлса, тўрт, нари борса, икки-уч ой олдиндир.

Адвокат: Тушунарли. Тўрт ой олдин ичирган бўлишингиз мумкин, шундайми?

Жабрланувчи: Мумкин. Энди шу 2−3 ой орасида ичирган бўлишимиз мумкин.

Адвокат: Олдин ҳам шунақа қошиқчада ичирганмидингиз?

Жабрланувчи: Ҳа, ўша ўзининг қошиқчасида берганмиз.

Адвокат: Олдингисининг ичида қошиқчаси борлигини эслаяпсиз-да, бунисининг ичида нима борлигини эслолмаяпсиз.

Жабрланувчи: Йўқ. Менимча, унинг ичида йўқ эди. Очган пайти эътибор бергандим-да.

Адвокат: Демак, ҳеч қанақа қопқоқча ҳам, уколча ҳам, қошиқча ҳам бўлмаган.

Жабрланувчи: Энди мен ўзим очмаганман, билмайман. Аёлимдан сўраб, айтишим мумкин.

Судья: Саволлар борми?.. [Жабрланувчи], сизда савол борми? Савол бериш ҳуқуқингиз ҳам бор.

Жабрланувчи: Саволларимнинг ҳаммасини айтиб бўлдим. Буларга кўриладиган чора, ичимдагилар шу.

Судья: Раҳмат, ака. Шошаётган экасиз, марҳамат, кетишингиз мумкин.

Жабрланувчи Нарзиқул Абдусаломов кўрсатмаси

Нарзиқул Абдусаломов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Нарзиқул Абдусаломов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Жабрланувчи Нарзиқул Абдусаломов 1987 йил Жиззах вилояти Жиззах туманида туғилганман. Фермер. Унинг 2021 йил 3 октябрда туғилган фарзанди — Осиё Суннатова 2022 йилнинг октябрь ойи охирида шамоллашдан тузалиш мақсадида дори ичиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Жабрланувчи: Бу сироп ["Док-1 Макс"]ни катта фарзандларимизда ҳам ишлатганмиз. Қизим октябрда эндигина бир ёшга тўлганди. Далада йиғим-терим вақти бўлгани учун [уйдан] 30 километр нарида бўлардим. Иситма қилган экан, онаси дорихонага бориб, «Док-1 Макс» олиб келиб, ўшандан берибди.

Кейин яхшиланмаяпти, кундан-кун орқага кетяпти, деб телефон қилганига [уйга] бордим-да, «Фарҳод» клиникасига олиб бордик. Икки кун қатнаб, укол олдик. Дўхтирларга шамоллаши яхшиланмаяпти десам, «Шамоллаш бирданига яхши бўлиб қолмайди, вақт даволайди», деди.

Иккинчи куни клиникадан уйга қайтганимиздан кейин хотиним боланинг сиймаётгани, [танасида] шишлар пайдо бўлиб, ўзгармай, суст бўлиб бораётганини айтди. Шундан кейин ўзимиздаги шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб бордик. «Умуман сиймаётган [бўлса], қанақадир укол қилиб сийдирамиз, [шунда ҳам ўзгариш бўлмаса], операция қиламиз, унгача текширтирасизлар», деди.

УЗИ қилдирдик. «Буйраги зўр, буйракданмас», дейишди. Шошилинчдан чиқиб, кўп тармоқлига бордик. У ердаги врач кўрди-да, «Ўткир буйрак етишмовчилиги бўляпти, вақтни ўтказмай, тезда Самарқандга борасизлар, диализ оласизлар, мана бу қоғозни ҳам олиб олинглар», деди.

[Самарқанд] кўп тармоқли [тиббиёт марказига бошқа] вилоятдан борганимиз учун врачлар иккигача ишлаши, иккидан кейин одам қабул қилмаслигини айтди. Самарқанддаги шошилинч тез тиббий ёрдамга олиб бордик. У ерда [ҳам] УЗИ қилди-да, аҳвол ёмонлиги, буйрагида кучли [жараён] кетаётганлигини айтди.

Шундан кейин Самарқанд шошилинч [тез тиббий ёрдам]да икки кун қолиб кетдик. Бизга Самарқанд кўп тармоқлидан жой тегмади. Икки кунда кейин бир аёл врач келди-да «Боланинг аҳволи жуда ёмон», деб реанимацияга ўтказди. «Кўп тармоқлига ўтасизлар», деди. Ўша катетер… Ўша врачнинг ёрдами билан ўтиб олдик.

Борганимизда «Док-1 Макс» бергансизлар. Бу бизда «Док-1 Макс»дан 10-ми, 11-ҳолат. Бекор келибсизлар, ўз вилоятларингда қолавермайсизларми, вилоятдан келганларни олмаяпмиз», деб зўрма-зўраки қабул қилиб олишди. Учинчи куни катетерни Тошкентдан зўрға топиб кетдик — Жиззах, Самарқанд, Қаршидан сўрамаган жойимиз қолмаганди. 12 ноябрь куни шунақа бўлиб қолди…

Судья: Тушунарли. Демак, дорини сизга ҳеч ким тавсия қилмади, тўғрими?

Жабрланувчи: Тавсия қилмади. Катта фарзандимиз йўталиб қолганида берганимизда яхши таъсир қилганлиги учун аёлим [яна шундан] олиб келиб берган.

Судья: Дорини турмуш ўртоғингиз берган, тўғрими?

Жабрланувчи: Ҳа, шундай.

Судья: Неча маҳал ичирганини биласизми?

Жабрланувчи: Икки маҳал ичирган.

Судья: Қанча дозада ичирганиничи?

Жабрланувчи: Уни аниқ билмайман.

Судья: Тергов жараёнида 2 миллиграмм берган, деган экансиз.

Жабрланувчи: Шу аввалги сафар қандай кўрсатган бўлса, шундай берган-да (йиғламсираб гапиради — таҳр.).

Судья: У нечанчи фарзандингиз эди?

Жабрланувчи: Учинчи фарзандим эди.

Судья: Дорининг қолгани нима бўлди?

Жабрланувчи: Ташлаб юборилди. «Амбронол»ми фарқи йўқ. Уйда қанақа тақиқланган дорилар бўлса, ҳаммаси ташлаб юборилди-да.

Судья: Терговга бермадингизми?

Жабрланувчи: Терговгами? Ҳеч ким сўрамади. Ўшандаям нима қилдингиз, ташлаб юбордингизми дейишди. Ташлаб юборганимни айтдим.

Судья: Сўрадими?

Жабрланувчи: Ҳа.

Судья: Дорихонани кўрсатдингизми?

Жабрланувчи: Кўрсатганмиз, ҳа.

Судья: Прокурор, саволлар борми?

Прокурор: Судланувчиларга нисбатан даъвойингиз борми?

Жабрланувчи: Қонунда кўрсатилгандек, қилган хатти-ҳаракатларига яраша жазо беришларингизни сўраймиз. Пулларнинг миқдорини ундириб беришингизни сўраймиз.

Адвокатлардан бири: Нарзиқул ака, дорини қаердан олгансиз?

Жабрланувчи: Ўзимизнинг маҳалладаги дорихонадан.

Адвокат: Бу дорини врач тавсия қилмаган-а?

Жабрланувчи: Аввалгисини тавсия қилган. Ўшанда қандай ҳолатда тавсия қилган бўлса, [кейинги гал] ҳам ўша ҳолатда берилган.

Адвокат: Илгари ҳам фарзандингизга «Док-1 Макс» ичирганмисиз?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Қайси ойда ичиргансиз?

Жабрланувчи: Октябрнинг охири, ноябрда.

Адвокат: Йўқ. Бу охирги марта ичирганингиз-да.

Жабрланувчи: Охирги марта ичирганимнинг санаси аниқ эсимда йўқ-ку.

Адвокат: Йўқ. Илгари ҳам деганим — ёзда, баҳорда ичирганмисиз, демоқчи эдим.

Жабрланувчи: Бунисига эмас, нариги болаларимизга ичирганмиз. Таъсири яхши бўлган.

Адвокат: Катталарга ичиргансиз-да. Дорихоначи кичкина фарзандингизга олаётганингизни билганми?

Жабрланувчи: Бир ёшга деб сўраб олинган. Тергов вақти ҳам «Дорини ёшини айтиб сўрагандиларингми?», деб сўрашганди.

Адвокат: Демак, сўраб олгансиз, тўғрими?

Жабрланувчи: Сўралган, ҳаммаси сўраб олинган.

Адвокат: Беришдан олдин йўриқнома билан танишганмисизлар?

Жабрланувчи: Қанақа дори берса, нимага таъсири борлигини ўқирдик, танишиб чиқардик.

Адвокат: Танишган бўлсаларингиз, ёши ҳақидаги қисмчага қараганмисизлар? «Қўлланилиши» деган жойига неча ёшдан неча ёшгача, қанақа дозада бериш тўғрисида маълумот бўлади. Шунга эътибор қаратганмисизлар?

Жабрланувчи: Балки қаратмагандирмиз.

Адвокат: Сўраётганимнинг сабаби, «Док-1 Макс» 2 ёшдан катта болаларга берилади. Бир ёшли болага берилмайди. Унинг таркибида [1 ёшли] болага оғирлик қиладиган моддалар борда. Шунинг учун тақиқланади. Қанча дозада бергансизлар?

Жабрланувчи: Мен миқдорини айтолмайман.

Адвокат: Келинойим биладилар?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Идиши нима бўлган?

Жабрланувчи: Ташлаб юборилди-да.

Адвокат: Терговга тақдим қилинмаган?

Жабрланувчи: Йўқ. Ижтимоий тармоқларда ўшанақа 3−4 та дорининг рўйхати «мумкин эмас» деб чиқарилгандан кейин ҳамма [дори] йиғиб, ташлаб юборилганди.

Жабрланувчи Музаффар Саидрасулов кўрсатмаси

Жабрланувчи Музаффар Саидрасулов 1983 йил Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган. Ошпаз. Унинг 2020 йил 11 майда туғилган фарзанди — Солиҳа Носирова 2022 йилнинг ноябрь ойида шамоллашдан тузалиш учун дори ичиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Жабрланувчи: Октябр ойи охирларида қизим шамоллаб қолганида аёлим дорихонадан ["Док-1 Макс"] сиропини олиб, икки-уч кун ичирган. Кейин бола сиёлмай қолган, оёғи шишган. Ўзимизнинг Иштихон туманига олиб келдик. Бу ерда икки кун ётди. Кейин Самарқанд шаҳар кўп тармоқли касалхонага олиб бордик. Етти кунми, саккиз кунми ётди. Шу билан оламдан ўтди. 17 ноябрда бир йил бўлди.

Судья: Дорини ким тавсия қилган, Музаффар ака.

Жабрланувчи: Ҳеч ким тавсия қилмаган. Аёлим дорихонага бориб, шамоллашга қарши дори деб сўраганда, дорихоначи шуни берган.

Судья: Неча кун, неча маҳалдан ичирганини аниқ биласизми?

Жабрланувчи: Аниқ билмайман, ишда бўлганман. Уч кунми ичирган-да.

Судья: Тергов жараёнида уч кун давомида икки маҳалдан дейилган экан-да. Қанча граммдан берилганини биласизми?

Жабрланувчи: Йўқ, қанча берганини билмайман. Чой қошиқ билан берган бўлиши мумкин.

Судья: Аниқ биласизми, билмайсизми?

Жабрланувчи: Йўқ, аниқ билмайман.

Судья: Терговда 2 миллиграмдан берилган дейилган экан-да.

Жабрланувчи: Аёлим берган. Аниғини у билади.

Судья: Шифохонага олиб бордингизми? Қайси шифохонага олиб борилган?

Жабрланувчи: Кўп тармоқлига олиб борганмиз.

Судья: Дорининг қолганини нима қилдингиз?

Жабрланувчи: Ташлаб юбордик.

Судья: Тергов органи сўрамадими?

Жабрланувчи: Йўқ. Ташлаб юборгандан кейин сўрашди.

Судья: Дорихонани кўрсатдингизми?

Жабрланувчи: Ҳа, кўрсатдик.

Судья: Тушунарли. Прокуроримизнинг саволи борми, марҳамат.

Прокурор: Судланувчиларга нисбатан даъвойингиз борми-йўқми, Музаффар ака?

Жабрланувчи: Даъвойим бор.

Прокурор: Қанақа?

Жабрланувчи: Умрбод қамоқ жазоси беришингизни сўрайман.

Прокурор: Зарар-чи?

Жабрланувчи: Зарарни ундириб беришларингни сўрайман.

Прокурор: Миқдори қанчалигини аниқ айта оласизми?

Жабрланувчи: Нимани?

Прокурор: Сизга етказилган моддий-маънавий зарарнинг.

Жабрланувчи: 500 миллион сўм бераверсин.

Прокурор: Бошқа саволим йўқ.

Адвокатлардан бири: Музаффар ака, «Док-1 Макс»дан бошқа яна бирорта дори берганмисизлар?

Жабрланувчи: Йўқ, бермаган.

Гувоҳ Ҳасанбой Холмирзаевнинг кўрсатмаси

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Аввалги суд мажлисларининг бирида Андижон вилоятидаги суд-тиббий экспертларидан бири Ҳасанбой Холмирзаев гувоҳ сифатида кўрсатма берган эди. Кўрсатмаси тугалланмай қолгани учун 17 ноябрдаги суд мажлисида у сўзида давом этди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳасанбой ака, қолган жойимиздан давом эттирамиз. Сиз органлардан пробалар олиб гистологга берганингиздан сўнг ўша гистолог қанақа ҳаракатларни амалга оширган?

Гувоҳ: Гистолог буйракларда ўзгаришлар, нефрит касалликларини топган.

Адвокат: Яна нималар топилган? Бошқа нарсалар топилмаганми?

Адвокат Даврон Аҳмадов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Адвокат Даврон Аҳмадов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Гувоҳ: Йўқ, бошқа нарсалар ёзилмаган. Топилган нарсалар шулар — буйракнинг касалланишига хос белгилар эди.

Адвокат: Энди қаранг, буйракнинг заҳарланганлигига хос белгилар топилгани [айтилган]. Сиз буни этиленгликолдан деб хулосалаганмисиз?

Гувоҳ: Мен хулосамни берганман. Менинг текширувим давомида этиленгликоль чиқмаган. Касалланиш пайтида бола тиббий муолажалар олгани, антибиотиклар қабул қилганлиги сабабли этиленгликоль бўлса ҳам ювилиб кетган бўлиши мумкин, деб ўйлайман. Шунинг учун этиленгликоль чиқмаган.

Адвокат: Мумкин деб ўйлайсизми? Ёки буни аниқ тасдиқлайсизми?

Гувоҳ: Тасдиқлайман.

Адвокат: Тасдиқлашингиз учун қанақа илмий асос бор? Қайси адабиётда этиленгликоль ювилиб кетиши ёзилган экан? Сиз айтган адабиётларни кўриб чиқдик, бу нарса ёзилмаган экан. Бошқа адабиёт борми?

Гувоҳ: Мен сизга айтиб бераман. Этиленгликоль чиқмаган. Лекин маълум бир вақтда давомида [тиббий] ёрдам олганлиги сабабли ювилиб кетган бўлиши мумкин. «Док-1 Макс» сиропини ичгандан кейин боланинг аҳволи ёмонлашган. Шифохонада буйрак етишмовчилиги аниқлангандан кейин болани даволаш даврида антибиотиклар қабул қилганлиги сабабли ювилиб кетган бўлиши мумкин. Ташхисларимни унинг анализ маълумотлари, клиник ва лаборатор ташхисларига асосланган ҳолда қўйганман.

Ўртоқ судья, [касалланиш] вақтида бола яшаган, терапия олган, антибиотиклар қабул қилган, суюқлик олган ва шу вақтда организм ювилиб кетган. Лекин этиленгликолни тасдиқловчи етарли маълумотлари бор. Биринчидан, анализнинг клиник маълумотлари бўйича буйрак етишмовчилиги, гистологик некроз белгилари мавжуд ҳамда ҳаммаси умумлаштирилганда ушбу заҳарланиш «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилиш натижасида келиб чиққанлигини тасдиқлаш имкониятларни беради.

Адвокат: Нафақат этиленгликоль, «Док-1 Макс»дан, балки бошқа моддалардан заҳарланганда ҳам сиз айтаётганга ўхшаш патологик белгилар, клиник бузилишлар бўлиши мумкин. Бу сир эмас, ҳамма билади. Этиленгликолни топмаган бўлсангиз, қандай қилиб айнан этиленгликолдан деб айтишингиз мумкин? Балки фақат тахмин қилишингиз мумкин[дир].

Гувоҳ: Юқорида кўрсатилгани бўйича бола аввал шамоллаган. Аяси «Док-1 Макс»ни ичиргандан кейин аҳволи ёмонлашиб, сиймай қўйяпти, бошқа симптомлар кузатиляпти. Оғирлашиб шифохонага ётганида текширувлар даврида болада буйрак етишмовчилиги, шок даври ва бошқалар топиляпти. Булар айнан «Док-1 Макс»дан келиб чиққан. Мен ўз фикримда қоламан.

Адвокат: Демак, «Док-1 Макс»дан келиб чиққан дейишингиз учун ўша анализдан кейинги… (гувоҳ адвокатнинг гапини бўлади — таҳр.).

Гувоҳ: Бўлиши мумкин деган хулоса берганман-да.

Адвокат: Тушундим, бўлиши мумкин деган хулоса берган экансиз. Жуда кўп адабиётларда, шунингдек, Ўзбекистондаги жуда кўп суд-тиббий экспертизасида фойдаланиладиган адабиётларда мурданинг организмида этиленгликолни аниқлаш методологияси белгиланган. Ушбу методологиядан фойдаланган ҳолда этиленгликолни аниқлаш чорасини кўрганмисизлар ёки йўқ?

Гувоҳ: Бу менинг вазифамга кирмайди. Сиз ишдан ташқари саволларни беряпсиз. Мен бунга жавоб бермайман.

Адвокат: Бу айнан сизнинг ўрганиш предметингизга кирадиган савол деб ўйлайман. Раислик этувчи бу саволни [олиб ташламади].

Гувоҳ: Сиз дўхтир эмассиз,. аралашманг.

Адвокат: Кимлигим билан сизнинг ишингиз бўлмасин. Саволимга жавоб беринг, бўлди.

Судья: Ҳасан ака, бўлди. Сизга мажбурият — саволларга билганингизча жавоб берасиз. Билсангиз — жавоб беринг, бўлди.

Адвокат: Кимлигимни раислик этувчига айтганман, сизга эмас.

Судья: Бўлди, тартибга риоя қиламиз. Марҳамат, жавоб беринг.

Адвокат: Жавоб борми-йўқми?

Гувоҳ: Уларни аниқлаш менинг вазифамга кирмайди.

Адвокат: Вазифангизга кирмайдими?

Гувоҳ: Унинг таркибида бор-йўқлигини мен аниқлолмайман. Буни фармацевтлар аниқлайди.

Адвокат: Хўп. Терговчи тадқиқот учун сизнинг олдингизга қанақа саволлар қўйган? Илтимос, экспертиза хулосангиздан шуни ўқиб беринг.

Гувоҳ: Ҳозир, кўрай-да. Қуйидаги саволлар қўйилган: Марҳум [Носиров]да тан жароҳатлари ва уларнинг излари мавжудми? Агарда мавжуд бўлса, улар тананинг қаерларида жойлашган? Уларнинг етказиш муддати, механизми қандай? Шифокорлар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилганми? Унинг ўлими билан шифокорлар томонидан қилинган муолажалар сабаблари кўрсатилганми? Ўлимидан аввал касал органи [бўлганми]? Унинг ўлими билан касаллик ўртасида сабабий боғланиш борми?

Адвокат: Бошқа савол йўға, қўйилмаган-а?

Гувоҳ: Бошқа савол қўйилмаган.

Адвокат: Ҳозир мен ҳам очай-да шу хулосани.

Адвокат Ҳакимов: Унгача савол бериб турсам бўладими?

Судья: Марҳамат.

Адвокат: Ҳурматли эксперт, «Док-1 Макс»нинг таркиби нимадан иборатлигини биласизми?

Гувоҳ: Билмайман.

Адвокат: Унда экспертизада «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилганлик натижасида ўлган бўлиши мумкин, деган хулосани қандай беряпсиз?

Гувоҳ: Чунки заҳарланиш… (адвокат гувоҳнинг сўзини бўлади — таҳр.).

Адвокат: Йўқ. Унинг таркибини билмасангиз, нимадан заҳарланганини қаердан биласиз?

Гувоҳ: Чунки этиленгликоль топилмаганлиги сабабли… моддаларининг борлиги шуни исботлайди-да.

Адвокат: Кечирасиз, сиз ҳозир «Док-1 Макс»нинг таркибини билмайман дедингиз. Ичида этиленгликоль борлигини қаердан биляпсиз?

Гувоҳ: Адабиётлардан.

Адвокат: Адабиётда «Док-1 Макс»нинг ичида… (гувоҳ адвокатнинг гапини бўлади — таҳр.).

Гувоҳ: Интернетга кирганимда билдим-да, этиленгликоль бўлиши, бошқа бўлишини. Кейин вилоятларда аниқланган.

Адвокат: Бўлиши мумкин дейилганми интернетда?

Гувоҳ: Вилоятларда аниқланган.

Адвокат: Нима деб аниқланган?

Гувоҳ: Шу, этиленгликоль тўғрисида.

Адвокат: Этиленгликоль тўғрисида? Экспертлар асосланган ҳужжатларга таяниб хулоса қилмайдими?

Гувоҳ: Мен уларга таянган ҳолда эмас, ўзимнинг фикримни ёзганман.

Адвокат: Хулосангизда интернетдан олинган маълумотга асосланган ҳолда «Док-1 Макс»дан заҳарланиш [бўлган бўлиши] мумкин деган жой борми?

Гувоҳ: [Интернетдан] фойдаланганман.

Адвокат: Хулосангизда бу ҳақда ёзилганми?

Гувоҳ: Шу ўқиган маълумотларимдан фойдаланганман-да.

Адвокат: Йўқ. Ўзи «Док-1 Макс»нинг ичидан этиленгликоль топилмаган-ку.

Гувоҳ: Нимадан топилмаган?

Адвокат: Шу сиропнинг ичидан топилмаган. Мен сизга хулосаларни ҳам беришим мумкин. Ичида этиленгликоль йўқ деган нарса… (эксперт адвокатни гапиришдан тўхтатди — таҳр.).

Гувоҳ: Сизлар «Этиленгликоль борми?», деб сўраяпсизлар. Бўлиши мумкин эди. Агар бўлган бўлса, шунинг таъсирлари бор экан заҳарланишда, деб айтяпман.

Адвокат: Йўқ, сиз эксперт бўлсангиз, қайси асосли маълумот ёки адабиёт асосида «Док-1 Макс» истеъмол қилиши натижасида ўлиши мумкин, деб хулоса қилгансиз?

Гувоҳ: Сизлар мендан этиленгликоль ҳақида сўрадингиз, тўғрими?

Адвокат: Ҳа.

Гувоҳ: «Док-1 Макс»ни ичгандан кейин боланинг аҳволи ёмонлашиб, буйраги шокка тушиши, сиймай қўйиши, шишишига асосланиб хулоса қўйганман.

Адвокат: Ҳурматли эксперт, мен суд жараёндагисини сўраяпман-да. Олдин сизга терговчи қарор берган-да. Қарорда бу нарсалар кўрсатилмаган. Сиз қаердан биляпсиз? Ёки олдиндан фол очиб хулоса қилганмидингиз?

Гувоҳ: Сизлар «Этиленгликоль бормиди?», деб савол бердинглар, тўғрими?

Адвокат: Худди шундай. Бормиди-йўқмиди?

Гувоҳ: Шунинг учун мен сизга жавоб бердим.

Адвокат: Йўқ. Бормиди-йўқмиди?

Гувоҳ: Менда этиленгликоль менда чиқмаган. Лекин мен таркибида бўлган бўлиши мумкин, деб беряпман. Бўлса ҳам ювилиб кетган бўлиши мумкин. Бунда этиленгликоль бор демаяпман. Бор бўлса ҳам антибиотик дориларни олгани учун ювилиб кетган бўлиши мумкин. Бола айнан «Док-1 Макс»ни олганда аҳволи оғирлашиб, сиймай қўйган. Шундан кейин бола шифохонага ётқизилган. Ёқтизилгандан кейин аҳволи ёмонлашиб боряпти.

Адвокат: Экспертни тайинлаш тўғрисидаги қарорда этиленгликоль ёки «Док-1 Макс» тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган-да. Саволим — сиз айнан «Док-1 Макс» деб қаердан оляпсиз? Айнан интернетдан кўрган нарса бўйича, фол асосида хулоса қилганмисиз?

Гувоҳ: Интернетдан кўриб хулоса қилмаганман. Бу ерда ўзимнинг фикримни ёзганман.

Адвокат: Фикрингиз нимадан, қайси ҳужжат асосида келиб чиққан, айтинг-чи?

Гувоҳ: Чунки бола келишидан олдин шамоллаган. Шамоллагандан кейин аяси дорихонада «Док-1 Макс»ни олиб, ичиряпти. Кейин боланинг аҳволи ёмонлашяпти, бошқа бўляпти. Болани олиб поликлинакага боряпти. У ерда антибиотиклар билан муолажа қиляпти. Боланинг аҳволи янаям ёмонлашгандан кейин «инфекционний»га ётқизиляпти. У ерда икки кун даволангач, ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйиляпти. Текширувга жўнатилганида болада ўткир инфекция нефритнинг охирги босқичи, буйрак етишмовчилигининг охирги босқичи, чиқаётган мачевинада кристин миқдорларининг ошиши кузатилиб, бола яна оғирлашяпти.

Адвокат: Раҳмат, ҳақиқатдан кўп маълумот айтдингиз. Шунга яна қайтиб келаман. Мисол учун, бемор шунча дори, шунча муолажалар олган-да. Айнан «Док-1 Макс»ни асос қилиш учун унинг таркибини қаердан биляпсиз?

Гувоҳ: «Док-1 Макс»нинг йўриқномасида, сиропнинг таркибида этиленгликоль бўлиши, шунинг учун шу жараёнлар бўлиши кўрсатилган-да.

Адвокат: Сиз айтаётган шамоллашга қарши антибиотик ёки бошқа дориларни нотўғри қабул қилиш ёки дозани ошириб юбориш ҳисобига бундай асоратлар келиб чиқмайдими? Фақат «Док-1 Макс»дан бўлиши мумкинми?

Гувоҳ: «Док-1 Макс»дан бўлиши мумкин. Чунки бошқа дориларни берган… (адвокат гувоҳнинг гапини бўлади — таҳр).

Адвокат: Ўша бошқа дорилардан бўлиши мумкин эмасми?

Гувоҳ: Мен унақа деб ўйламайман. Ўша «Док-1 Макс» таъсирида келиб чиққан бўлиши мумкин.

Адвокат: Нимага?

Гувоҳ: Чунки барча анализларда боланинг аҳволи «Док-1 Макс» олиб ичиргандан кейин ёмонлашаётгани [кўриняпти]. Шундан кейин боланинг аҳволи олдинга силжимаяпти, овқат емай қўйяпти, йўталяпти, иштаҳаси бўғиляпти, болага суюқлик ўтмаяпти.

Адвокат: Бунинг ҳаммасига «Док-1 Макс» сабабчи бўляпти-да, тўғрими?

Гувоҳ: Бўлиши мумкин.

Адвокат: Қайси адабиётга асосланиб бўлиши мумкин деяпсиз?

Гувоҳ: Ўша анализлар, клиник таҳлиллар, объектив белгилар, онасининг сўзларига қараб, мен «Док-1 Макс»дан бўлганлигини инкор этмайман, деяпман.

Адвокат: Инкор этмайсиз-а? «Док-1 Макс»нинг таркиби нимадан иборатлигини билмайсиз, тўғрими?

Гувоҳ: Энди «Док-1 Макс»нинг таркибидаги ҳаммасини билмайман. Ҳаммаси… (адвокат унинг сўзини бўлади — таҳр).

Адвокат: Билмасангиз, қандай хулоса қиляпсиз? Сиз экспертсиз, айнан «Док-1 Макс»дан бўлиши мумкин деб хулоса беряпсиз. Лекин таркибини билмайсиз. Бу тахминни қандай қиляпсиз?.. Раислик этувчи, бошқа саволим йўқ. Асоссиз жавоблар.

Судья: Марҳамат.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳасанбой ака, ҳозир ҳамкасбимнинг саволига «Док-1 Макс» ва этиленгликолдан бўлиши мумкин деяпсиз-да. Бўлиши мумкин бўлган бўлса, мумкин эмаслиги ҳам мумкинми?

Гувоҳ: Бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман.

Адвокат: Бўлмаслиги ҳам мумкинми?

Гувоҳ: Йўқ.

Адвокат: Мумкин дегани — мумкин эмас деганини ҳам билдиради-да. Ўзбек тили [қоидаси] бўйича.

Гувоҳ: Йўқ, бўлмаслиги мумкин демаяпман, бўлиши мумкин деяпман.

Адвокат: Бўлиши мумкин деяпсиз-а? Бўлмаслиги мумкин эмас, лекин бўлиши мумкин. Тўғри тушундимми?

Гувоҳ: Ҳа, шундан бўлган бўлиши мумкин. Чунки айнан шу дорини олгандан кейин бунинг аҳволи ёмонлашяпти… (адвокат экспертнинг гапини бўлади — таҳр).

Адвокат: Тушундим. Бўлди, эшитдик. Кейинги саволим: сиз текширган беморда яна бошқа касалликлар бўлганми?

Гувоҳ: Бўлган.

Адвокат: Қанақа касалликлар бўлган?

Гувоҳ: Ўпка зотилжам пневмонияси, камқонлик касалликлари бўлган.

Адвокат: Ушбу касалликлар ҳам ўлимга олиб келган бўлиши мумкинми?

Гувоҳ: Йўқ, улар ўлимга олиб келмаган. Чунки у касалликлар [билан] ҳаётлик даврида касалланиб келган. Улар унинг ўлимга тўғридан-тўғри сабабчи эмас.

Адвокат: Кейинги савол: болага «Док-1 Макс» билан биргаликда қанақа дори воситалари ичирилган? Хабарингиз борми?

Гувоҳ: Кейин нима ичирганини мен билмайман.

Адвокат: Кейин эмас. Бирга, бир вақтда.

Судья: Буни санаб ўтди-ку ҳозир.

Адвокат: Йўқ, касалхонада бўлганини, ювиш учун антибиотиклар берганини айтди.

Гувоҳ: Энди ҳар хил антибиотиклар берган. Ҳозир уни эслолмайман.

Адвокат: Мана, қаранг, сизга эслатишга ҳаракат қиламан. Ўзингиз хулосангизда тўхтамни ёзгансиз. «Док-1 Макс» сиропини дорихонадан она сотиб олган. «Амоксициллин» сиропини, «Инста» прошокларини олиб, беш кун давомида бирга ичирган деяпсиз, тўғрими?

Гувоҳ: Тўғри.

Адвокат: Сиз «Амоксициллин» сиропи, «Инста» прошокларининг таркиби ва улардан зарарланиш оқибатида организмда қанақа патологик ўзгаришлар бўлиши тўғрисида тадқиқот қилдингизми?

Гувоҳ: Йўқ.

Адвокат: Нега қилмадингиз? Ҳаммасини бир вақтда ичиряпти. Нега эътиборни «Док-1 Макс»га қаратяпсизу «Амоксициллин» сиропи, «Инста» порошокларига қаратмаяпсиз?

Гувоҳ: Менинг олдинги иш фаолиятимда улар ичирилганда ўлиш ҳолати келиб чиқмаган.

Адвокат: Илгари сизнинг фаолиятингизда «Док-1 Макс»дан ўлиш ҳолати келиб чиққанми?

Гувоҳ: Келиб чиқмаган.

Адвокат: Бўлди, демак, «Док-1 Макс»дан биринчи марта бўлаётган бўлса, «Амоксициллин» сиропи, «Инста»дан ҳам олдин бўлмаган экан, нега учаласини бир хил текширмадингиз? Сизга терговчи аниқ савол қўйган эди.

Гувоҳ: Уни мен текширмайман-да. Керакли жойларга бераман, лабораториялар текширади. «Док-1 Макс»нинг таркибида нима борлигини аслида фармацевтлар текширади.

Адвокат: Текширмаган бўлсангиз, «Док-1 Макс»нинг таркибида нима бору организмга нима тушганини билмас экансиз-да?

Гувоҳ: Булар асосан лабораторияларда текширилади-да.

Адвокат: Сиз текширмагансиз, тўғрими? «Амоксициллин»ни ҳам, «Инста»ни ҳам аниқламагансиз.

Гувоҳ: Улар чиқмаяпти-да.

Адвокат: Нима чиқмаяпти? Организмданми?

Гувоҳ: Организмда энди бўлган бўлса ҳам ювилиб кетган-да. Касаллангандан кейин кўп дорилар олган. Шунинг таъсирида дорилар ювилиб кетган.

Адвокат: Хўп, қаранг, ювилиб кетган бўлса, «Амоксициллин» сироп ҳам ювилиб кетган… (гувоҳ адвокатни гапиришдан тўхтатади — таҳр).

Гувоҳ: Бўлиши мумкин.

Адвокат: «Инста» порошок ҳам ювилиб кетган бўлиши мумкин, тўғрими? Демак, ҳаммаси тахминга асосланяпти. Тўғри тушундимми?

Гувоҳ: Мен лекин аниқ айтолмайман. Ўзимнинг берган хулосамда тураман-да.

Адвокат: Хулосангизни асослаб беришингиз керак-ку. Илмий асослашингиз керак.

Гувоҳ: Мен сизга асослаб бердим. Энди сиз ҳам асосан интернетдаги саволларни беряпсиз. Бу саволларга жавоб бермайман. Нимагаки, суд-тиббий экспертиза фаолияти[да] фақат иш юзасидан берилган, ўтказилган [жараёнларга] асосан жавоб беришим мумкин. Менга ундан ташқари саволлар беряпсиз-да.

Адвокат: Ҳурматли Холмирзаев, мен сизнинг қилган хулосангизни очиб, тўхтам қисмидан савол бердим. Интернетдан, бошқа нарсадан савол берганим йўқ.

Гувоҳ: Мен сизга нималигини, сабабини айтиб бердим. Лекин у дорилар таркибида нима борлигини мендан сўрамайсиз-да, ўртоқ адвокат.

Адвокат: Кейинги саволим бояги узилиб қолган саволимнинг давоми. Адабиётларда мурдада этиленгликолни аниқлаш методологияси кўрсатилган экан. Шу адабиётдан хабарингиз борми?

Гувоҳ: Йўқ. Сиз адабиётлардан олиб, ана шу интернетлардан олиб савол беряпсиз-да менга… (судья гувоҳнинг сўзини бўлади — таҳр).

Судья: Бўлди, изоҳ берманг, билмасангиз билмайман деб жавоб беринг, бўлди. Билмайди, бўлди. Савол борми?

Адвокат: Савол бор. Билмасангиз, асосий мақсад — организмда этиленгликолни аниқлаш эди-да. Нега бошқа усуллардан ҳам фойдаланиб аниқлашга ҳаракат қилмадингиз? Аниқлашнинг усуллари бор экан. Шунга изоҳ бера оласизми?

Гувоҳ: У усулларни мен билмаганим учун мен у нарсаларни аниқлолмайман. Бу саволингизга жавоб беролмайман.

Адвокат: Ҳурматли раислик этувчи, тушунарли. Жавоб беришдан бош тортяптилар. Билмас эканлар. Менинг шубҳам бор, бу экспертнинг эксперт эканлигига, малакаси борлигига.

Судья: Тушунарли. Саволлар борми, марҳамат.

Адвокат Мадаминов: Мана қаранг, ҳозир сизнинг кўрсатувларингиздан келиб чиқиб, «Док-1 Макс»дан шу буйрак етишмовчилиги вужудга келган, буйрак етишмовчилиги ўз навбатида ўлимга олиб келган деган хулосангизни тушуняпман. Тўғрими? Буйрак етишмовчилиги ўткир нефритми?

Адвокат Мадаминов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Адвокат Мадаминов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Гувоҳ: Нефрит буйракдаги хасталиклар ҳисобланади-да.

Адвокат: Шу нефрит буйрак етишмовчилигига олиб келадими?

Гувоҳ: Билмадим.

Адвокат: Нефрит буйрак етишмовчилигига олиб келадими?

Гувоҳ: Йўқ. Ўртоқ судья, бир нарсани илтимос қиламан — ишдан ташқари савол бергани учун мен буларга тўлиқ жавоб бермайман.

Адвокат: Муҳтарам раислик қилувчи, мен ишдан ташқари савол бераётганим йўқ. Мен ҳозир умумий саволдан хусусий саволга ўтиб бораман. Илтимос, жавоб беришсин. Чунки менинг навбатдаги саволларим айнан шу саволимга боғлиқ.

Судья: Холмирзаев, билмасангиз, билмадим денг. Саволга жавоб беришдан бош тортиш сизга жиноий жавобгарлик келтириб чиқаради, тушуняпсизми? Огоҳлантирилгансиз. Адвокат, аниқ саволга ўтайлик. «Нефрит буйрак етишмовчилигига олиб келмайди, билмайман», деяпти. Марҳамат.

Адвокат: Анальгетиклар буйрак етишмовчилигига олиб келадими? Агар олиб келса, қайси турдаги анальгетиклар олиб келиши мумкин?

Судья: Имтиҳон қилмайлик.

Адвокат: Муҳтарам раислик қилувчи, биринчидан, имтиҳон эмас. Иккинчидан, экспертнинг хулосасида биз тушунмаган ҳолатларимизни аниқлаб олишимиз керак бўлади. Бу киши «Буйрак етишмовчилиги «Док-1 Макс»нинг истеъмоли натижасида вужудга келган», деяпти. «Бошқа дори воситасининг натижасида эмас», деяпти. «Док-1 Макс»нинг таркибини билмас эканлар. Таркибини билмагани учун саволни анальгетик нуқтаи назаридан беряпман.

Судья: Муҳтарам томонлар, экспертиза хулосасида «Док-1 Макс»дан буйрак етишмовчилиги келиб чиққан деган жавоб йўқ. Буйрак етишмовчилиги ўлимга олиб келган. Ўпка, буйрак етишмовчилиги натижасида шунақа ҳолатга келган. Кейин ўзи гапиролмаяпти, энди билмадим. «Историяси» бор, ўша историясида «Док-1 Макс»ни ичгани тўғрисида маълумот ўтяпти. Шунинг учун шунга боғлаш мумкин деяпти. Бўлди.

Адвокат: Ҳурматли раислик қилувчи, узр. Ўзи ёзган бўлса, хулосани ўзи гапириши керак-ку.

Судья: Марҳамат.

Адвокат: Анальгетиклар буйракда токсикоз вужудга келтириши мумкинми? Шу нуқтаи назардан ёндашайлик. Аниқроқ қиладиган бўлсак, ҳаммамиз заҳарланиб ўлди деяпмиз (жимлик).

Судья: Холмирзаев, саволга [жавобни] биласизми?

Гувоҳ: Мен бунга жавоб беролмайман.

Судья: Биласизми, билмайсизми?

Адвокатлардан бири: Билмайди-да.

Адвокат Мадаминов: Эксперт учун сизлар жавоб берманглар, муҳтарам ҳамкасблар (гувоҳ томонидан жимлик — таҳр.). Муҳтарам раислик этувчи, жим туришини билмагани учун жавоб беролмайди, деб ҳисоблашингизни сўрайман.

Судья: Майли, саволни давом этинг.

Адвокат: Навбатдагиси: антибиотиклар буйракда токсикоз, яъни заҳарланишни вужудга келтириши мумкинми?

Залдаги судланувчилардан бири: Мумкин.

Адвокат: Илтимос, шу судланувчини чиқариб юборинг.

Гувоҳ эшитмаганини айтди. Адвокат саволни қайтарди.

Гувоҳ: Масалан, қайси антибиотиклар?

Адвокат Мадаминов: Менинг сизга бўлган саволим мана шу. Агар вужудга келтириши мумкин бўлса, қайси антибиотиклар? Чунки бу ерда медик сизсиз, мен эмас, Ҳасан ака.

Гувоҳ: «Айнан «Док-1 Макс»нинг таъсири бўлиши мумкин деб ўйлайман.

Адвокат: Йўқ, «Док-1 Макс»ни тўхтаб туринг. Сиз мана антибиотик… (гувоҳ адвокатни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Гувоҳ: Мен берган саволингизга жавоб беряпман-да.

Адвокат: Ҳасан ака, илтимос, жон ака. Сиз «Бола антибиотик олгани учун „Док-1 Макс“ ювилиб кетган бўлиши мумкин», дедингиз. Мен сизнинг жавобингиздан келиб чиқиб сўраяпман. Антибиотик буйрак заҳарланишига олиб келиши мумкинми? Агар олиб келиши мумкин бўлса, қайси антибиотиклар?

Гувоҳ: Мумкин эмас.

Адвокат: Мумкин эмас. Яхши. Энди жавобингиздан келиб чиқиб навбатдаги саволим. Болалар антибиотик олганлиги учун этиленгликоль боланинг танасида ювилиб кетган бўлиши мумкин, дедингиз. Болалар тиббий касаллик тарихи ҳужжатлари билан танишсиз. Сиз текширувдан ўтказган болалар қайси турдаги антибиотикларни олганлигини айтиб бера оласизми?

Гувоҳ: Йўқ, уни айтиб беролмайман.

Адвокат: [Демак], йўқ. Навбатдаги саволим. Барибир медиксиз. Қайси турдаги антибиотиклар одамнинг танасидан этиленгликолни ювиб чиқариши мумкин?

Гувоҳ: Бу савол менга тааллуқли эмас.

Адвокат: Кимга тааллуқли?

Гувоҳ: Буни даволовчи врачларга берасиз-да.

Адвокат: Даволовчи врачнинг тўғри даволаган-даволамаганлигини сизлар танани ёриб кўриб, текшириб, хулоса бермайсизларми?

Гувоҳ: У комиссион тартибда аниқланади.

Адвокат: Муҳтарам раислик қилувчи, бошқа саволим йўқ. Мен сизнинг эътиборингизни битта нарсага қаратмоқчиман. Албатта, интернетдан фойдаланяпмиз. Украинанинг илмий-тиббий порталини очиб турибман. [Ҳаволасини] ташлаб бераман.

Демак, нефрит, яъни буйрак етишмовчилигини анальгетик, парацетамол, иситимани туширишга қаратилган воситалар, ацикловир, антибиотиклар, аминогликозил, амфоперитсин Б, (адвокат яна бир нечта номларни санайди — таҳр.) келтириб чиқариши мумкин экан. Шартли равишда дори воситаси дейлик.

Шунча дори воситаси болада буйрак етишмовчилигини вужудга келтириши мумкин бўлган ҳолатда бизнинг экспертимиз буларни истисно қиладиган усулларда текшириб кўрмаяпти. Нафақат Ҳасан ака, мурдаларни ёриб кўрган қолган экспертлар ҳам. Ҳозирча шунга эътиборингизни қаратаман.

Судья: Тушунарли. Экспертга бошқа саволлар борми?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Қаранг, ҳамкасбим савол берди. Шунинг мантиқий давоми-да. Ўша тўхтамда ёзилган экан — жуда кўп миқдорда цефтриаксон дори эритмаси қилинганлиги ва цефтриаксон изларини топгансиз-да. Боланинг организмида, органларида цефтриаксон излари топилган, тўғрими?

Гувоҳ: Топилган, тўғри. Лаборатория берган анализларни Тошкентга берганмиз, Тошкентдан топилган.

Адвокат: Цефтриаксон излари топилган. Нега цефтриаксон излари ювилиб кетмаган?

Гувоҳ: Бола ўлишидан олдин беш кун икки маҳалдан цефтриаксон дорисини олганлиги учун лабораторияда айнан шу дорининг излари [чиқди-да].

Адвокат: Цефтриаксон антибиотикми?

Гувоҳ: Ҳа.

Адвокат: Кучли антибиотик, а?

Гувоҳ: Антибиотик-да.

Адвокат: Антибиотик. Демак, юқоридаги саволдан келиб чиқадиган бўлсак, антибиотиклар ҳам ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради, тўғрими-йўқми?

Гувоҳ: Цефтриаксонми, йўқми, аниқ айтолмайман. Ваколатимга кирмайдиган саволларни беряпти, мен жавоб бермайман.

Адвокат: Ҳурматли эксперт, агар ваколатингизга кирмаганида этиленгликолни ҳам «Ваколатимга кирмайди, фармацевт аниқласин», деб айтишингиз керак эди. Нега этиленгликоль қисмида ваколатингизга киряптию, цефтриаксон изи организмда яққол кўриниб турган [пайтда] «бу менинг ваколатимга кирмайди, фармацевтникига киради», деяпсиз. Буни қандай изоҳлайсиз?

Гувоҳ: Текширув натижаларидаги хулосаларга ва клиник жараёнда бўлган [ҳолатларга] асосланиб [жавоб] беряпман-да.

Адвокат: Клиник жараёнда цефтриаксон излари яққол турибди-ку. Ўзингиз этиленгликоль топилмади деяпсиз, лекин… (гувоҳ адвокатни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Гувоҳ: Ножўя таъсири бўлмагани учун [шундай дедим]. Интернетдан олиб, менинг ваколатимга кирмайдиган саволларни беряпти-да. Бунга жавоб бермайман.

Адвокат: Интернетдан олинмаяпти. Китобдан, адабиётдан олиняпти. Кейинги саволим: антибиотик билан этиленгликоль ўртасидаги заҳарланишдан заҳарланган тақдирда бир-биридан қанақа фарқли белгилари бор? Ҳозир «йўқ, бу бошқача» деб фарқлаб бердингиз. Бу антибиотикдан эмас, этиленгликолдан деб қандай фарқладингиз? Ҳар бирида қанақа патологик белгилар бўлади? Этиленгликолдан заҳарланиш ва антибиотикдан заҳарланиш ўртасидаги фарқ қайси адабиётда кўрсатилган? Буни қандай фарқладингиз?

Гувоҳ: Нимани фарқлайман?

Адвокат: Антибиотикдан заҳарланиш бор, этиленгликолдан заҳарланиш бор — иккала заҳарланиш ўхшашми, фарқлими? Ўхшаш бўлса, ўхшаш деб айтинг. Агар фарқли бўлса, фарқлари қайси адабиётда кўрсатилган?

Гувоҳ: Жавоб бермайман.

Адвокат: Жавоб бермайсизми?

Гувоҳ: Йўқ.

Адвокат: Ҳурматли раислик этувчи, жавобгарлик ҳақида…

Судья: Жавоб бермайсизми ёки билмайсизми?

Гувоҳ: Жавоб бермайман, билмайман. Менинг ваколатимга кирмайдиган саволларни бергани учун жавоб бермайман.

Адвокат: Ҳурматли раислик этувчи, «Жавоб бермайман», деяпти.

Судья: Бўлди, суд баҳо беради.

Гувоҳ: Жавоб беролмайман деяпман.

Адвокат: Илтимосномам бор, ҳурматли раислик этувчи.

Судья: Марҳамат.

Адвокат: Ҳурматли раислик этувчи, эксперт асосли саволларга жавоб беришдан бош тортяпти. Бу ҳаракати жиноий жавобгарлик келтириб чиқаришидан огоҳлантирилган. Шунинг учун ушбу экспертга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилишингизни сўрайман.

Гувоҳ: Нотўғри айтдингиз ҳозир. Мен жавоб беролмайман деяпман сизга.

Судья: Марҳамат, муҳтарам прокурор.

Гувоҳ: Мен… (судья уни гапиришдан тўхтатади — таҳр.)

Судья: Жим туринг, бўлди.

Прокурор: Илтимосномани рад қилишингизни сўрайман.

Судья: Қолган адвокатларнинг фикри.

Адвокат Ражабов: Ҳурматли раислик қилувчи, бу экспертимиз буйрак етишмовчилигининг патологик ўзгаришлари тўғрисида ҳам маълумотга эга эмас. Бунга чора кўриш керак. Қўллаб-қувватлайман.

Суд залидаги 10 дан ортиқ адвокатлар ҳамкасбининг илтимосномасини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бир нечта адвокат судга ҳавола қилган бўлса, бир нафари фикрини музокарада айтиб ўтишини билдирди. Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган саккиз судланувчининг бари илтимосномани қўллаб-қувватлашини билдирган бўлса, озодликдаги судланувчиларнинг беш нафари қўллаб-қувватлади, қолган етти нафари судга ҳавола қилди.

Судья: Муҳтарам жараён иштирокчилари, Жиноят-процессуал кодексининг 417-моддаси тартибида суд жиноят ишини кўриш давомида бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят иши аломатлари бор-йўқлигини аниқласа, иш бўйича қарор қабул қилишни маслаҳат уйида баҳо бериши қонунда назарда тутилган. Шу боис биз илтимосномани иш бўйича якуний қарор қилиш жараёнида ҳал этамиз. Иш ҳужжатларига қўшдик. Тушунарли, а? Бошқа саволлар борми? [Гувоҳ], раҳмат сизга.

Гувоҳ: Ўртоқ судья, менинг гапим бор.

Судья: Марҳамат.

Гувоҳ: Ҳозир мен жавоб бермайман демадим. Жавоб беролмайман дедим. Булар менинг айтганларимни нотўғри талқин қиляпти. Мен бундан норозиман.

Судья: Тушунарли, кетаверишингиз мумкин, марҳамат.

Эксперт Расул Оқманов кўрсатмаси

Расул Оқманов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Расул Оқманов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Эксперт Расул Оқманов 1980 йил Хоразм вилоятида туғилган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институти катта илмий ходими, кимё фанлари номзоди.

Судья: [Расул ака], мутахассис сифатида иштирок этгансиз. Ҳолатга аниқлик киритиш учун сизни судга чақирдик. Сиз 2023 йил 13 январда Юрсуналиев ва Маматжонова иштирокида Дори воситаларини сертификатлаш марказига (кейинги ўринларда ДВСМ — таҳр.) бориб, ВЖХ (юқори самарадор суюқликда текшириш, норматив ҳужжатларда белгиланган махсус ускуна — таҳр.) ва спектометр аппаратларини ўрганган экасиз. Шунақами?

Эксперт: Бир кун олдин чақирилганда ўзини Бекпўлат деб таништирган терговчи «Анализлар ҳақиқатдан амалга оширилганми?», деган маънода савол қўйди. Ишимиз ВЖХдаги «история»ни кўтариб, ундаги «Док-1 Макс» бўйича анализларни терговчига топиб беришдан иборат бўлган.

Адашмасам, ўн нечтадир анализ эди, фақат биттасини тополмадик. У ерда файллар ном билан ёзилмайди. «Док-1 Макс» деб эмас, қандайдир штрихлар билан ёзилади. Мингдан ортиқ файлни анализ қилиб, ичидан кераклиси [топилди]. Ишни жадаллаштириш мақсадида ўша препарат ДВСМга тақдим қилинган. ДВСМ хулоса берган файлларни кўриб, ичидан кераклисини топиб берди.

Судья: Фақат ВЖХни текширдиларингми, спектометрни-чи?

Эксперт: Иккаласи ҳам.

Судья: Унда ҳам «Док-1 Макс» текширилганми, йўқми?

Эксперт: Текширилган.

Судья: Текширилгани аниқми?

Эксперт: Аниқ. Бир вақтда иккаласида [ҳам] текширилган.

Судья: Иккаласида ҳам текширилган ҳолат аниқланди, а?

Эксперт: Ҳа.

Судья: Тушунарли. Сиз иккита аппаратнинг хотирасидаги маълумотларга ўзгартириш киритилганлиги, яъни орқа санага қайтарилганлик ҳолатини ўргандингизми, йўқми?

Эскперт: Йўқ.

Судья: Ўрганмадингиз-а уни?

Эксперт: Йўқ.

Судья: Прокуроримиз саволлар борми?

Прокурор: Бор. Шунинг давомига. [Сиз] ўзи шу аппаратлар бўйича мутахассисмисиз?

Эксперт: Ҳа.

Прокурор: Орқага қайтариш имкони борми, йўқми?

Эксперт: Айнан бу савол нимадан келиб чиқади. ВЖХни бир нечта фирмалар ишлаб чиқаради. Waters , Shimadzu, Agilent ва яна бошқа компаниялар ҳам бор. У ерда Agilent компаниясида ишлаб чиқарилган ВЖХ турибди. Агар оператор бирор бир командани ўз ўрнида эмас, бошқа бир жараён билан бошласа, уни «заметка» қилиб қўяди. Буни қандай сезиш мумкин? Масалан, «Anna Alise» спектр бўладиган бўлса, худди ўша спектр келаверади. Фақат тепасида ўша файлга ўзгартириш киритилган деб ёзиб қўяди. Лекин спектрни ўзгартиролмайди. Фақат «отчёт»да бу нарса кўринади.

Прокурор: Йўқ, майли. Бизга униси қизиқ эмас. Санасини ўзгартириш имкони борми, йўқми?

Эксперт: Агар сиз приборист бўлсангиз, приборни бугун эрталаб келиб, оддий компьютерда 22 йил декабрь билан ёзиб, бирорта иш қилсангиз, уни декабрда қабул қилиб қолади.

Прокурор: У ҳам шу декабрга тушадими, бугунги кунга тушадими?

Эксперт: Компьютерни декабрь деб ёқдингиз-ку.

Судья: Демак, қайтариш мумкин.

Судья: [Саволлар бўлса], марҳамат, Н.Ш., сизнинг илтимосингиз бўйича чақирилгандилар.

Судланувчи Н.Ш.: 2023 йил 13 январда тергов органи томонидан ДВСМда соат 11:00 дан 22:00 гача текширув олиб борган эдинглар. Сизларга айнан қанақа топшириқлар берилганди? Айнан нималарни кўздан кечириш, қанақа саволлар қўйилганди? Сиздан ташқари яна айтичилар ҳам бор эди. ДХХ айтичиси, кейин ўша «оборудование»ни «поставка» қиладиган дастурчилар ҳам келганди. Уларга қанақа топшириқлар қўйилган эди? Чунки бизга рухсат бўлгани йўқ, ичкаридаги [жараёнларга] қатнашмаганмиз. Ўша пайт сизлар ичкарида эдингизлар.

Судья: Н.Ш., бу саволга жавоб берди. ВЖХ аппаратини, спектометрда айнан «Док-1 Макс» текширилган-текширилмаган ҳолатини ўргандик деб жавоб берди.

Судланувчи Н.Ш.: Йўқ, булардан ташқари айтичилар ҳам бор эди. Бевосита «оборудование»ни созлайдиган мутахассислар ҳам келиб ўрганди.

Судья: Шу учта одам қўл қўйган-да бизнинг баённомада. Расул ака, ёнларингизда айтичи ҳам бўлганми?

Эксперт: Йўқ. Мен танийдиган ходимлардан бири Биоорганик кимё институти ходими, фан доктори Олим Матчанов. У ҳам ВЖХ, спектометрда ишлашни билади. Қолгани айтичи, бошқаларни танимайман. Уларга қандай топшириқ берилганини ҳам, тўғриси, билмайман. Энди анча вақт ўтиб кетди. Эсимдан чиққан бўлиши мумкин.

Лекин бизга терговчи «Лабораторияда ВЖХда анализлар амалга оширилганми? Оширилган бўлса, файли қани?», деган саволни қўйган эди. Яна «Лабораторияда бир нечта ходим бор. Шулардан ким айбдор?», тарзидаги бизга мансуб бўлмаган савол ҳам бор эди. Мабодо «Док-1 Макс»нинг бирор ҳужжати бўлса, кўриб айтиш мумкин.

Ўша вазиятда терговчи билан шундай ҳолат бўлдики, мана «показания», текширинглар, ДВСМда шу талаб қилиняпти… Терговчининг позицияси шундай бўлдики, лабораториядан кимдир бу ишга бош қўшганми, қўли борми, деб савол қўйилди. «Док-1 Макс»нинг анализ ҳужжатлари бўлса, марҳамат, кўришингиз мумкин.

Адашмасам, саккизта «показания»ни лаборатор текшириш керак экан. Биринчиси — мазаси. У ерда ҳалиям ментол ёки асаллик деган параметр ёзилган. Иккинчиси — ранги, учинчиси — [палши], тўртинчиси — зичлик, бешинчиси — ўша таъсир қилувчи модданинг бор ёки йўқлиги, олтинчиси — унинг миқдори, [қолганлари] эсимда йўқ. Лекин саккизта банд эди.

Кейин ўша терговчига айтдик. Лаборатория ходимларини бўлиб берсанглар, ранги, мазаси, [палши], зичлиги, миқдори, бошқа-бошқаларини аниқлайдиган шахслар [бор]. «Бу ерда этиленгликолни аниқлайдиган шахс йўқ-ку» деган гап билан жараён тугади. Яъни ВЖХ ҳам, спектометр ҳам, яъни ҳужжатда бор приборлар этиленгликолни аниқлашга хизмат қилмайди.

Судланувчи Н.Ш.: ВЖХда таҳлил қилинган ёки қилинмаганлиги, қачон анализ қилинганлигини қайси дастурга кириб аниқлаш мумкин? Айнан шу қурилмада бажарилганлигини.

Эксперт: Программа икки хил усулда ишлайди. Онлайн ёки офлайн. Агар сиз прибор билан амалга оширмоқчи бўлсангиз, бу жараён онлайн амалга оширилади. Ёки фақат анализ натижаларини кўрмоқчи бўлсангиз, компьютернинг ўзи офлайн режимда ишланади-да, «история» кўтарилиб, қараш мумкин.

Судланувчи Н.Ш.: Сиз шахсан ишчи столга сақлаб олинган PDF файлга қараб туриб, анализ қачон қилингалигини айтиб бероласизми? Айнан ВЖХнинг программасига кирмасдан туриб.

Эксперт: Агар PDF файл бўладиган бўлса, ВЖХ шундай бир нимаки, исталган бир файлни кўз олдиларингизга келтирсангизлар, тепасида биринчи қаторда анализ қайси нома билан номланаётгани, компьютернинг қайси дискида, қайси папкада, қачон «создание» бўлганлиги тўғрисида ахборот туради.

Судланувчи Н.Ш.: «Дата изменения» бўлса, бу ўша файлга ўзгартириш киритилди деганими? Ёки ҳар сафар «обрашение» қилганда, «дата изменения» ўзгариб қолиши мумкинми?

Эксперт: «Дата изменения» фақат методикага тегишли.

Судланувчи Н.Ш.: Йўқ, файлга.

Эксперт: Уни айтичилардан сўрасангиз мақсадга мувофиқ.

Судланувчи Н.Ш.: Демак, ВЖХнинг ўзини боя айтган дастурларга кирмасдан туриб, анализ қилинган-қилинмагани тўғрисида маълумот бериш мумкин эмас, тўғрими?

Эксперт: Агар PDF қўлингизга тушиб қолса, шу компьютер ёки шу прибор қўлингизда бўлса, шу файлни оригинал тополсангиз, бу реал. Тополмасангиз,. (гапини давом эттирмайди — таҳр.).

Судланувчи Н.Ш.: Йўқ. Файл «рабочий стол»да турибди. Лекин ўша «рабочий стол»га ажратиб олинган файлни ёки бошқа компьютердан ҳам ўтказилиши мумкинми, масалан? Битта компьютердан бошқа компьютерга ўтказилиши мумкинми? Айнан шу ВЖХда ўтказилди дегани эмас, тўғрими?

Эксперт: Шунақа, ўтказиш мумкин.

Судланувчи Н.Ш.: Спектрофометр бўйича кўздан кечириш жараёнида айнан 2021−2022 йилдаги тааллуқли бўлган «Док-1 Макс» сиропидан нечта сериясини аниқлагансизлар?

Эксперт: Айнан ўша вазиятда «Док-1 Макс» бўйича спектрофометрда қилинган анализ ёнма-ён ВЖХда қилинган анализга тўғри келгани, саналари билан мос келгани учун буни эътибордан ўчирдик. Биз фақат келган асосий маълумотларни, яъни дори неча марта лабораторияга келган, неча марта анализ бўлганини билардик.

Ёнма-ён қўйганимизда бир хил санада иккита приборда анализ келиб чиқди. Шунинг учун спектрофометрни энди лаборатория ходимлари қизиқишган, кўришган бўлиши мумкин. Лекин ВЖХ талаб қилган ҳужжат бор. Инобатга олмаслик ҳам мумкинми, деган маънода эътибор қаратмаганмиз.

Судланувчи Н.Ш.: Сиздан кейин келган мутахассислар шунақа «заключения» берганки, битта серия маҳсулотни иккита компьютердаги PDF файлдан ҳам аниқлади. Яъни ўша приборда қилинди деган. Лекин программага кирмасдан туриб «заключения» бера оляпти. Сиз айта оласизми, масалан, флешкадан олиб туриб, бу «рабочий стол»га ташласа, бўладими? Айнан компьютер «рабочий столи»да турибди дегани шу қурилмада қилинди деган хулосага олиб келиши мумкинми, йўқми? У программага кирилмаган. ВЖХнинг ўзининг программаси бор.

Судья: Н.Ш., «Биз иккаласининг бир вақтда текширилганлигини аниқладик. Талаб ВЖХ бўлгани учун инобатга олмасдик», деяпти.

Судланувчи Н.Ш.: Йўқ. Мана Вафоев билан Турсунов ВЖХнинг иккита компьютерида ҳам айнан бир хил серияни аниқлаяпти. Лекин «заключения» берилганда датаси бошқа-бошқа деб [иддао] қиляпти-да.

Судья: Ҳозир сизга Оқмонов «Иккаласини ҳам бир хил вақтда текширилганини аниқладик. Лекин талаб, тартиб ВЖХда текширилиши керак бўлгани учун буни инобатга олмадик», деяпти, эшитган бўлсангиз. Унда ҳам текширилганини инкор қилмаяпти.

Эксперт: Терговчи «Шунга нима деб қарайсиз», деган саволни ҳам қўйган эди. Биз ўшанда «Параллель ВЖХ бор. Ҳужжат ВЖХ талаб қилади, буни қизиқишга қилиб кўргандир, эътибор қаратмаслик керакдир», деганмиз.

Судланувчи Н.Ш.: Мен айтмоқчиманки, Вафоев ВЖХнинг компьютеридан буюряпти. Масалан, 2021 йил 23 ноябрда уч маротаба қилинган 2105, 2106 серияси деяпти. Бу ёқда Турсунов 2021 йилнинг 17 октябри[да] 2106 серияси икки маротаба қилинган деяпти. Лекин ичини очиб қараса, иккаласида ҳам бир хил файл, дата анализи ҳам битта. Яъни битта файл иккала компьютерда ҳам турибди.

Улар «заключения» беряптики, иккита компьютернинг хотирасида ҳам қайта-қайта ВЖХ қилинган, битта нарса деган, биттасида икки марта инерция қилинган, биттасида уч марта. Шунчаки файл «сохранит» қилинган-да. Ўша мазмунда [савол] беряпман-да ҳозир. Натижа иккаласида ҳам бир хил.

Иккаласида хроматограммаси бир хил, дата анализ, дата инъекция, серия, «плошад пиклари» ҳам бир хил. Лекин иккита компьютерда ҳам «рабочий стол»да турибди. «Рабочий стол»да турибди дегани — айнан шу хроматограммада ВЖХ қурилмасида қилинди, деган хулоса беришга асос бўла оладими-йўқми?

Эксперт: Приборга офлайн режимда кирасиз. «Отчёт» файлининг ўзининг тилида бўлади. «Отчёт» файлини команда қил деган командани босасиз. Қаерга қилиш кераклигини сўрайди. Хоҳланг флешка қўйиб, флешкага денг, хоҳланг «рабочий стол»га денг, қолаверади. Лекин оригинал ўша рақамли файли бўлмаса, бу файл маънога эга эмас ёки кучга эга эмас.

Судланувчи Н.Ш.: Бўлди, раҳмат. Шу жойи керак эди. Ҳурматли раислик этувчи, шу жойда айтиб кетмоқчиманки, булардан кейин келган мутахассислар хроматаграммасига тегишли бўлган ўзининг программасида эмас, «рабочий столи»даги файллардан фойдаланиб, уларга асосланган ҳолда хулоса берган. Неча марта инъекция қилинганини билиш учун ҳар бир ВЖХ программаси бор. Ўша офлайн режимга кириб туриб, аниқлаш имконияти [бор]. Улар текшириш керак бўлган жойга эмас, умуман бошқа, «рабочий стол»да юзаки текширув ўтказиб, хулоса берган.

Судья: Тушунарли. Саволлар борми?

Адвокат Раҳматов: Сиз ВЖХ, спектрометрия бўйича мутахассиз экансиз. Пропиленгликолни текшириш назарда тутилмаган экан. Савол — мана шу ВЖХдами, спектрофометриядами — алоҳида-алоҳида текширилади-ку, масалан, «Док-1 Макс»ни оладиган бўлсак, ўша суюқликнинг ўзини қўяди. Ичида пропелингликол бор. Ўша пропиленгликолнинг таркиби ўзгарганлиги, қанақадир бошқа пикми, берадими йўқми? Таркиби сал «нето» бўлса, аниқласа бўладими?

Эскперт: Саволингизга тушунишим бўйича, этиленгликолми, пропиленгликолми бу инструмент кўрсата оладими деяпсиз. Бу спектрофотометр ҳам суюқ моддаларни анализ қилмайди. Спирт, сув, этиленгликоль ёки пропиленгликолни сиз ВЖХда кўролмайсиз.

Адвокат: Демак, ўзгарганми, ўзгармаганми, аниқлаб бўлмайди?

Эксперт: Йўқ, аниқлаб бўлмайди.

Адвокат: Буни аниқлаш учун аниқ билиш керак-да ўша ерда.

Эксперт: Газли хроматогроф керак.

Адвокат: Хўп. Газли хромотогрофга ўша ерда ҳам кўрсатилган, саккизта моддани текшириш керак. Буюк Британия фармакопеяси бўйича 8 та «показания» «Док-1 Макс» бўйича тасдиқланган. Пропиленгликол назарда тутилмаган деяпти. Лекин сиз ҳозир айтяпсиз, газли [хроматогроф]дан текширилганда ўша нарсани аниқласа бўлармиди, йўқмиди?

Эскперт: Газли хроматогроф 400 градусгача учадиган хоҳлаган компонентнинг, пропиленгликолми, этиленгликоль ёки спиртми, сувми, бошқами, фарқи йўқ, хоҳлаган компонентнинг хоҳлаган формасини топа олади. Фоизини ҳам, сифатини ҳам, миқдорини ҳам аниқлай оласиз.

Адвокат: Унинг учун сиз газли хроматогрофга шу нарсани аниқлаш бўйича команда беришингиз керакми?

Эксперт: Шунақа.

Адвокат: Ичида, кутубхонада эталон бўлиши керакми ёки эталонни ҳам қўшиш керакми?

Эксперт: Газли хроматографлар бир нечта конфигурацияда сотилади. Агар сизда газли хроматограф (кейинги ўринларда ГХ — таҳр.) ёки «газовий жидкости» хроматограф (кейинги ўринларда ГЖХ — таҳр.) ўзи бўлса, сиз эталон ишлатишга мажбурсиз. Агар унга ёрдамчи мас-детектор уланган бўлса, қайси антибиотик, умуман, ҳамма тафсилотларини кутубхонасида ўзи айтади.

Адвокат: Яъни ўша эталон бериш учун сиз мана шу нарсани излаяпман, деб беришингиз керак?

Эксперт: Мас-детекторли ГЖХга эталон шарт эмас. Кутубхонасидан ўзи топади.

Адвокат Мадаминов: Тушунишим бўйича спектрометрия бўйича мутахассиссиз?

Эксперт: Ишлайман.

Адвокат: Ишлайсиз-а? Хромато мас-спектрометрияни ҳам тушунасизми?

Эскперт: Хроматографда ишлайман, «мас»ини ҳали ишлатмайман.

Адвокат: Шу соҳада ишлаб, кўникмангиз бўлгани учун терговда қўйилган саволнинг сал бошқачароғини бермоқчиман. Бу Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида ўтказилган кимёвий экспертиза билан боғлиқ. Agilent Technologies СТИР 640 сонли ускунадан хабарингиз борми?

Эскперт: Одатда 4 та рақам бўларди, учтасини айтяпсиз.

Адвокат: СТИРФ — ИР

Эскперт: Тахминий тасаввурга эгаман.

Адвокат: Хўп, энди навбатдагиси. Agilent Technologies ГС 6890/МС 5973 М.

Эксперт: Бу мас-детектори билан жиҳозланган газли хроматограф. «ГС» газли хроматографни, дропдан кейинги «МС» мас-детекторни билдиради.

Адвокат: Мана шу иккала ускунада текширув ўтказилгандан сўнг текширув натижаларини бирор бир тарзда чоп этиш имкони борми?

Эскперт: Мумкин.

Адвокат: Муҳтарам раислик қилувчи, буни сўраганимнинг сабаби, булар мутахассиси эканлар. Кеча «Хадича Сулаймонова»нинг кимё экспертини сўроқ қилдик. Эътибор берсангиз, бирорта кимё экспертизасининг ортига мана шу натижаларини чоп этиб, илова қилиб қўйишмаган. Ичида биз учун тушунарсиз қилиб ёзиб қўйилган. Бу нарсага кейинчалик эътиборингизни қаратмоқчиман.

Мана шу иккала ускунадан фойдаланган ҳолда тадқиқот учун тақдим қилинган объектнинг тўлиқ таркибини аниқласа бўладими?

Эксперт: Ҳозир сиз айтган «ГС/МС»лик газли хроматограф мас-спектометри ишлаш критериясининг паспортини танишга тўғри келади. Одатда у ерда икки хил колонка ишлатилади. Биринчи колонка 350 градусгача учувчи компонентлар, иккинчиси 420 градусгача. Агар мабодо ўзингиз майда апилка, кумуш, олтин солиб юборган бўлсангиз, уни топмайди. Чунки у 400 гача учмайди. Натрий хлор қўшсангиз ҳам 400 гача учмайди. Хулосани 400 гача учадиган компонентларни 100 фоиз аниқлай олади деб қарасангиз, тўғри бўлади.

Адвокат: 400 градусгача, бу суюқликлар[ми?]

Эксперт: Суюқ бўлмаган қаттиқ моддалар ҳам бор. Олдин 100 градусда суюқ формага ўтади. Кейин 200−250 градусда газ формага ўтади-да, кейин анализ қила олади.

Адвокат: Бизнинг ҳолатда «Док-1 Макс» ва «Амбронол» суюқликлари назарда тутиляпти. Мана шу буларнинг тўлиқ таркибини аниқлай оладими?

Эксперт: Бу ерда ичидаги ҳар битта модданинг учиш ёки қайнаш температураси кўриб чиқишга тўғри келади. Ускуна паспортида мос келадиган бўлса, ҳаммасини 100 фоиз аниқлайди.

Адвокат: Раҳмат, Расул ака.

Адвокат Ҳакимов: Гапингиздан ВЖХда этиленгликоль, дециленгликолни аниқлаб бўлмайди, деган маънини тушуняпман. Раислик этувчи, этиленгликолни биринчи аниқлаган [судланувчи] опадан сўрамоқчи эдим. Адашмасам, «ВЖХда аниқладим», дедингиз-а?

Судья: Бошқа усул йўқ, деди-ку.

Судья Мусо Юсупов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Судья Мусо Юсупов. Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Адвокат: Қайси, ВЖХда аниқлаганмисиз?

Судланувчи Г.: Ҳозир лабораторияда газли хроматография усулида аниқлаш имкони ҳам бор. Биз биринчи қилганимизда ВЖХ усулида қилганмиз. Аминоколонка ишлатиб, фақат детектор билан қилганмиз. Лекин «Док-1 Макс»даги «условия»да улар… (судья судланувчини гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судья: Г. опа, сиз медикларнинг тилида гапирманг-да. Сиз тушунарли тилда гапиринг-да.

Судланувчи Г.: ВЖХ дейилаётганда биз ҳақиқатдан юқори самарадор суюқлик хроматографияси усулида қилганмиз. Фақат у ерда УФ детектор дегани ишлатилади. «Док-1 Макс»даги унақа детектор билан чиқмайди, бу киши тўғри айтдилар.

Биз «рефрактометрический детектор» ишлатганмиз. Худди ўша аминокислоталар, қандларни аниқлашга яқин усулда, адабиётлардан фойдаланган ҳолда такомиллаштириб қилганмиз. ВЖХ усули, ўша… (судья гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судья: ВЖХда бошқача метод билан қилганман, дедингиз.

Судланувчи Г.: Ҳозир газлида ҳам қиляпмиз. Лекин биринчи бошида ВЖХ [эди].

Адвокат: Ўша усул бирорта адабиётларда тасдиқланганми, йўқми?

Эксперт: ВЖХ бир нечта детектор билан жиҳозланиши мумкин. Ўша ДВСМда тургани адашмасам, УЭф детектор ёки «дётрамичний» детектор бўлиши мумкин. Булар билан этиленгликоль топилмайди. Агар мабодо сиз «рефроктромечиский детектор» ишлатсангиз, балки бўлиши мумкиндир. Мен бунда ишлаб кўрмаганман.

Адвокат: Ҳозир менинг тушунишим бўйича опа айтган аппаратда аниқлаб бўлмайди.

Эксперт: Сизга аппаратни қандай тушунтирсам экан. Бир нечта блоклардан иборат. Охирги хулосани берадиган блок 5−6 хил модификацияда бўлади. Сиз мақсадингизга қараб, уни ўзингизга буюртма қилиб сотиб олишингиз мумкин. Масалан, УЭф детектор ёки «дётрамчний» детектор, «рефрактометрический детектор» ишлатишингиз мумкин. Бу детекторларнинг ҳар бирининг вазифаси ҳар хил. Энди «рефрактометрический детектор»да мен ишлаб кўрмаганман. Лекин унда этиленгликоль сигнал бериши мумкин. Чунки у хромофор гуруҳи йўқ бўлган моддаларни ҳам аниқлашга хизмат қилади.

Адвокат: Лекин бирор жойда аниқ эмас. Айнан шунинг миқдорини ҳам аниқласа бўладими?

Эксперт: Мен бу детектор билан жиҳозланган приборда ишлаб кўрсамгина айта оламан.

Судья: [Эксперт] бу методни билмайди. Шунақами?

Эксперт: Шунақароқ.

Судья: Марҳамат, адвокатларимизда саволлар бўлса,

Судланувчи И.М.: Сиз, ВЖХда қилинган «Док-1 Макс»нинг қайсидир бир анализ санасида спектрофотометрда ҳам спектр бор деб айтдингиз-да. Саволим шундан иборатки, сиз айнан битта сериясининг спектрофотометрда борлигини билдингиз-да, тўғрими? 21 га яқин серия бор эди. Қолганларининг спектрофотометрда бор-йўқлигини текшириб кўрмагансиз-а?

Эксперт: Саволингизга жавоб шундайки, компьютердаги бор файлларнинг ичида биринчи излашимизда «Док» ёки «Макс» деган жумлалари бор файлларни изладик. Булар спектрофотометрда бор-йўғи учта ёки тўртта эди. Лекин яна бошқа файллар бор-йўқлигини мингдан ортиқ файлнинг ҳаммасини очиб, «Док-1 Макс»нинг историяси билан таққослаб чиқишга тўғри кел[а]ди.

Судланувчи И.М.: «Док-1 Макс»нинг таркибидаги асосий таъсир қилувчи моддалари парацетомол, гвайфенозин, фенилефрин, гидрохлородлар ва натрий бензоатларни спектрофотометрда юқори таҳлил қилиш имкони борми?

Эксперт: Сиз айтаётган тўртта моддадан учтаси паспортида бор. Паспортини очиб кўрсангиз бўлади.

Адвокат: Спектрофотометрда таҳлил қилиш, миқдорини аниқлашнинг имкони борми демқоқчиман.

Эксперт: Бунга спектрофотометрда анча йиллик тажрибага эга шахс жавоб бера олади. Мен ишлаб кўрганман. Лекин бу саволга 100 фоиз жавоб беролмайман.

Судья: Тушунарли, бўлди.

Судланувчи И.М.: Сиз билан ўша куни комиссия сифатида айти мутахассислари ҳам иштирок этганди. Сиз… (судья судланувчини гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судья: Уларни билмайман, танимайман деди.

Судланувчи И.М.: Тушунарли. Яна битта саволим бор эди. ГХМС ускунасида таҳлил қилинган препарат таркибидаги ёт модда, этиленгликоль ва дециленгликол моддасини аниқлаганда эталон шарт эмас, дедингиз. Эталон шартмаслиги бу фақат чинлигини аниқлаш учун, тўғрими?

Эксперт: Агар сизга бирор баклажкадаги суюқликни берса, сироп деб тасаввурга эга бўлинг. Компонентлар нимадан иборат деган саволга жавоб топмоқчи бўлсангиз, ГХМС сизга 400 градусгача учувчи барча компонентларнинг кимлигию, исмию, бошқа ҳамма маълумотларини чиқариб беради.

Судланувчи И.М.: Бизга ҳозир бу суюқликда этиленгликоль ва дециленгликол муҳим-да. Булар 400 градусгача учувчан моддалар. Демак, чиқади. Бу фақат борлигини тасдиқлаб беради. Шу усулда қилган тақдирда ҳам миқдорини аниқлаш учун эталон керак бўладими?

Эксперт: Агар ўша приборда 10 йил ишлаган тажрибали шахс бўлса, топиб бера олади.

Судланувчи И.М.: Миқдорини айтаман

Эксперт: Миқдорини ҳам топиб беради. 10 йил тажрибага эга шахс керак. Тасаввур қилинг, 10 йил давомида сизнинг хатолигингиз бир фоиздан камга тушади. Эталон билан ишлашни бошлайсиз. Шунда ҳам кўп хатолар бўлади. Бу борган сари тажриба [билан келадиган ҳолат].

«Пробаподготовка» деган жараён бор, қўл билан қилинадиган иш. Бунга қўлингиз борган сари келишиб ёки хатоларни оддийгина пуф десангиз ҳам фоиз ўзгариб кетадиган ҳолатларни ўзингиз кўзингиз билан кўриб, шунга шундай қилиб қўйибман демасангиз, бефойда. Бунга 10 йиллар давомида вақт керак.

Судья: Тажриба керак.

Судланувчи И.М.: Агар 10 йиллик тажрибага эга одам суюқликни таҳлил қилганда этиленгликоль ва дециленгликол моддаси борлигини топган бўлса, демак, унинг миқдорини эталонсиз ҳам аниқлаб бера олади демоқчисиз, шунақами?

Эксперт: Агар сиз Ўсимлик моддалари кимёси институтига мурожаат қилсангиз, топиб беришади.

Судья: Саволлар бўлдими? Мутахассис сифатида бошқа [масала] бўйича чақирилгандилар, бошқа [масалага] кетиб қолди. Марҳамат.

Адвокат Мадаминов: Мутахассис эканлар, муҳтарам раислик қилувчи. Мутахассис бўлганда ҳам аниқ жавоб беряптилар. Расул ака, ҳозир сизнинг ўзингиз баклажкаларнинг мисолида келтирдингиз. Шартли равишда бир хил маҳсулот дейлик. Бир хил маҳсулот бўлган иккита объект битта приборга солинса, таркиби бир хил чиқиши керакми?

Эксперт: Бир хил чиқиши шарт.

Адвокат: Мана шу бир хил объект бир хил аппаратга солинди. Объект энди «Док-1 Макс». Мазкур ускуна битта ҳолатда бензоат топиб, бошқа ҳолатда бензоат тополмаслиги мумкинми?

Эксперт: Бу бензаотнинг қайси бири ҳақида гап кетаётганига боғлиқ. Одатда банзоат туз формада бўлса, ГХА топмайди. Лекин агар бензоат ўзи сувда эрувчан форма, масалан, натрий бензоат бўлса, бу бошқача савол. ГХА учун қийин нарса. Чунки унинг учиш температураси 400 дан ошиб кетиб қолади. Одатда тажрибамизда бунақа саволлар кўп бўлиб туради. Таққосланганда ҳар бир ўзгариш нима сабабдан деган яна қўшимча анализлар қилишга олиб келади.

Адвокат: Расул ака, ўзингизнинг гапингиздан келиб чиқиб, битта савол туғилди. Демак, бензоатларнинг тури кўп.

Эксперт: Масалан, натрий, калий, ликий бензоат бўлиши мумкин.

Адвокат: Хўп, боя айтганимиздек ГХА ускунаси бензоатнинг турини ҳам аниқлаб берадими?

Эксперт: Йўқ. Хоҳласангиз, интернетга «бензоат натрия температура» деб излаб кўрсангиз, тахминан 700 градус тепада, уни айтмайди. Агар бензо-кислотанинг ўзи ҳақида гап кетганда эди уни… (адвокат экспертни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Адвокат: Йўқ, мана, ГС 6890 МС 5973 М га маълум бир объект деб айтадиган бўлсак, бу бензоатнинг турини ҳам дарров спектрда чиқариб берадими?

Эксперт: Калий ёки натрий бензоат ҳақида гапиряпсизми?

Адвокат: Ҳа. Чиқармайдими?

Эксперт: Ҳа. Чиқармайди.

Адвокат: Фақат умумий бензоат деб беради, холос.

Эксперт: Умумий бензоатни билишингиз мумкин. Лекин калийми ёки натрий бензоатми, бошқасими, у қўшимча таҳлил талаб қилади.

Адвокат: Лекин агар биттасида калий, бошқасида натрий бензоат бўладиган бўлса, барибир бензоат деб чиқараверади-а?

Эксперт: Шунақа.

Адвокат: Тушунарли.

Адвокатларнинг илтимосномалари

Адвокат Йўлдошев: Ҳурматли раислик этувчи, ҳимоям остидаги Н.М.нинг сурункали гепатит касаллиги борлиги учун аниқлангандан буён тегишли мутахассислар кўригидан ўтиб турган экан. Йилда икки, ҳеч бўлмаса, бир марта текширувлардан ўтиши керак. Ҳозир қўлимда ВПК баённомасининг 253-сонли кўчирмаси бор. Шу кўчирмага асосан назоратда туриши ва даволанишга муҳтожлиги, сурункали касаллик билан касалланганлиги ва доимий назоратда бўлиши кўрсатилганлиги сабабли экспертиза тайинлашингизни сўрайман.

Судья: Ҳужжатларингизни беринг. Марҳамат, манфаатга тааллуқли ҳолатлар бўйича аниқлик киритамиз. Прокурор.

Прокурор: Қаршилигим йўқ, судга ҳавола қиламан.

Судья: Биз олдин бу касалликни ўрганайлик-чи, тушликдан кейин яна фикримизни айтамиз. Ҳурматли томонлар, бир нарсани тўғри қабул қилинглар. Бунинг учун машина ажратиб, судланувчини олиб бориш керак. Эрталабдан-кечгача машина туриши керак. Судланувчи А.А. мисолида бўлди. Олдинроқ кўтарилганда [судланувчиларни] биттада олиб борарди.

Адвокат Латипов: Ҳурматли раислик этувчи, жиноят иши материалининг 98-жилд, 126−129-иш варақларида бир журнал бор. Терговда терговчи томонидан кўздан кечирилган. Журнал тўлиқ кўздан кечирилган. Лекин унинг жадвалида 2022-йил 15 июндан, 2023-йил 10 февралга қадар бўлган қисмида ўша экспертлар кенгашларига тегишли варақлари акс эттирилмаган. Бундан ташқари журналда юқорида кўрсатилган вақт оралиғида ўтказган экспертлар кенгаши, яъни 12-сонли «Цинепар Кидс», 13-сонли «Кураракс» дори воситаларининг тайёр йўриқномалари берилганлиги ҳолатлари… (гапини тугалламайди — таҳр.).

Йўриқномалар қайси ҳолатда ва ким томонидан олиб кетилганлигини ўрганиш ҳимоямдаги Кариевга эълон қилинган айблов бўйича тўлиқ ва холисона қарор қабул қилиш учун муҳим аҳамиятга эгалигини ҳисобга олиб, ДХХ тергов бошқармасида сақланаётган мана шу журнални жиноят иши материалига қўшиб, далил сифатида текшириш учун судга тақдим этилиши юзасидан илтимосномани киритяпмиз. Кеча иш материалини кўрдик, унда фақат фотожамланма билан кўздан кечириш баённомаси турибди. Журналнинг ўзи йўқ.

Судья: Ҳамма қўшилади-а, Кариевнинг адвокатларига тааллуқли (адвокатлар розилигини билдирди — таҳр.). Бўлди, биз журнални олиш масалаларини кўрамиз.

Судланувчи Г. С.: Олдинги гал судда гаплашган комиссия аъзоларидан бири Ҳилола Ганиевани хизмат сафарида эканликларини айтгандингиз. Балки интернет орқали уланиш мумкин бўлса, тушдан кейин имкони борми?

Судья: Имкони йўқ.

Судланувчи Г. С.: Умуманми? Савол-жавоблар бор эди-да.

Судья: Имкони йўқ. Сабаби — опа терговда. Бош прокуратурада [йодомарин] билан боғлиқ жиноят иши доирасида опанинг ҳам масаласи кўриляпти, шекилли.

Тушлик танаффусидан сўнг суд ўз ишини давом эттирди.

Судья: Муҳтарам жараён иштирокчилари, биз илтимоснома бўйича айни пайтда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертиза стандартлаштириш маркази ходими бўлган Маматмусаевни чақириш масаласини кўрдик. Касал экан. Ҳамкасбларидан ҳам сўраб кўрсангиз бўлади. Шунинг учун имконимиз бўлмади.

Иккинчи масаламиз, [адвокат] Латипов, терговдан [журнал учун] ҳаракат қиляпмиз. Бугун олиб кел деса, бугун олиб келамиз. Келса, кейинги судгача танишиб чиқишингиз учун сизларга хабар берамиз.

Шундан сўнг суд экспертиза тайинлаш масаласида бир неча дақиқага маслаҳатга кириб кетди.

док-1 макс, судФото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Судья: Судлов ҳайъати қарорини эълон қилади. Адвокат Йўлдошев илтимосномаси қисман қаноатлантирилсин. Судланувчи Н.М.нинг соғлиғи юзасидан комиссион суд экспертизаси тайинлансин. Экспертиза ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали экспертлари зиммасига юклатилди. Экспертиза ўтказишда комиссия аъзолари қуйидаги тартибда белгилансин: етакчи эксперт сифатида республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали эксперти, комиссия аъзолари сафида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси мутахассислиги бўйича гепатолог шифокор бириктирилсин.

Мутахассиснинг олдига қуйидаги саволлар қўйилсин. Н.М.га қўйилган «Гепатит Б» касаллиги ташхиси тўғрими? Ташхис тўғри бўлса, аниқланган касалликлар унинг ҳаёти учун хавфлими? Бу касалликларнинг диагностикаси қандай? Инструментал ва лаборатор текширувлар амалга ошириш лозимми? Бемор шифокорнинг доимий назоратида бўлиши талаб этиладими? Н.М.да аниқланган касаллик унинг суд мажлисида иштирок этишида монелик қиладими? Унга қандай даво ва муолажалар қўлланилиши лозим. Судланувчи ўз вақтида даволанмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши мумкин? Н.М.да аниқланган касаллик белгилари унга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташга монелик қиладими?

Адвокат Худойберганов: Ҳурматли раислик этувчи, ҳамкасбим Ражабов томонидан киритилган илтимоснома бўйича [сўрамоқчи эдим]. Демак, [мутахассисларнинг] ҳеч қайси келмайди, тўғрими? Шундай тушунсак бўладими?

Судья: Ҳаммамиз биламиз, вазирлик ходимлари [устида] ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Эрталабдан кечгача терговга жалб қилинган. Мутахассис сифатидами, айбланувчи сифатидами, унисини билмадик. Болтабоеванинг ўринбосари бўлиб ишлаган ходимни изладик. Касал экан. Балки кейинги судга таклиф қилармиз.

Адвокатлардан бири: Раислик этувчи, ҳамкасбларим таъкидлаб ўтганидек, мазкур экспертиза хулосаси айбловга асос қилиб олинган-да. Айбловнинг бир қисми, ҳимоямиздаги Кариевда. Шунга ўтирибди. Ўзи буларнинг ҳаммасининг ҳозирги кунда статуси қанақалиги сўраш керак. Энди бизга жавоб бериши керак-да. Чунки қанчалик малакага эга, малакали хулосами ёки бошқачами деган масалалар бор. Шунинг учун сиздан шуни таъминлаб беришингизни сўрардим.

Судья: Тушунарли. Кейинги судда имкон қадар нечта ходим бўлса ҳам таклиф этишга ҳаракат қиламиз. Айнан Ҳилола опанинг терговда қанақа статусдалигини билмаймиз. Ҳаракат қиламиз. Бўлмаса, Маматмусаев[ни чақирамиз]. Келишдикми? Бошқа илтимосномалар, саволлар йўқми? (Жимлик- таҳр.).

Энди шунча одамни сўроқ қилдик. Жабрланувчиларимиздан келолмайдиганларидан аризалар оляпмиз. Келолмаганларининг кейинги судда кўрсатувлари ва аризаларини ўқиб эшиттирамиз. Эътирозлар бўлмаса, сизларга зарур бошқа гувоҳлар бўлса, чақириш имкони бўлмаса, уларнинг ҳам кўрсатувларини тергов жараёнида ўқиб эшиттириш масаласини кўрамиз. Агар томонларда бошқа илтимосномалар бўлмаса, эҳтиёт шарт, кейинги судда музокарага тайёргарлик кўриш сўралади.

Адвокатлардан бири: Кейинги судда вақт берасизми?

Судья: Агар сизларга вақт керак бўлса, кўрамиз. Шунинг учун олдиндан айтяпмиз.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли раислик этувчи, шу вақт масаласида [гапирмоқчи эдим]. Душанба, чоршанба, жума, уч кунлик жараён бўляпти-да. Охирги 4 ойда ҳамма протестларимизни сешанба, пайшанба кунлари битирганмиз-да. Амалий жиҳатдан ҳеч кимда вақт йўқ. Менда шунақа, қолганларни билмадим. Шунинг учун агар кейинги мажлисда суд тергови якунланадиган бўлса, ҳеч бўлмаса, суд иши кўриладиган бир кунга бизга вақт беришингиз керак. Сешанба куни бошқа иш билан шуғулланамиз, ёзолмаймиз.

Судья: Тушунарли. Тайёргарлик сўралса, биз мажбурмиз. Вақтдан ютқазмаслик учун тайёрлар бўлса, уларни эшитиб турамиз. Муддат сўраганларга муддат берамиз.