Яккасарой туманидаги 127-умумтаълим мактабининг биология хонасида шовқин-сурон. Юқори синф ўқувчилари синф хонаси деразалари остига жойлаштирилган, ёғочдан ишланган иккита иссиқхонани ўраб олган. Бу ерда ушбу митти иссиқхоналар октябрда пайдо бўлганди. Улар жами 60 та бўлмага ажратилган. Ҳар бир бўлмада ўқувчилардан бири томонидан экилган ўсимлик мавжуд. Ўқувчилар ўзлари эккан уруғдан униб чиққан кўчатларни қизиқиш билан томоша қиляпти — уларнинг бир нечтаси нозик танали митти дарахтга айланиб улгурган.

«Нега менинг дарахтим ўсмаяпти? Эҳтимол унга сув ёки ёруғлик етишмаётгандир? Бошқаларники, мана, аллақачон униб чиқди-ку!» — норози оҳангда сўрайди ўқувчилардан бири.

кўкаламзорлаштириш, гэф кгд, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши

Биология хонасига Тошкент ботаника боғи оранжереясининг ўсимликларни парваришлаш бўйича собиқ ходими, нодавлат-нотижорат «Индиго» ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакилларини ҳимоя қилиш жамияти асосчиси Павел Волков масъул. У болаларга ҳар бир ўсимлик ўзига хос эканлигини тушунтиради. Ўсимликнинг ривожланиши вақт талаб этади, қолаверса, бу ёруғлик даражаси, сув, ҳарорат ва тупроқдаги озиқ моддалар миқдорига ҳам боғлиқ. Ҳар қандай ўзгариш ўсимликларда стрессга сабаб бўлиши мумкин. Бу уларнинг ўсиши секинлашиши ёки тезлашишига олиб келади.

Павел болаларга ўсимликларни қандай етиштиришни илк бора ўргатаёгани йўқ. Бундай лойиҳани у биринчи марта қарийб уч йил аввал ўтказган. 2021 йил февралида «Индиго» ўзи ишлаб чиқарган иссиқхона қутиларини тўртта мактабга совға қилган. Жамият аъзолари болаларга яшил қопламнинг аҳамиятини тушунтириб, уруғ экишни ўргатган. Тажриба учун маҳаллий ва Ўзбекистон иқлим шароитига мослаштирилган етти турдаги дарахт танлаб олинган. Болалар иссиқхоналарда ўсимликларни парваришлаш ва суғоришни назорат қилишни ўрганган. Улар уруғларнинг қандай униб чиқиши, тириклик тупроқда ўзига қандай йўл топиши, дарахтларнинг илдиз тизими, танаси ва тожи қандай шаклланишини кузатган.

кўкаламзорлаштириш, гэф кгд, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши

«Тажриба охирида биз ўқувчилар ва ўқитувчилар билан биргаликда 80 фоиз кўчатларни мактаб ҳудудига ўтқаздик. Лойиҳани давом эттирмоқчи бўлиб, Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик. Аввалига ғоямиз қўллаб-қувватланди, бироқ қоғозбозлик, имзо йиғиш бошланди, биз музокаралар олиб борган вазир ўринбосари алмашди. Вазирнинг жавобини узоқ кутдик ва охирида мен бу лойиҳа устида ишлашни тўхтатдим», — дейди Павел Волков.

2022 йил охирида у Глобал экологик фонднинг Кичик грантлар дастури (ГЭФ КГД) сиймосида ўзига кўмакчи топди. Бунгача лойиҳа ўз ғоясини шакллантириб олганди. Муаллифлар уни Yashil Makon Maktab (сайт) деб номлади. Бу лойиҳа 2021 йил ноябрида президент Мирзиёев ташаббуси билан бошланган, мамлакатни кўкаламзорлаштиришга қаратилган Yashil Makon умуммиллий ҳаракатига янгича назар эди. «Индиго» ўз лойиҳасида аввалбошдан қабул қилинган дарахт экишга асосланган кўкаламзорлаштириш методологиясини кенгайтиришни таклиф қилади.

кўкаламзорлаштириш, гэф кгд, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш жамиятининг нуқтаи назарига кўра, лойиҳани амалга оширишда мактаб ўқувчилари иштирок этиши мумкин. Бироқ ғоянинг ўзи янада барқарор бўлиши учун кўкаламзорлаштириш кўчат ўтқазишдан эмас, балки уруғдан бошланиши лозим. Янги авлод уруғни ерга ўтқазишга тайёр ниҳолга айлантириш учун қанча меҳнат талаб қилиниши, бу жараён нақадар ҳайратланарли эканлигига бевосита ўз тажрибасида гувоҳ бўлса, ёш дарахтлар нотўғри парвариш туфайли нобуд бўлмайди, уларга кексаймасиданоқ кесишга шайланган қўллар кўтарилмайди.

ГЭФ КГД миллий координатори Алексей Волков «Индиго» лойиҳасида дастур томонидан ташаббусларни молиялаштириш учун танлаб олишда таяниладиган асосий тамойилларнинг акс этганига гувоҳ бўлди.

КГД фонд иш олиб бораётган иқлим ўзгариши, ердан барқарор фойдаланиш, сув ресурслари, яшил шаҳарлар каби соҳаларда табиатга фойда келтирадиган экологик ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Лойиҳалар барқарор, бутун мамлакат бўйлаб татбиқ этишга имконли ва инновацион бўлиши зарур.

Павел Волковнинг машғулотларида бирор бир илмий кашфиёт мавжуд эмаслигига қарамай, ГЭФ болалар билан ишлаш жараёнида инновацияларни кўрди. Миллий таълим дастурлари мактаб ўқувчиларини бунёдкорлик руҳида тарбияламайди; ўқувчилар Ватанга муҳаббат назариясини ўрганади, бироқ бунга қўл урмайди. Павел Волковнинг лойиҳасида эса болалар ғоятда қизиқарли ва муҳим иш қилаётганликларини ҳис қилади.

кўкаламзорлаштириш, гэф кгд, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши

Боз устига, аксарият мактаблар катта майдонларни эгаллаган. Қишлоқ жойларда уларнинг майдони ҳатто бир гектардан ҳам ошиши мумкин, дейди Алексей Волков. Тошкент шаҳрида 300 дан ортиқ умумтаълим мактаби мавжуд. Агар болалар ҳеч бўлмаганда ўз таълим муассасалари ҳудудида дарахт экишни бошласа, аҳоли пунктларининг сунъий йўлдош тасвирлари анча яшилроқ тус олади.

Сентябрда «Индиго» ниҳоят Yashil Makon Maktab ғоясини амалга оширишга киришди. ННТ Тошкент ботаника боғи ходимлари билан бирга Яккасарой туманидаги 10 та мактабда 8−10-синф ўқувчилари учун ўсимлик экиш бўйича маҳорат дарслари ўтказди. Муаллифлар ўсимликларни етиштириш учун иссиқхоналар йиғишди. Биология дарсларида болалар дарахт уруғларини экди. Бунда маҳаллий турларга устуворлик берилди, чунки улар Ўзбекистон иқлимига мослашган, шунингдек, ГЭФ КГДнинг фаолияти ҳам маҳаллий генофондни сақлашга қаратилган. Шундай қилиб, 127-мактаб ўқувчилари эман, каштан, ўрмон ёнғоғи (фундук) уруғларини экишди. Мактаб ўқувчилари биология ўқитувчиси билан алоҳида сабзи, пиёз, хонаки ва боғ гулларининг айрим турларини ҳам экишган.

кўкаламзорлаштириш, гэф кгд, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши

«Иссиқхона қутиларидан ўнлаб йиллар давомида фойдаланиш мумкин. Улар бутун йил давомида кўчат етиштириш имконини беради, чунки бу қутилар ўсимликлар учун табиий шароит вазифасини ўтайди, — дейди Павел Волков. — Ўқув йили давомида ҳар бир мактабда камида икки партия ўсимлик етиштирилиши мумкин. Тайёр бўлиши билан, уларни дарҳоз очиқ жойдаги тупроққа ўтказиш мумкин бўлади».

кўкаламзорлаштириш, гэф кгд, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши

Кўчатлар ўтқазилганидан кейинги дастлабки икки йил ичида уларни мунтазам кузатиш, парваришлаш, суғориш ва ўғитлаб туриш лозим. Шунинг учун, лойиҳа муаллифлари томонидан ўйлаб топилганидек, ёш дарахтларнинг тириклиги тўғрисида ўқувчиларнинг ўзлари қайғуради. Кўчатларнинг ҳар бир партияси уларни уруғлигидан эккан, ундирган ва ўтқазган синфга бириктирилади. Битирувчи синф ўсимликларга ғамхўрлик қилиш эстафетасини кичик синф ўқувчиларига топшириши мумкин.

«Индиго» ушбу лойиҳанинг ҳар бир босқичи болаларда экологик онгни шакллантиришига, уларнинг табиатга бўлган муҳаббатини кучайтиришга, болаларнинг табиатга ғамхўрлик қилишга одатланишига ва уларда сайёра келажаги учун жавобгарлик ҳисси кучайишига сабаб бўлишига қатъий ишонади. Бундан ташқари, лойиҳа давомида ўқувчилар ўсимликларга ғамхўрлик қилишни, уларни бегона ўтлардан тозалашни, тўғри суғоришни, кўчат сув ва ўғитга эҳтиёж сезаётганини аниқлашни ўрганади.

«Тажрибанинг мақсади — ўсимлик дунёсининг инсон ҳаёти ва умуман экотизим учун аҳамиятини болаларга тушунтиришдан иборат, — дейди Алексей Волков. — Хусусан, оддий уруғлардан мустақил равишда ҳар хил турдаги дарахтларни ўстиришга; бозордан тайёр кўчатларни сотиб олиш эмас, балки битта данак ё уруғдан бутун бошли дарахт етиштиришга ўргатиш. Дарахтларни бошқа усуллар билан етиштириш кўпроқ куч ва маблағ талаб қилади, бироқ уруғ бир йил ичидаёқ кўчатга айланади».

кўкаламзорлаштириш, гэф кгд, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши

Тажрибанинг дастлабки яққол натижалари баҳорда, дарахтлар очиқ жойдаги тупроққа ўтқазилганидаёқ кўзга ташланади. Мактаб ўқувчиларининг янада фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Yashil Makon Maktab лойиҳасида рақобатга ундайдиган компонент мавжуд. Топшириқни энг яхши бажарган ва энг кўп ўсимлик етиштирган мактаб ўқувчилари Угом-Чотқол миллий боғига сафар қилади. «Индиго» ННТ боғ раҳбарияти билан 2022 йилнинг кузида уч гектар ўрмонсиз боғ ҳудудини кўкаламзорлаштириш бўйича меморандум имзолаган. Бошқа мактаблар эса ўз майдонларига дарахт ўтқазади.

Лойиҳа якунида ўқитувчилар ўзлари иссиқхона ташкил этишлари, ўсимликлар етиштириш бўйича етарли билимга эга бўлишлари ва болалар учун дарс машғулотлари ўтказишлари учун қўлланма чоп этиш режалаштирилган. Лойиҳа «Индиго» назоратисиз давом этиши керак, дея таъкидлайди Павел Волков. Агар тажриба умуммиллий миқёсда ёйилса, мактаблар аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштиришда ҳаракатлантирувчи кучга айланишига ва шаҳарларни кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ муаммолар 3−5 йил ичида барҳам топишига Yashil Makon Maktab муаллифларининг ишончи комил.

кўкаламзорлаштириш, гэф кгд, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши

«Лойиҳамиз эл оғзига тушади, вазирлик ходимлари дарсларимизга ташриф буюриб, бошқа мактабларга ҳам бу тажрибадан ўрнак олишни тавсия этади, деб умид қиламиз», — дейди Алексей Волков.

Лойиҳа муаллифларининг фикрича, ҳар бир мактабда йилига 200 тагача кўчат етиштириш мумкин. Дарахтлар, биринчи навбатда, мактаб ҳудудига ўтқазилади. Бироқ, кўп ўтмай, болалар кичик уруғлардан униб чиққан минглаб гўзал дарахтлардан яшил келажакни қуриш учун мактаблари ҳудудидан ташқарига чиқишлари мумкин бўлади.