Нуриддин Ёқубжонович Мамажонов Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари — вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

У 1982 йил 27 июлда вилоятнинг Қувасой шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини ҳамда Марказий Богема университетини (Прага) тамомлаган. Европа амалий фанлар ва менежмент институтида (Прага) Бизнес бошқарув доктори (DBA) илмий даражасини олган.

Меҳнат фаолияти давомида Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлигида турли масъул лавозимларда ишлаган. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида, Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонасида фаолият олиб борган. 2022−2023 йилларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи бўлган.

Тайинловга қадар Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий дипломатия ва маданий ҳамкорлик департаменти директорининг биринчи ўринбосари — Халқаро иқтисодий ташкилотлар ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

2021 йил май ойидан 2023 йил ноябрга қадар Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи бўлиб фаолият олиб борган Иқболжон Эргашев президент қарорига асосан Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимига тайинланганди.