Олмалиқнинг «АГМК» клуби билан ўйинидан бир кун олдин «Ал-Иттиҳод» клуби ҳужумчиси Карим Бенземанинг меҳмонхонадаги хонаси эшигини «номаълум юқори мартабали шахслар» тақиллатган ва у билан суратга тушмоқчи бўлган. Бу ҳақда Championat.Asia хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, бу воқеа Каримнинг қайси хонада яшаши ҳақидаги маълумот «сизиб кетганидан» кейин содир бўлган. Олмалиқдаги учрашув олдидан Саудия Арабистони жамоаси футболчилари Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасига жойлашган.

Бу воқеадан кейин Бенземани қўриқлаш чоралари кучайтирилган. У билан бирга Ўзбекистонга шахсий қўриқчи келган, бироқ меҳмонхонадаги воқеадан кейин унга яна бир неча маҳаллий қўриқчилар бириктирилган.

«Биздаги маълумотларга кўра, бу Карим «Ал Иттиҳод»га ўтганидан бери биринчи шундай ҳолат», — деб ёзади нашр.

Championat.Asia, шунингдек, ўйиндан сўнг журналистлар учун ажратилган ҳудуд Бензема билан суратга тушиш учун келганлар билан тўлиб кетгани ҳақида хабар берган.

Эслатиб ўтамиз, 27 ноябрь куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Ўзбекистоннинг «АГМК» жамоаси ҳамда Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клублари ўртасида Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 5-тур учрашуви бўлиб ўтди. Унда меҳмонлар 1:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашувдаги биринчи голни 30-дақиқада марокашлик ҳужумчи Абдерразоқ Ҳамдалла «Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси Фабиньонинг узатмасидан сўнг урди. Орадан 4 дақиқа ўтиб, 32 ёшли форвард дубль қайд этди ва ҳисобдаги фарқни 2 тага етказди. Мезбонлар 78-дақиқада италиялик Мартин Боакьенинг голи эвазига ҳисобни қисқартирди.

Саудия Арабистони клуби ҳужумчиси Карим Бензема майдонда тўлиқ 90 дақиқа ўйнади, аммо ўз ҳисобига гол ёки ассист ёздириб қўя олмади. «С» гуруҳидаги бешта ўйиндан сўнг «Ал Иттиҳод» 12 очко билан биринчи ўринда, «АГМК» эса бешта мағлубият билан охирги ўринда бормоқда.