Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри ҳокими Ўктам Тўраев ички ишлар бўлими бошлиғига оғзаки топшириқ бериб, тадбиркорни 15 суткага қаматишга уринди, дея ёзмоқда Дарё.

Қайд этилишича, тадбиркор Шуҳрат Шерназаров Термиз шаҳрида аҳоли томонидан чиқинди контейнерларига ташланган чиқиндини ташиш билан шуғулланувчи «Био техно эко» МЧЖ раҳбари сифатида фаолият юритади. Ҳолат ҳокимнинг шахсий кабинетидаги йиғилиш пайтида содир бўлгани айтилган.

«Ҳоким йиғилиш пайтида шаҳар ИИБ бошлиғига топшириқ бериб, тезда олиб бориб 15 суткага тиқасан ва жаримага тортасан, деди. Кими келса ҳам чиқармайсан, деб топшириқ берди. Ҳоким мени қаматиш ҳақидаги гапидан олдин ёнига чақириб олиб, бўйнимга мушт қўйиб, ташкилот раҳбарларининг олдида итариб юборди. Йиқилиб тушишимга сал қолди, ўзимни ўнглаб олдим», — дейди у.

Тадбиркорнинг айтишича, ҳокимнинг оғзаки топшириғидан сўнг шаҳар ИИБ бошлиғи Ўткир Шукуров ходимларини чақирган.

««Горотдел»дан иккита бола келди. «Участковой»лар эмас эди. Келганлар ҳокимнинг хонасида қўлимга кишан тақишга уринди. Уларни итариб ташлаб, қўлимга кишан тақиш шартмас, ўзим бораман дедим. Мени «горотдел»га олиб кетишди. Соат тахминан 20:00 ларда олиб кетиб, 23:30 ларда қўйиб юборишди», — дея таъкидлайди «Био техно эко» МЧЖ раҳбари.

Шуҳрат Шерназаровнинг тушунтиришича, унга аҳоли томонидан шаҳарнинг белгиланмаган ҳудудига ташлаб кетилган чиқиндини ўз вақтида йиғиштириб олмаслик, шаҳардаги лотокларни тозаламаслик айби қўйилган.

«Фуқаро ишга кетаётган пайтда шошиб, чиқиндини белгиланмаган жойга, дейлик, йўл юзига ташлаб кетяпти. Изидан яна икки-уч киши шу ишни такрорлаб, шаҳарда чиқинди уюми пайдо бўляпти. Ҳоким эса менга шу белгиланмаган ҳудудга ташланган чиқиндини олмагансан, деган айбни қўйяпти. Бундай иш менинг мажбуриятимда йўқ. Бу ишни ободонлаштириш бошқармаси қилиши керак. Кейин яна менга «лоток»лар ичини ҳам тозаламадинг, деб зулм ўтказди. Мен эса чиқинди контейнерларидаги чиқиндини олиб кетишга ваколатли эканимни айтдим», — деди тадбиркор.

«Ҳоким ва унинг ўртасида шахсий адоват йўқ. Илгари қилинган иш учун ҳокимдан раҳмат эшитган пайтлари ҳам бўлган. Давлат ташкилотларининг корхонадан 1,5 миллиардга яқин, аҳолининг эса салкам 15 миллиард сўмлик қарздорлиги бор. Буни ундириш бўйича уларга ҳеч ким ёрдам бермаган», — дея тадбиркорнинг сўзларини келтирди Дарё.

Шуҳрат Шерназаров воқеани эсга оларкан, ҳоким зўравонлиги рўй берган йиғилишда 14−15 нафар ташкилот раҳбарлари билан бирга қонун ҳимоячилари ҳам бўлганини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, ҳокимнинг жаҳлини чиқарган яна бир ҳолат унинг ҳоким ёрдамчиси қилган қўнғироққа ўз вақтида жавоб беролмагани бўлган.

Термиз шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан раддия бериб, тадбиркорга жарима қўлланганини маълум қилди.

Ҳокимлик хабарига кўра, мутасаддилар, кенг жамоатчилик фаоллари иштирокида Термиз шаҳри бўйлаб бунёдкорлик ишларининг бориши кўздан кечирилганда чиқиндихоналарда тўпланаётган чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаётгани ҳақида аҳоли томонидан норозилик билдирилган.

«Ўрганиш жараёнидаги мазкур ишларга бевосита масъул ва жавобгар бўлган „Био техно эко“ МЧЖ томонидан чиқиндихонадаги чиқиндиларни олиб кетиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, ўзига юклатилган вазифаларни мунтазам равишда бажармасдан келаётгани ва шаҳарни ободонлаштириш қоидаларини бузгани сабабли ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши сўралган», — дейилади хабарда.

Шаҳар ИИБ томонидан тадбиркор Шуҳрат Шерназаровга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 161-моддасига (Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) асосан БҲМнинг 1 баравари, яъни 330 минг сўм миқдорида жарима қўллаш бўйича баённома тузилган.

Ҳокимлик матбуот хизмати «Газета.uz»га ҳоким тадбиркорнинг бўйнига мушт тушириб, ташкилот раҳбарларининг олдида итариб юборгани, соатлаб «қамалиб чиққани» ҳақидаги гапларни асоссиз эканини билдирди. Тадбиркор ИИБ бўлимига жарима бўйича протокол тузиш учун олиб борилгани таъкидланди.