Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни Саудия Арабистони инвестициялар вазири Ҳолид ал-Фалиҳ бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашувда Ўзбекистон билан Саудия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва шерикликни кенгайтириш, жумладан, олий даражадаги келишувларни сўзсиз амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшма фонд ташкил этилмоқда.

Саудия делегацияси ташрифи доирасида кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, IT ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида 12 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

саудия арабистони, шавкат мирзиёев, ҳолид ал-фалиҳ

Шунингдек, транспорт инфратузилмаси ва коммунал хўжалиги, геология, ирригация, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, олий таълим, меҳнат миграцияси бўйича умумий қиймати 11 миллиард долларлик янги лойиҳа ва дастурларни илгари суришга келишиб олинди.

Ўзбекистонда «яшил» энергетикани ривожлантиришда энг катта сармоядор ва стратегик ҳамкор бўлган ACWA Power компанияси билан ҳамкорлик алоҳида қайд этилди. Бугунги кунда компания билан биргаликда қиймати 7,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Президент Сирдарё вилоятида 1,5 гигаватт қувватли замонавий иссиқлик электр станциясининг фаолияти ҳамда Тошкент вилоятида «яшил водород»ни «пилот» тарзда ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ишлари бошланаётганини олқишлади.

саудия арабистони, шавкат мирзиёев, ҳолид ал-фалиҳ

Шунингдек, вазир Ҳолид ал-Фалиҳ Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги «кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси ва ҳар томонлама кўмаги» учун «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.