Андижон вилояти Жалақудуқ туманида хонадонларга имтиёзли нархда кўмир ажратишни ваъда қилган ҳоким ёрдамчиси ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Туман ҳокими ёрдамчиси Д.И. куз-қиш мавсумида кўмир ёқилғиси етказиб берилишини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси сифатида туман кўмир омборига назорат учун масъул этиб бириктирилган.

У шундан фойдаланиб, ҳудуддаги 44 та хонадон учун 38,1 тонна кўмирни имтиёзли нархда ажратиб бериш эвазига маҳалла фаоли М.А.дан 600 доллар пора талаб қилгани айтилмоқда. Пулдан 7 млн сўмини кўмир омбори ҳудудида ўзининг Nexia-2 автомашинасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани қайд этилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.