Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида қизамиққа чалинган болалар сони кескин ошиб кетаётгани тўғрисидаги маълумотлар тарқалди. Ушбу хабарлар сабаб Санитария-эпидемиология қўмитаси муносабат билдирди.

Қайд этилишича, вилоятда қизамиқ касаллиги билан гумон қилинган беморларни стационар даволаш учун 340 та ўрин ташкил этилган, бундан 240 шифо ўрни вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, 100 шифо ўрни вилоятнинг Бешкапа болалар сиҳатгоҳида ташкил этилган.

Шундан, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 240 ўринда 235 нафар бемор даволанмоқда, 5 та шифо ўрни захираси мавжуд. Бешкапа болалар сиҳатгоҳида эса 100 ўринда 2 ёшдан юқори беморлардан 20 нафари даволанмоқда, 80 шифо ўрни захираси мавжуд. Таъкидланишича, вилоятда жами 85 шифо ўрни захираси бор, 255 та бемордан 62 фоизи 1 ёшгача болалар, 25 фоизи 1−3 ёшдаги болалар. Бугунги кунда вилоятда диагностикум, реагент ва вакциналар етарлик миқдорда захираси яратилган.

Қўмита маълум қилишича, 2023 йил 10 ойи давомида вилоят бўйича жами 735 та қизамиқ касаллиги лаборатория текширувида тасдиқланган.

«Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан 3 млн доза қизамиққа қарши вакциналар харид қилинди. Ушбу вакциналар эпид кўрсатма бўйича эмланадиган қатлам, маълум сабабларга кўра эмлашдан қолиб кетган болалар ҳамда хавф гуруҳига кирувчи, қизамиқ касали бўлган бемор билан мулоқотда бўлган 6 ойдан 5 ёшгача бўлган болаларни эмлаш учун мўлжалланган, ва айни вақтда ҳудудларга тарқатилмоқда», — дейилади хабарда.