Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида 23 ноябрь тонгидан буён 3 марта ер силкиниши қайд этилди. Бу ҳақда ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази хабар қилмоқда.

Марказ соат 14:36 да 3-бор зилзила рўй берганини маълум қилди. Зилзила координаталари: 37,76 градус шимолий кенглик; 67,69 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=3,9. Чуқурлик 10 км. Сезилиш кучи:

  • Қумқўрғон туманида 3 балл, 16 км;
  • Шўрчи туманида 2−3 балл, 26 км;
  • Бандихон туманида 2 балл, 31 км;
  • Жарқўрғон туманида 2 балл, 35 км;
  • Қизириқ туманида 2 балл, 42 км.

Биринчи силкиниш эрта тонгда — соат 04:28 да қайд этилган. Магнитуда 3,4 ни ташкил этган. Иккинчиси эса соат 14:08 да кузатилди (магнитуда — 3,5). Эътиборли жиҳати, ҳар учала силкинишнинг эпицентри Қумқўрғон туманига тўғри келди.