Ерусти транспорт линияларига туташ ҳудудларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун бинолар яратишни назарда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, ерусти метро линиялари остидаги фойдаланилмаётган ерларнинг умумий майдони 100 минг квадрат метрни ташкил этиб, унинг камида 50 фоизи тадбиркорлар учун қўшимча даромад нуқтасига айланиши ва шу орқали аҳоли фаровонлигини ва ҳудудлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Таъкидланишича, ушбу биноларни сотиб олиш ёки ижараси нархи турар жой мажмуаларининг биринчи қаватларидаги нотураржой объектларига нисбатан анча ҳамёнбоп бўлади.

Синов тариқасида ўтган йилнинг ўрталарида 2-метро бекати яқинида тижорат бинолари очилди. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгач, уни 3 ва 4-станциялар оралиғида — аҳоли зичроқ жойлашган ҳудудларда амалга оширишга қарор қилинди. Кейинчалик биринчи босқичда «Роҳат» айланма йўлигача, иккинчи босқичда эса «Роҳат» айланма йўлидан «Қўйлиқ» бозоригача бўлган объектлар ташкил этиш режалаштирилган.

«Албатта, биз бундай иш суръати нормал эмаслигини тушунамиз, тезкор иш суръати маҳаллий аҳоли учун келтириладиган ноқулайликлар давомийлигини қисқартириш ва ушбу мавсумда қулай об-ҳаво шароитидан фойдаланиш истаги билан изоҳланади. Бу борада шаҳар ва туман ҳокимликлари бошлаган ишни тезроқ ниҳоясига етказиш учун бирлашди», — дейилади хабарда.

Ҳокимлик ушбу жойларни ижарага олиш ниятида бўлганлар 71 210 02 50 телефон рақамига мурожаат қилиши мумкинлигини билдирди.