Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, сўнгги етти йилда халқаро молия институтларининг 16 миллиард долларлик кредитлари ўзлаштирилган, 103 та лойиҳа ишга туширилган.

Бунинг натижасида 5 миллионга яқин аҳолининг кундалик ҳаёти яхшиланишига таъсир қилган 9 мингта ижтимоий ва инфратузилма иншоотлари қурилган ва таъмирланган. 38 та янги йирик саноат қуввати ишга туширилиб, 6,5 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилган.

«Лекин, ҳамма тармоқда ҳам натижадорлик бирдек эмас. Масалан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида жорий йилда 238 млн доллар халқаро молия институтлари маблағлари ўзлаштирилиши кутилмоқда. Бу мўлжалдан анча кам», — дейилади хабарда.

Умуман, сўнгги йилларда соҳага 2,4 млрд доллар жалб қилиниб, шундан 1,3 млрд доллари ўзлаштирилган. Лекин кечиккан лойиҳалар ҳам бор. Мисол учун, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида агрологистика марказлари ташкил этиш кечикмоқда.

соғлиқни сақлаш вазирлиги, халқаро молия институтлари, шавкат мирзиёев, қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “ўзсувтаъминот”

Соғлиқни сақлаш вазирлигида 877 миллион долларлик 11 та лойиҳа мавжуд. Уларнинг аксарияти амалга оширилмоқда. Лекин нефрология ва урология муассасаларини жиҳозлаш, пойтахтимизнинг Яшнобод туманида катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази қуриш, миллий референс лабораторияси ташкил қилиш лойиҳалари бўйича инвестиция ўзлаштириш бошланмаган.

«Ўзсувтаъминот» тармоғида қиймати 2,1 миллиард долларлик 22 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 8 та лойиҳанинг ўз вақтида ишга тушмаслиги эҳтимоли бор.

Йиғилишда таъкидланишича, бу кўп ҳолларда лойиҳа гуруҳлари фаолияти билан боғлиқ бўлмоқда.

Президент лойиҳалар бажарилишида вазирларнинг масъулиятини ошириш, ҳар бирини халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилиб бориш ҳамда маблағларни самарали ишлатиш бўйича кўрсатмалар берди.