Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат бозорларида бодринг ва узум нархининг кескин қимматлашгани юзасидан изоҳ берди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» ва «Чорсу» бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кунлик эълон қилаётган маълумотларига кўра, 8 ва 15 ноябрь кунлари бодрингнинг максимал нархи 9 минг сўмдан 25 минг сўмга, минимал нархи 4 минг сўмдан 20 минг сўмга ошган, Узум эса 8−45 минг сўмдан 45−90 минг сўмгача қимматлашган.

Бодринг

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бугунги кунда очиқ далаларда етиштирилган бодринг ҳосили йиғиштириб олиниб, истеъмолчиларга етказиб берилганини қайд этди. Очиқ далаларда етиштирган маҳсулотларнинг нархи мавсумда 1 кг учун ўртача 1,5−2,0 минг сўмни ташкил қилди. Олдинги йилларда ҳам ноябрь ойи ўрталарига келиб бодринг нархи ўсиши кузатилган. Жумладан, 2021 йилда олдинга ойларга нисбатан ноябрда 1,3 баробарга, 2022 йилда 1,9 баробарга ошган.

«Бу даврда асосан иссиқхоналарда етиштириладиган маҳсулотлар ички бозор ва экспорт учун чиқарилади. Иссиқхоналарда етиштириладиган бодринг асосан август-сентябр ойларида экилиб, ноябрь ойининг учинчи декадаси ва декабрь ойининг бошларида териш даври бошланади. 2023 йил мавсум бошида, яъни сентябрь ойларида табиий газ таъминоти масаласи тўлиқ ҳал этилмагунига қадар, иссиқхоналарда сабзавот экинларини экиш ишлари тўхтаб турди» — дейилади хабарда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27-октабрдаги 567-сонли қарори қабул қилиниб, иссиқхоналарга кафолатланган табиий газ етказиб бериш белгилангандан сўнг иссиқхоналарда экин экиш ишлари бошланди. Иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар ноябрь ойи 3 декадаси ва декабрь ойи бошидан терими бошланиши билан ички бозорда нархлар барқарорлашиши прогноз қилинмоқда.

Вазирлик бугунги кунда дунё бозорларида ҳам нархлар сезиларли кўтарилганини эслатиб ўтди. Масалан, 1 кг бодринг Россияда 1,1−1,7 доллар, Қозоғистонда 1,5 доллар, Полшада 1,6 долларни ташкил этмоқда.

Узум

Кўп йиллик мониторинг кузатишларга кўра, ноябрь-декабрь ойларида узум маҳсулотлари сақлаш учун жойлаштирилиши оқибатида унга бўлган нархларнинг ошишига олиб келинди. Хусусан, 2022 йилнинг ноябрь ойи нархи октябрга нисбатан 111,5 фоизга ошган бўлса, 2023 йилда мос равишда бу кўрсаткич 119 фоизга ўсган. Жумладан, маҳсулот нави бўйича «Ҳусайни» 15 — 25 минг сўм, тойфи 15−20 минг сўмни ташкил этган бўлса, ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган «Ризамат ота», «Мерседес» каби навларига талаб ошган (1 кг 90 минг сўм атрофида).

Бундан ташқари, 2023 йилда аномал совуқ таъсирида, токзорларда 18 фоиз маҳсулот йўқотилган. Бу ҳолат Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам кузатилган. Бу экспорт ҳажми тушишига ҳам таъсир этиб, январь-октябрь ойларида ҳўл ҳолдаги узум маҳсулоти экспорти 113 минг тонна (2022 йилга нисбатан 49 фоиз ёки -123 минг тонна кам)ни ташкил этди.

«Ташқи бозорда узумга бўлган талабнинг ошиши ҳамда нархларнинг юқорилаши ички бозорга ҳам таъсир этган, хусусан, 1 кг узум нархи Россияда 2−6 доллар, Полшада 2,9 доллар, Тожикистонда 2,2 долларни ташкил этмоқда. 2023 йил ноябрь ойидан коммуникация ва логистика харажатлари (хусусан, электр энергияси нархи 3 баробар) ҳам ошиши узум нархига таъсир кўрсатган», — дейилади хабарда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг ошишини «иссиқхоналарда қиш мавсумига тайёргарлик ишлари натижасида юзага келган табиий ҳолат» дея баҳолади. Ҳосил иссиқхоналарда йиғиб, бозорга етказилгач, нархлар барқарорлашади, дея кутмоқда вазирлик.