БМТнинг Болалар жамғармаси (UNICEF) ва Gavi вакцина алянси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига 3,4 миллион долларлик асбоб-ускуналар совға қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га UNICEF`нинг мамлакатдаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Gavi ёрдами Ўзбекистон бўйлаб тақдим этилган ускуналар ва чиқиндиларни бошқариш ресурсларини ўз ичига олади. Хайрия қилинган 3000 та планшет ва 221 та ҳароратни масофадан назорат қилиш тизимидан иборат АТ жиҳозлари Ўзбекистонда иммунизация дастурини модернизация қилишда аҳамиятли бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, UNICEF ва Gavi томонидан Андижон, Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларидаги 28 та соғлиқни сақлаш муассасалари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказини чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналари ва йиллик харажат материаллари етказиб берилди.

«Ўзбекистонда иммунизация дастурини рақамлаштириш ҳамда чиқиндиларни бошқариш амалиётини такомиллаштиришнинг бирга олиб борилиши вакцинация қамровини таъминлашдаги камчиликларни бартараф этишга, маълумотлар сифати ва ҳисоботини яхшилашга ёрдам беради. Бу Соғлиқни сақлаш вазирлигига вакциналарни тарқатиш бўйича кўпроқ асосли қарорлар қабул қилиш имконини беради ҳамда барча болалар учун, уларнинг яшаш жойи ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, асосий вакциналар ва хавфсиз тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлайди», — дейилади хабарда.

«8000 дан ортиқ эмлаш бўйича ходимлар ўз вақтида эмлаш қайд этилган ҳужжатлар билан танишиш ва иммунизация билан қамраб олиниши керак бўлган аҳолини аниқлаш имкониятига эга бўлади», — деди Gavi компаниясининг Ўзбекистондаги портфели бўйича катта менежери Ян Кастильос Франка.