Тошкент шаҳри Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тармоқларда тарқалган, мактаб директори ўқувчини ургани акс этган видео бўйича муносабат билдирди.

Видеода 4 киши акс этган: муштлашган икки ўқувчи, директор ва ички ишлар ходими. Лавҳада мактаб раҳбари бир боланинг юзига бир неча марта тарсаки туширгани, унинг орқасига тепиб, ҳақоратли сўз ишлатганини кўриш мумкин. Директор ўқувчига юзланиб, калтакланган боланинг «юзини тўғрилатиб келишни» буюрган. Орган ходими эса хонада ўтирганча суҳбатга қўшилган.

Бошқарманинг аниқлик киритишича, воқеа 19 сентябрь куни пойтахтдаги 217-мактабда рўй берган. 8-«Б» синф ўқувчилари А.М. ҳамда Ш. И. синфхонада муштлашган. А.М. синфдошининг юзига мушт тушириб, жароҳат етказган.

«Бундан хабар топган мактаб маъмурияти ўқувчиларни директор хонасига чақиришган. Мактаб директори Я.Ш. маъанавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Г. Х., Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҲПБ ВEМБ инспектор психологи, катта лейтенант М.И. гувоҳлигида ўқувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борган. А.М.га танбеҳ бериш чоғида мактаб директори жаҳл устида уни сўкиб, калтаклаган ва тартибга чақирган», — дейилади баёнотда.

Бошқарма ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари, мактаб маъмурияти, ўқитувчилар, ИИБ ходимлари ва ота-оналар иштирокида ҳам йиғилиш ўтказилганини қўшимча қилди.

Ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўрганилаётган таъкидланди.

ММТБ ўқувчиларга нисбатан зўравонлик ишлатиш, жумладан, уларни ҳақоратлаш, калтаклаш педагог этикасига тўғри келмаслиги, бунинг учун қонунчиликда жазо чоралари белгилаб қўйилганини эслатиб ўтди. «Юқоридаги каби хунук ҳолат педагог обрўсига путур етказади, холос», — деб тугалланган муносабат.