Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 автомобиль йўли кесишувида қуриладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, сўнгги йилларда мазкур икки йўлда қатнов ошган. Бўстонлиқ ва Паркент туманларига бораётган сайёҳлар сони ҳам аввалги йилларга қараганда бир неча баробар кўпайган, ҳали яна ошади. Қолаверса, ушбу чорраҳа келажакда Янги Тошкент шаҳрига олиб борадиган асосий йўлга айланиши кутилмоқда.

«Шуларни инобатга олиб, бу кесишмада транспорт боғламаси қуриш мўлжалланган. Лойиҳага кўра, бу ерда 1 та кўприк, 3 та туннель, 4 тадан айланма ва қўшимча йўллар барпо этилади. Буларнинг эвазига чорраҳа биронта ҳам светофорсиз — „яшил чорраҳа“ бўлади. Бу қулайлик натижасида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг вақти ҳозиргига нисбатан 20−30 дақиқага тежалади, ҳаракат хавфсизлиги ошади», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистон 24» телеканали хабарига кўра, чорраҳалар 4 гектар майдонни эгаллайди, йўлнинг умумий узунлиги 6,5 километрни ташкил этади. Ҳозирда лойиҳалаш ишларининг биринчи босқичи якунланган, ерости туннелини ётқизиш учун пойдевор тайёрланди. Йўл ва иншоотлар тўлиқ монолит конструкциядан қурилади ва 3500 та қозиқ ўрнатилади.

Амалга оширилган ишлар натижаларига кўра, йўлнинг ўтказувчанлиги соатига («Ўзбекистон 24» телеканалида «дақиқасига» дейилган бўлса-да, аслида «соатига» бўлиши керак — таҳр.) 8 минг автомобилни, учта йўл ўтказгич билан эса соатига 24 минг автомобилни ташкил этиши кутилмоқда. Маълум қилинишича, бунинг натижасида 1100 соат вақт ва 4100 литр бензин тежалади.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчисида учта туннель қуриш режалаштирилган: иккитаси Тошкент-Бўстонлиқ йўналиши бўйича, бу ерда ишлар бошланган ва ишни якунлаш 2024 йилнинг май ойига мўлжалланган, яна бир туннель Паркент-Тошкент йўналишида. Иккинчи босқич 2024 йилнинг ноябрида бошланиши ва 2025 йилнинг майига қадар якунланиши режалаштирилган.

Президент «Дўстлик-Қўйлиқ» ерусти метро линияси остида барпо этилаётган савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ҳам кўздан кечирди. Лойиҳа доирасида бу ерда 36 савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт ва болалар майдончалари, автотураргоҳлар барпо этилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги иншоотларда хавфсизликни таъминлаш, хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича масъулларга топшириқлар берди.