Дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

Жума куни Ўзбекистон ҳудудида жуда илиқ ва қуруқ бўлган об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида Навоий, Бухаро вилоятларида кечга томон баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Шамол 15−20 м/с гача кучаяди, ҳаво ҳарорати +22…+27 даража атрофида бўлади.

Шанба куни республика бўйича ёмғир ёғади, тоғларда баъзи жойларда кучли бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин, Сурхондарё вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларининг қуруқ ҳаво сақланиб туради.

Якшанба куни республиканинг катта қисмида ёғингарчилик тўхтайди, фақат Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларининг баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши, тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши мумкин.

Ҳарорат дам олиш кунлари кечаси +5…+10 даражагача, кундузи +13…+18 даражагача пасаяди. Баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди, 18 ноябрда 21−23 м/с гача кучайиши мумкин.

Тошкент шаҳрида жума куни ёғингарчилик кутилмайди. Шанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 19 ноябрь бироз ёмғир ёғиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 5−10 м/с тезликда эсади, 18 ноябрь 12−15 м/с гача кучайиши мумкин.

Ҳарорат бугун кундузи +24…+26 даража бўлади, 18 ноябрда +20…+22 даражагача, 19 ноябрда +16…+18 даражагача аста-секин пасаяди. Шанба куни ҳаво ҳарорати кечалари +7…+9 даражагача пасаяди.