Президент Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни халқаро молия институтлари (ХМИ) ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан амалга оширилаётган лойиҳаларни янада жадаллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Хусусан, 2028 йил 1 январга қадар бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ҳамда давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг товарларни (хизматларни) реализация қилишга доир айланмаси, шунингдек уларнинг импорти қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади.

Бунда товарлар ижтимоий соҳа ҳамда инфратузилмани ривожлантириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинадиган, давлат ташқи қарзи ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида сотиб олинган бўлиши лозим. Бундан тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган маблағлар мустасно.

Бир ой муддатда Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Солиқ кодексига мувофиқ, товарларни олиб кириш, шунингдек, ХМИ ва ДТХК кредитлари ҳисобига сотиб олинган товарларни (хизматларни) сотиш бўйича айланмалар солиқ солишдан озод қилинган.

Иқтисодиёт ва молия вазирининг собиқ ўринбосари Дилшод Султонов 2022 йил бошида «бизнес қарорлари ва рақобатга таъсир этувчи» имтиёзларни бекор қилиш чоралари ишлаб чиқилаётганини айтганди.

«Агар бу халқаро молия институтлари ҳисобидан амалга оширилса, импорт қилувчига товарларни қўшилган қиймат солиғи ва божхона тўловларисиз олиб кириш ҳуқуқини берадиган имтиёз мавжуд. Бу имтиёз [Солиқ] кодексида ҳам назарда тутилган… Аммо яна бир ҳолат борки, бу маблағлар бевосита хўжалик юритувчи субъектларга, масалан, айрим қувватларни қайта ташкил этиш учун эмас, балки тижорат банклари орқали тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилади», — дея қайд этган у.

«Агар сиз ўз ҳисобингиздан тўласангиз ва мен имтиёзли кредит олган бўлсам, сиз барча божхона тўловларини тўлайсиз, мен эса ҳеч нарса тўламайман. Ва бизнес қарорларини қабул қилиш жуда оддий бўлади: мен фойда олиш учун кредит олишга ҳаракат қиламан. Бундай бўлмаслиги керак», — деган вазир ўринбосари.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Шундай қилиб, халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг банклар орқали берадиган кредитлари ҳисобига сотиб олинган товарлар импорти ва айланмаси учун солиқ имтиёзлари бекор қилинади.